Янгиликлар
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув аппаратининг ишчи мажлисида сайловолди ташвиқотига доир муҳим масалалар ҳам муҳокама этилди
  • 21.11.2019
  • 944

   Бугун, 2019 йилнинг 21 ноябрь куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув аппаратининг ишчи мажлисида ташкилот фаолиятига боғлиқ муҳим масалалар, жумладан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг якуний босқичи, жорий таъмирлаш амалиётлари, инвестицион лойиҳалар бўйича олиб борилаётган ишлар, ижро интизоми ва шунга ўхшаш масалалар муҳокамаси доирасида сайловолди ташвиқотига доир масалалар ҳам муҳокама этилди.

   Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Хидирова, Юридик бошқарма бошлиғи Ш.Аҳмедов ва Ахборот хизмати раҳбари У.Урунов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси, яъни 2019 йил 22 декабрь куни (соат 8:00 дан 22:00 га қадар)  ўтказилиши ва унда Жамият тасарруфидаги барча бошқарма, бўлим, филиал ва хизматларда меҳнат фаолияти олиб бораётган ишчи-ходимлар ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда фаол эштирок этишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

   Ижозатингиз билан сайловчилар эътиборига қуйидаги тавсияларни ҳавола этамиз.

   САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ НИМА?

   Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.

   ТАШВИҚОТ ҚАЧОНДАН БОШЛАНАДИ ВА ҚАЧОН ТУГАЙДИ?

   Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан бошланади.

   Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.

   ТАШВИҚОТ ВАҚТИДА НИМАЛАР ТАҚИҚЛАНАДИ?

   Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади.

   ТАШВИҚОТ ҚАНДАЙ ШАКЛ ВА УСУЛЛАРДА ОЛИБ БОРИЛАДИ?

   Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

   Ташвиқот:

   - оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;

   - босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

   - сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.

   Ташвиқот ишлари олиб боришда Сайлов кодексида тақиқланмаган бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин.

   САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИДА ИМКОНИЯТЛАР ТЕНГЛИГИ ҚАНДАЙ ТАРТИБДА ТАЪМИНЛАНАДИ?

   Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.

   Давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

   Нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

   Оммавий ахборот воситалари томонидан эфир вақти, нашр майдони учун белгиланадиган ҳақ тўлаш шартлари ҳамда бошқа талаблар барча учун тенг ва бир хил бўлиши керак.

   ТАШВИҚОТ МАТЕРИАЛЛАРИ УЧУН ҚАНДАЙ ТАЛАБЛАР БОР?

   Ташвиқот материаллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тайёрланиши керак.

   Босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларида:

   - ташвиқот материалларини тайёрлаган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ва у ҳақдаги бошқа маълумотлар;

   - ташвиқот материалларига буюртма берган юридик шахснинг номи (жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми);

   - ташвиқот материалларининг адади, чиқарилган санаси тўғрисидаги ахборот кўрсатилган бўлиши керак.

   САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАР ҚАНДАЙ ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ КЕРАК?

   Сайловчилар билан учрашувларни ўтказиш жойи ва вақти ҳақида округ ёки участка комиссиясига маълум қилинади, мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади.

   Тегишли ташкилотлар учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

   БИР НОМЗОД БОШҚА БИР НОМЗОД ТОМОНИДАН ТАШКИЛ ЭТИЛГАН САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРДА ИШТИРОК ЭТИШИ МУМКИНМИ?

   Ҳа мумкин. Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.

   ТАШВИҚОТ ОЛИБ БОРИШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ҚАНДАЙ ЖАВОБГАРЛИК БОР?

   Сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартиби номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили ёки мансабдор шахс томонидан бузилиши 1 млн 561 минг сўмдан 2 млн 230 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.

   Эслатма: ташвиқот давомида нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

 

Манба: t.me/huquqiyaxborot

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>