ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Бутун Ўзбекистон бўйлаб электромобиллар учун қувватлаш станциялари ўрнатилади»
  • 30.03.2022
  • 472

2022-2023 йилларда Тошкент шаҳрининг барча туманлари, шунингдек, республиканинг барча вилоят марказларида электромобиллар учун тезкор қувватлаш станциялари ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Фото: Megawatt Motors

 

Бу борада 28 март куни Ўзбекистон Экология қўмитаси ва Megawatt Motors компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Экология қўмитаси хабарида, қўмита Ўзбекистон давлат органлари орасида биринчилардан бўлиб ўз автопаркини босқичма-босқич электромобилларга ўтказишни бошлагани таъкидланган.

Spot маълумотига кўра, Megawatt Motors электромобиллар учун қувватлагичлар ўрнатиш режаларини 2020 йилдаёқ эълон қилган эди. Компания вакилининг нашрга маълум қилишича, биринчи босқичда 10 та зарядлаш станцияси ташкил этилган. Иккинчи босқичда яна 68та станция ташкил этилади, улардан 56 тасининг қуввати 60 кВт, 12 тасида 100 кВт бўлади.

 

Компания режаларига кўра, станциялар бутун Ўзбекистон бўйлаб – “ҳар 100 км масофада” ўрнатилади. Лойиҳанинг ҳисобланган қиймати 500 минг доллар бўлиб, уни компания тўлалигича ўз ҳисобидан молиялаштиради.

Plugshare харитасига кўра, ҳозир Ўзбекистонда 42 та зарядлаш станцияси бор. Улардан 22 таси пойтахт Тошкентда, 4 таси Тошкент вилоятида жойлашган; шунингдек, Самарқанд, Қарши, Наманган, Қўқон, Фарғона ва Навоий вилоятларида ҳам электромобилларни қувватлаш станциялари бор.

Ўзбекистонда зарядлаш станциялари ўрнатиш билан Makro ва TokBor брендлари ҳам шуғулланиб келмоқда.

Давлат статистика қўмитасидан маълум қилишларича, 2022 йилнинг январ-феврал ойларида Ўзбекистонга 228 та электромобил импорт қилинган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 3 баробарга кўп.

Электромобилларнинг деярли барчаси Хитойдан импорт қилинмоқда. 228 дона маҳсулотнинг умумий қиймати 5,9 млн долларни ташкил этган.

Аввалроқ Иқтисодиёт вазирлиги электромобилларни оммалаштириш бўйича кенг қамровли президент қарори лойиҳасини эълон қилган эди.

 

Манба: https://kun.uz/news/2022/03/30/butun-ozbekiston-boylab-elektromobillar-uchun-quvvatlash-stansiyalari-ornatiladi

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>