Янгиликлар
БИР МАСАЛАГА ТУРЛИЧА ЁНДАШУВ ВА ТАЛҚИН ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ? ёхуд электр энергияси импорти ва экспорти масалалари
  • 05.12.2019
  • 1331

     БИР МАСАЛАГА ТУРЛИЧА ЁНДАШУВ ВА ТАЛҚИН ҚАЧОНГАЧА ДАВОМ ЭТАДИ?

ёхуд электр энергияси импорти ва экспорти масалалари

     Ҳеч кимга сир эмас, замонавий турмуш тарзимизга ҳар жиҳатдан оммавий ахборот воситалари ва интернетдаги медиа-маконнинг таъсири йилдан-йилга, кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу дунё ҳамжамияти, давлат ташкилотлари ва жамоатчилик ўртасида узвий алоқа ўрнатиб, мавжуд муаммо ва ютуқлар, таъбир жоиз бўлса, ўша куниёқ, ўша соатдаёқ муҳокама этилишига, маълум маънода ечим топилишига, хавфнинг олди олинишига, ахборот эркинлигининг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари бажарилишига хизмат қилмоқда.

     Бироқ...

     Бироқ бир масалага турли томондан ёндашув, нотўғри талқин, «жарангдор» ва «ваҳимали» сарлавҳалару бирорта суриштирув ва ўрганиш натижаси бўлмаган «ҳаволали жумлалар»дан иборат матнлар жамоатчиликни маълум маънода саросимага солиб қўяётгани ҳам рост.

     Нима эмиш, Ўзбекистон Турманистондан электр энергиясини импорт қилиши муносабати билан Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилишни тўхтатибди...

     Аввало, бу иккита масалани бир-бирига боғлаш мутлақо нотўғри! Иккинчидан, Тожикистон Республикасидан импорт қилинган электр энергия амалиёти тугатилганига қарийб 3 ой бўлди! Бу ҳақда энди хабарлар эълон қилишдан қандай наф кўзланган?!

     Kun.uz сайтида эълон қилинган «Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси экспорт қилишни тўхтатди» номли хабарнинг ҳаволаси негадир очилмаяпти (чегараланган сайт бўлиши мумкин).

     Ушбу масалада мурожаат қилган kun.uz мухбирига ҳаққоний маълумотларни билдириш орқали жамоатчиликда тўғри фикр-муносабат шаклланишидан умидимиз бор. Аммо эътирозимиз ҳам борки, юқоридаги хабар аввал ўрганилиб, сўнг эълон қилинганда бир неча минг кишилик аудитория, умуман олганда, жамоатчиликда нотўғри фикр шаклланмаган бўлар эди. Медиа-маконда ўрганилмаган, шов-шувли хабарни биринчи бўлиб эълон қилиш «эстафетаси» алал-оқибат давлат ва жамиятга зиён келтирмоқда.

     Энди электр энергия импорти ва экспорти масаласи...

 

     Ўзбекистонга Тожикистондан электр энергия импорти бўйича расмий маълумот

 

     2019 йил 3 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг қарори ва энергетика ҳамда сув манбалари мувозанатини барқарорлаштириш, мамлакатимиз истеъмолчиларини узлуксиз электр энергияси билан таъминланиш, шунингдек, 2019/2020 йиллар куз-қиш мавсумига электр ускуна ва жиҳозларни сифатли тайёрлаш мақсадида 2019 йил 5 апрелда Тожикистон Республикасининг «БАРКИ ТОЧИК» очиқ акциядорлик холдинг компанияси ва «Ўзбекэнерго» АЖ ўртасида Тожикистондан 2019 йил апрель-сентябрь ойларида электр энергияси импорти бўйича шартнома имзоланган эди.

