ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Россия Федерациясининг «Россети» АК стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни амалга ошириш бўйича Йўл харитасини тасдиқладилар
  • 05.06.2021
  • 319

  Мазкур ҳужжат Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов ва «Россети» акциядорлик компанияси бош директори Андрей Рюмин томонидан имзоланди. