Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги «Икромжон мега инвест ривож» МЧЖ раҳбарининг ўғли қарздорлик учун электр симини узмоқчи бўлган электромонтёр устига бульдозер ҳайдаб, ҳақорат қилиб, тан жароҳати етказди. Маълум бўлишича, корхонанинг 168 млн 176,5 минг сўм миқдоридаги қарздорлиги бўлган.
Kun.uz ихтиёрига етиб келган видеода кўриш мумкинки, корхона раҳбарининг ўғли, Д. исмли шахс корхонага тегишли бўлган бульдозерни ҳаракатга келтириб, келганларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилган ва хизмат вазифасини бажараётган электромонтёрнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, бульдозер чўмичи билан бетон таянчни уриб, синдирмоқчи бўлган.
Шунингдек, таянчда турган ходимга тош отиб, уни ҳақорат қилган. Бундан ташқари, бульдозерни у ерда бўлган ишчи гуруҳ ходимларнинг устига ҳайдаб келиб, уларнинг ҳаётини хавф остида қолдирган. Ўз хизмат вазифасини бажараётган туман электр таъминоти корхонаси электромонтёрини уриб, тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси ва туман ИИБ томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Манба: https://kun.uz/93134977
https://t.me/kunuzofficial/117011
✍️ "Ўзбекистон МЭТ" АЖ Ахборот хизмати