     Қишлоқ хўжалигини суғориш мавсумида, яъни Тожикистон гидроэлектр станциялари сув омборида тўпланган сувларни сарфлаш жараёнида ишлаб чиқарилган электр энергияси импорт қилиш ҳисобига (жами 1,57 млрд.кВт•соат) Ўзбекистон электр энергия тизими қуйидаги натижаларга эришди:

     - Ўзбекистонда мавжуд бир нечта иссиқлик электр станцияларида ёқилғи сарфини, аниқроғи 480,0 млн. метр куб миқдорида табиий газ иқтисод қилинишига;

    - қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга қўшимча сув ҳажми олиниши, яъни табиатда сув айланиши табиий жараёнида Тожикистондаги дарёлар орқали мамлакатимиз сув ҳавзаларига кириб келадиган сув оқимини меъёрий даражадан тушиб кетмаслигига;

   - ўтган куз-қиш мавсумида юқори юкламада ишлаган иссиқлик электр станциялар блокларини жорий таъмирлаш, магистрал электр тармоқларини текширувдан ўтказиш ва ҳоказо амалиётларни бажаришга. 

     Энг муҳими, Ўзбекистон энергетика тизими учун электр энергиясини импорт қилиш табиий газ, кўмир, мазут ва бошқа нефть маҳсулотлари сарфини камайтириш ҳамда уларни куз-қиш мавсуми учун захира қилиш имконини беради.

 

     Тежамкорлик маданияти бизда қачон шаклланади?

 

     Шу ўринда бир савол туғилади... Хўш, апрель-сентябрь ойларида Тожикистон гидроэлектр станцияларидан электр энергияси импорт қилиш ҳисобига нефть-газ маҳсулотлари тежалибди ва захира қилинибди, қани улар?

     Ҳар куни иссиқлик электр станцияларида 49-52 млн куб табиий газ ва 1000 тонна атрофида мазут, 16000 тонна кўмир ва бошқа нефть маҳсулотлари ёқилмоқда (айни кунлардаги кўрсаткич). Атмосферага чек-чегараси йўқ зарарли газлар тарқалмоқда ва экологик мувозанатга жиддий зарар етказилмоқда.

     Тўғри, «яшил энергия» тизимига ўтиш бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Шамол электр ва фотоэлектр станциялари, атом электр станцияларини қуриш ва эксплуатация қилиш юзасидан ҳукуматлараро инвестицион дастурлар қабул қилинган, лойиҳалаштириш талаблари тасдиқлангач, қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам дунё давлатлари каби энергетика соҳасида қайта тикланувчи энергия салмоғини ошириш учун бир қанча ишларни амалга оширмоқда.

     Саволга жавоб ва масалага ечим — ўзимизда, истеъмолчиларда! Истеъмолчи деганда ҳам жисмоний шахслар (абонентлар), ҳам юридик шахслар (саноат корхоналари) назарда тутилмоқда. Энергиятежамкорлиги ва энергиясамарадорлиги — бу, аввало, маданият белгиси! Бу биз келажак авлодларга қолдираётган табиий бойликлар ва экологик муҳит!

     Биргина мисол: 2019 йил сентябрь ойининг 4-санасида 158,52 млн. кВт•соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлса, декабрь ойининг 4 санасида 203,97 млн. кВт•соат электр энергияси истеъмол қилинган. Бу қарийб 30% га кўп дегани.

     Хўш, нима учун бунча кўп?

     Тасаввур қилинг: табиий бойликларимиз (табиий газ, кўмир, мазут) ёқилиб, иссиқлик энергияси ҳосил қилинади, иссиқлик (буғ-газ) энергиясидан механик энергия, механик энергиядан электр энергияси, энг қизиғи, истеъмолчига минг машаққат ва технологик сарфлар (йўқотишлар!) билан етказилган электр энергия яна спиралли қўлбола печлар ёрдамида иссиқликка айлантирилади! Ушбу жараёнда, таъбир жоиз бўлса, МАНТИҚ деб аталмиш тушунча йўқдек.

     Ахир электр энергияси тежалса, ундан самарали фойдаланилса ўша тежалган газ ва кўмир хонадонларни иситиш учун етиб боради-ку!

     Ёдда тутинг, бехуда ёниб турган электр чироғи ва бехуда ишлаётган электр жиҳози аслида қимматбаҳо ва тугаб бораётган табиий газ дегани!

     Энди ўзингизга шу саволни беринг: менинг энергия тежамкорлик ва самарадорлик маданиятим қай аҳволда? Келажак авлод, яъни ўз фарзандларимга қандай мерос, қандай экологик муҳит  қолдираяпман?!

 

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари»
акциядорлик жамияти бошқарув
раисининг матбуот котиби

 

Каналга аъзо бўлинг!   t.me/uzmetaxborotxizmati

>