ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Қирғизистондаги “Тоқтогул” сув омборида сув сатҳи “ўлик чегара”гача тушиши мумкин. Бу Ўзбекистонга ҳам таъсир қилади
  • 02.11.2021
  • 290

  Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган “Тоқтогул” сув омборида сув сатҳи камайиб бормоқда. Бу – минтақанинг энергетика тизими ва қишлоқ хўжалигига салбий таъсир қилади.

Фото: Mykgstan.com

  Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, “Тоқтогул” сув омборининг сув сатҳи “ўлик чегара” даражасигача тушиши эҳтимоли бор, деб маълум қилди Қирғизистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Таалайбек Ибраев.

  Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат минтақада келгуси йил вегетация даврига муваффақиятли ўтишга имкон бермайди ҳамда “Тоқтогул” сув омборига туташ дарёлар оқиб ўтадиган Қирғизистон ҳудуди ва қўшни мамлакатларга салбий таъсир қилади.

  Таалайбек Ибраев бу ҳақда Бишкекда бўлиб ўтган Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими Электр энергетика мувофиқлаштирувчи кенгашининг йиғилишида маълум қилди.

  “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖдан хабар қилишларича, “Тоқтогул” сув омборида сув сатҳининг кескин камайиши энергия тақчиллиги билан бирга, Ўзбекистон суғориш тизимларида ҳам танқисликни юзага келтиради.

  Йиғилишда энергоресурслар танқислиги ва уларнинг таннархи кескин ошиб бораётгани муҳокама қилинган.

  9 та масала кўриб чиқилган илмий-амалий кенгаш йиғилишда Қирғизистоннинг “Қирғизистон МЭТ” ОАЖ, Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон МЭТ” АЖ, Қозоғистоннинг “KEGOC” АЖ, Тожикистоннинг “Барки Точик” ОАЖ холдинг компанияси раҳбарлари ва соҳа мутахассислари қатнашган.

  Кенгаш ишида, шунингдек, Қирғизистон Энергетика ва саноат вазирлиги, Қирғизистон Миллий энергетика холдинги, “Электр станциялари” АЖ ҳамда Россия Федерациясининг “Ягона энергия тизимининг тизим оператори” АЖдан вакиллар ҳам иштирок этган.

  Маълумот учун, Марказий Осиё давлатлари электр энергия тизими ўзаро мувофиқликда фаолият юритади, шу боис бир мамлакатда содир бўлган йирик авариялар бир лаҳзада бошқа давлатлар электр таъминотида сезилади. Шу билан бирга, ўзаро боғлиқ иш фаолиятига эга минтақанинг электр энергетика тармоғи бир-бирини қўллаб-қувватлаш, йирик авария ҳолатларнинг олдини олишга кўмаклашиш имконига ҳам эга.

  Тошкентда минтақадаги электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш билан шуғулланувчи “Энергия” номли мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази жойлашган.

Тоқтогул сув омбори ҳақида:

• Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида жойлашган, умумий майдони 284 км²;

• Норин дарёсига Тоқтогул ГЭС плотинаси қуриш орқали ҳосил қилинган, сиғими 19,5 км³;

• Қурилиши 1973 йилда якунланган, шимолий қирғоғида Тоқтогул шаҳри жойлашган;

• 2010 йилнинг 22 июлида сув ҳажми 18,2 млрд кубометрни ташкил қилган. 19,5 млрд кубометр сиғим бўлгани ҳолда нормал ҳажм 17,3 млрд кубометр ҳисобланади. Бундан “фойдали”, яъни иш берувчи ҳажм 14 млрд кубометр, “ўлик чегара” эса – 5,5 млрд кубометрни ташкил қилади. Яъни бунда амалда ГЭС иши тўхтайди. Мисол учун, 2021 йилнинг 30 мартида сув сатҳи 8,742 млрд кубга қадар пасайган ва пасайишда давом этмоқда.

Манба: https://kun.uz/

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati


 

>