Гар ўшандоқ гапирсам онам хафа бўладигандай. Чунки мен айнан мана шу тилда оромбахш аллалар тинглаб улғайдим! Бу мўътабар қўшиқ сўзлари майин оҳанг оғушида ҳар зарра қонимга довур сингиб, сўрилиб кетган. Ажаб эмаски, онажонимнинг юраги остида митти вужуд бўла туриб ҳам ташқи муҳитдан таралаётган туркий товушларни таниб ва танлаб ётган бўлсам?!
Бу сўзларим кимлар учундир эриш туюлиши ҳам мумкин. Чунки тегра-атрофимизда фақат паспорт маълумотларидагина “ўзбек” дея қайд этилган, аммо бегона тилларда бийрон сўзлаб, ўз она тилини унутаёзганлар ҳам оз эмас экан. Баъзида кўча-кўйдаги қулоққа чалинган суҳбатларни эшита туриб, “хайриятки, мустақилликка эришибмиз, мабодо яна бирон йил кечикканимизда борми?..” дея ўзим билан ўзим баҳсга киришиб кетаман.
Негалигини билмадим-у, лекин мен юрт ҳақида, миллат ҳақида ва албатта тил ҳақида гапирганимда эҳтиросга бериламан. Бу мавзуларни эҳтироссиз гапириб бўлмаса ҳам керак аслида. Мисол тариқасида “Миллий тикланиш” газетасининг жорий йил 22 сентябрдаги 33-сонида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошевнинг “Тил – миллий руҳ учун асосий қўрғон” номли мақоласини айнан мана шундай куюнчаклик билан ёзилган, дейиш мумкин. Унда келтирилган бир оғиз парча сўз менинг юрагимни “парчалади” десам ишонаверинг! “Компьютер валийлари томонидан шу асрнинг охирига бориб йўқолиб кетиши башорат қилинган ўттизта миллий тил орасида бизнинг неча минг йиллик тарихга эга она тилимиз ҳам кўрсатилгани ушбу мақолада нолиш оҳангининг бироз кучайишига сабаб бўлди”, дейди муаллиф. Мен учун ушбу сўзларнинг ким томонидан эътироф қилинаётгани муҳим эмас, балки бу башоратда ҳам жон бордир, аммо ҳар не ҳолатнинг юз беришида ҳаммамизнинг иштирокимиз мавжудлигини унутмаслигимиз керак.
Баъзи бировларга “ўз она тилимизга ҳурматда бўлайлик, имкони борича соф ўзбекча суҳбатлашайлик” деган сўзни айтсанг, “нима бўпти, қориштириб гапирсак ҳам бир-биримизни тушунсак бўлди-да, тилчи бўлмасак, шоир бўлмасак...” деган иддаосига дуч келамиз. Нега ахир, миллат ва тил тақдирига бефарқ бўлмаслик учун айнан шоир ёки тилшунос бўлиш шартмикан?! Бундай жавобни бериб турганларни ким деб аташга ҳам ҳайрон қоласан, киши. Уларга нисбатан яна муҳтарам олимимизнинг аччиқ сўзларини йўллашдан бошқа чора қолмайди: “Ўз уйингда, ўз юртингда, ўз миллатинг тилини олдинга суришни истамаяпсан экан, демак сен кимникидирсан. Ўзбекники эмассан!..”
Дадил илк қадамнинг давоми
Бундан роппа-роса 32 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган эди. Бу Қонунни ҳеч шубҳасиз, халқимизнинг мустақиллик учун қўйилган дастлабки ва дадил қадами дейиш мумкин. Яратган Эгамдан сўраганимиз бор экан, Мустақилликка ҳам эришдик! Аммо ўтган йиллар мобайнида гоҳ иқтисодий, гоҳ ижтимоий масалаларнинг кўндаланг келиши Она тилига бўлган эҳтиромнинг бироз четга сурилишига сабаб бўлди, дейиш мумкин. Шундай бўлса-да янги алифбони жорий этиш, уни такомиллаштириш масалалари кун тартибига бот-бот чиқиб тургани ҳам бор гап.
