ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Чўғланма чироқлар савдосига чек қўйиш шу қадар қийинми?»
  • 26.07.2021
  • 312

  Қиш ойларида Энергетика вазири Алишер Султонов энергияни тежаб ишлатиш, юртимизда тежамкор технологиялардан фойдаланиш масаласи оқсаётгани тўғрисида гапирган эди. Вазирнинг гаплари анчагина кескин муносабатларга сабаб бўлди. Аммо бу борада у ҳақ эканини таъкидлаганлар ҳам кўп. Тежамкор технологиялар нафақат корхона ва ташкилотлар, балки аҳоли томонидан ҳам ҳали тўлиқ ўзлаштирилгани йўқ. Бу эса энергетик муаммоларнинг кескин тус олиши билан бирга, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, атмосферанинг зарарли газлар билан ифлосланишга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

  Биласизми? Уйларимиз, кўчаларимиз, иш жойларимизни ёритиб турган оддий чироқлар, электр техникаларининг бошқа воситалари ҳам худди машиналар каби ўзидан зарарли тутун чиқаради. Бутун дунёда автотранспортлар шаҳарлар ҳавосини қандай зарарлаётган бўлса, чироқлар келтираётган зиён ҳам ундан асло кам эмас. Бу гапларга “чироқлар ҳам тутарканми?”, деб ҳайрон бўлманг. Улар учун сарфланаётган токни ишлаб чиқаришга минглаб тонна кўмир, ҳисобсиз газ, мазут ва бошқа турдаги углеводородлар ёқилишини тасаввур қилсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Фақат “чироқларнинг тутуни” шаҳарлар четида йирик ИЭСлар мўрисидан буруқсаб кўтарилаётган, паға-паға қоп-қора булутлар кўринишида табиатимизга мислсиз зарар етказмоқда. Мазкур станцияларнинг биздан узоқроқда жойлашгани ҳавотирланмаслик учун асос эмас. Зеро, уларнинг тутуни шамол ва бошқа табиат ҳодисалари оқибатида барибир шаҳар ва қишлоқларимизгача етиб келади. Аммо биз эса бунга мутлақо эътиборсизмиз.   

  Ишламайдиган қарорнинг нима кераги бор?

  Масалан, мавжуд энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ва энергия ресурсларини тежашга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 20 октябрдаги “Энергияни тежайдиган лампалар маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига биноан, 2017 йил 1 январдан бошлаб чўғланма лампа маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланган бўлса-да, светодиот чироқлар ҳамон чўғланувчи вольфрамли лампочкаларни сотувдан сиқиб чиқаролмади. Афсуски, юқоридаги қарор ишлаётгани йўқ. Бозорлар, дўконлар расталарида 100, 220 вольт ундан юқори кучланишли бу каби чироқларни бемалол топиш мумкин. Ваҳоланки, битта чўғланувчи чироққа сарфланадиган энергия ҳисобига 10 та светодиот чироқ ёниб туради. Яъни битта хона ўрнига 10 та хонани ёритиш мумкин. Табиатга етказилаётган зарар ҳам ҳозиргидан 10 баробарга камаяди.

  Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда вольфрамли чироқлар ишлаб чиқариш тўхтатилган. Бозор ва дўконлардагилари эса қўшни Қирғизистон Республикасидан импорт қилинади. Ўзимизда бир неча корхоналар турли хилдаги светодиот чироқлар ишлаб чиқаради.

  Ким айбдор?

  Хўш, ишлаб чиқарилиши ва савдоси тақиқланганига тўрт йилдан ошган чўғланувчи чироқлар нега ҳамон бозорларимизда эркин сотиляпти?

  — Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига асосан, 40 Вт.дан юқори қувватга эга чўғланма лампаларнинг мамлакатимизда эркин муомалага чиқарилиши, сотилиши тақиқланган, — дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати масъул ходими Ҳусанжон Тангриев. — Бизнинг ходимлар чўғланма лампаларнинг чегараларимиз орқали ноқонуний олиб кирилиши ва хуфиёна айланишига қарши тизимли ишларни йўлга қўйишган. Шунга қарамай, турли ноқонуний йўллар билан бу каби маҳсулотларни олиб киришга уринишлар ҳамон кузатиляпти. Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Нукус шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Б.М. хорижда ишлаб чиқарилган жами 1000 дона (100Wқувват) электр чўғланма лампаларини ноқонуний равишда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди. Юқоридаги мазкур масалада амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми, холос.

  Ҳеч кимни танқид қилиш ниятида эмасмиз. Аммо мутасаддилар айтаётган гаплар бозорлардаги реал ҳолатга қарама-қарши. Истаган одам хўжалик дўконлари, қурилиш моллари бозорларида чўғланма чироқлар очиқчасига сотилаётганини гувоҳи бўлиши мумкин. Тадбиркорлар катта-катта қутилардаги бу маҳсулотларни яшириб ҳам ўтиришгани йўқ.

  Арзон ва қиммат

  10 баробар тежамкорликка эришиш орқали оддий фуқаролар, корхона ва ташкилотлар, энергетика тизими, экологияга бирдек фойда келтирадиган светодиот технологиялар кутилганидек ўта оммалашиб кетмагани, бозор ва дўконларимизда ҳамон эски чироқлар харидоргир эканининг сабабларидан бири сифатида светодиот лампаларнинг қимматлигини келтириш мумкин. Масалан, 10 ваттли лампанинг улгуржи баҳоси 17 минг сўм. Худди шу вазифани бажарувчи 100 вольтли чўғланувчи чироқ эса 5 минг сўм.

  Вужудга келган вазиятда нархларни арзонлаштириш масаланинг ечими бўла оларди. Аммо мамлакатимизда ЛЕД лампалар ишлаб чиқарадиган корхоналар кўп эмас. Билганимиз, узоқ йиллардан буён монополияда айбланиб келадиган ўша машҳур “Акфа” тизимининг “Акфа ЛЕД” корхонасидир. “Акфа ЛЕД” тежамкор чироқлар масаласида давлатнинг деярли барча буюртмаларини бажариб келади. Жумладан, ҳозирда кўчаларимизга ўрнатилаётган янгича лампаларнинг асосий қисми ҳам ана шу корхонада ишлаб чиқилган.

  Ўйлашимизча, соҳага кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни кенг жалб қилиш орқали бу турдаги ишлаб чиқаришни кўпайтириш, корхоналар ўртасида рақобатни шакллантириш мумкин. Йўқса, айланма йўллар билан кириб келаётган исрофгар чироқлар йўлини тўсиб бўлмайди. Бажарилмайдиган қарорлардан эса табиатга ҳам, энергетика тизимига ҳам ҳеч қандай наф йўқ.

Саида ИБОДИНОВА.

Манба: http://mahalladosh.uz/post?id=9199

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>