Аммо алоҳида қайд этиш керак, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 20 октябрдаги ПФ-6084-сонли Фармонлари мазкур масаладаги барча ишларимизга кўламдорлик бахш этди. Мазкур муҳим ҳужжатлар асносида мамлакатимиздаги мавжуд барча ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи иш ўринлари жорий қилинди. Бу эса, албатта турли тизимларда давлат тилида иш олиб бориш жараёнидаги мавжуд мураккабликларнинг олдини олади.
Ҳозирда мен ҳам Энергетика тизимидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида маслаҳатчи сифатида фаолият олиб боряпман. Тан олиб айтиш керак, узоқ йиллар ёппасига “умумтил” дея эътироф қилинган ва шу асосда иш олиб борилган энергетика тизимларида қўққисдан давлат тилини татбиқ этиб бошлаш табиийки, осон кечмайди. Шу десангиз, то ҳали-ҳануз рус тилида берилган номлар “яшаб келмоқда”. Бу эса келгусида қилинадиган ишларимизнинг анча мўл эканлигини кўрсатиб турибди.
Асосий байрамларимиздан бири
Биз нишонланадиган яхшилик кунлари, байрамлари кўп халқмиз. Айниқса, Она табиат билан уйғунлашиб кетган муҳим саналаримиз борки, бу ҳам бўлса элимиз ва тилимизнинг нечоғлиқ қадимийлигидан далил ташийди.
Ниҳоят 2020 йил 10 апрелда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бутун халқимиз учун қувонарли ҳол бўлди, десам муболаға бўлмаса керак. Ушбу Қонун билан ҳар йили 21 октябрни “Ўзбек тили байрами куни” сифатида кенг нишонлаш белгиланди. Эндиликда бу кун бутун мамлакатимиз бўйлаб катта шодиёна тарзида қаршиланади. Бу байрамни мен қадр бобида Мустақиллик байрамидан кейин турадиган шодиёна кун ҳисоблагим келади. Зеро, бутун дунё халқлари учун ҳам ўз она тили миллий-маданий ўзак демакдир. Тил масаласига биргина мулоқот манбаи сифатида қараш жоҳилликдан бошқа нарса эмас, назаримда. Шундай экан тилнинг софлигини сақлаган ҳолда ёш авлодга етказилиши халқ тараққиёти ва унинг ёрқин келажагини белгилаб берувчи омиллардан биридир.
Отамиз олиб берган “улов”
Бизнинг табиатимизда нима учундир анчайин зориқиш ё бўлмаса зўриқишлар эвазига қўлга киритилган неъматларга нисбатан эъзоз ва эътиборимиз ўзгачароқ бўлиб келган. Қолган нарсаларни бироз назардан четроққа суриб қўямиз. Менимча тил масаласи ҳам айнан мана шу “суриб қўйилган”лар сафида қолиб ётибди. Чунки бизнинг ҳеч биримиз она тилимизни ҳимоя қилиш борасида ҳеч қандай жонбозликлар кўрсатмадик, янаям тўғрироғи, бунга катта эҳтиёж сезилгани ҳам йўқ. Ахир ўз ватанимизда эмин-эркин яшаб келмоқдамиз, дастурхонимиз – тўкин, уст-бошимиз – бут, ҳуқуқимиз – ўз қўлимизда.
Унасангиз, она тилимизга ҳар биримизнинг шахсий муносабатимизни кўзда тутиб, бир сўз айтаман:
Кўча-кўйда машинасини маҳмадоналарча бошқариб кетаётган ёш-ялангларга қарата: “Бу бола отасининг пулига келган уловда кетяпти шекилли, ўзининг бели оғриб топмагани билиниб турибди” деган гаплар қўлланилади. Айнан мана шу муқояса бугунги бизнинг ҳолимизга ҳам шарҳдир, аслида. Бу юртнинг ҳақиқий Юрт бўлиши учун, халқини тобелик ботқоғидан олиб чиқиш учун не-не қурбонлар берилмаган, дейсиз?! Мол-дунё илинжида нафси ҳакалак отиб, кўзлари қонга тўлиб, бостириб келган ёғийларга қарши не бир қирғинбарот жангларнинг шоҳиди бу тупроқ. Минг афсуски, бу эртакнамо саҳналар аксариятимиз учун кино тасмаларидаги шунчаки бир ёзиқ сингаридир. Юқоридаги сўзимизга улаб айтадиган бўлсак, ота-боболаримиз олиб берган “уловни гижинглатиб юрибмиз”. Бунга эришмоқ ортидаги заҳмат ва машаққатларни ўйлашга кўпчилигимизда “вақт етишмайди”, чунки шошиб турибмиз, бундан-да муҳимроқ ишлар кутяпти, шундай эмасми?!
Бу кесатиқнамо гапларни айтишдан мақсад битта, у ҳам бўлса жамоатчиликни бироз миллатпарварликка, элпарварлик ва тилпарварликка чорлашдир. Мен шу фикрни комил ишонч билан айта оламанки, агар қалбимизда ЭГАЛИК ҲИССИ ва МИЛЛИЙ ҒУРУР ТУЙҒУСИни пайдо қила олмас эканмиз, орзуларимиз орзулигича қолаверади.
Ўзликни таниб, уйғониш
Учинчи ренессанс – УЙҒОНИШ даврини бошлаб бериш сиз-у бизнинг чекимизга тушган, азиз замондош! Бу тушунча қайтадан туғилмоқ, янгиланиш ва эврилиш деган маъноларда бўй кўрсатади. Биз эса мана шу юксак тушунчаларга пойдевор яратмоғимиз, ёш авлод қадамларига елка тутмоғимиз керак. Бунинг учун аввало ўзимизни, ўзлигимизни чуқур ҳис қилишимиз талаб этилади. Олтин ҳалқалардан иборат ЎТМИШ – БУГУН – КЕЛАЖАК занжирининг узвийлиги ва шу билан бирга мустаҳкамлигини таъминлаш осон кечмаслиги тайин.
Бундай улуғвор Мақсад сари мардона қадам ташлаш аввало Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи бўлган Она тилимизга эҳтиром кўрсатишдан бошланади. Қолаверса, ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлайди, кун сайин юксалиб боради!
ВАТАН - ОНА БЎЛСА
Яратганнинг инояти-ла,
Туғилгайдир ҳар битта гўдак.
Ва кўксида, айтишларича –
Урар экан бемиллат юрак!
Унда ҳали тил йўқ сўзлашга,
Ингранади гоҳи безабон.
Соч толадек томирларида
Оқар фақат бобомерос қон.
Туғилибоқ ёруғ дунёнинг
Нурларидан қамашиб кўзи.
Онасининг қайноқ бағридан
Паноҳ излаб топади ўзи.
Томир отар эгалик ҳисси –
Эмар экан меҳр ва оқ сут.
Шу лаҳзадан боргайдир ўсиб –
Юрагида Ватаний мақсуд.
Ва бошланар ширин бир хониш,
Киприклари туташган палла.
Бошлаб берар мурғак уйғониш –
Ухлатмоққа айтилган алла.
Она тилда Она тилидан –
Юрагига қўшиқ қуйилар.
Энди унинг тасаввурида
Ҳаёт ҳикмат бўлиб туюлар.
Юрт ишқига юрагинг тўлса,
Тупроғини ўпиб, тавоф қил.
Ўзбекистон Онамиз бўлса –
Оқ сутидир Ўзбекона тил!
Ориф ТЎХТАШ
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раиси маслаҳатчиси,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир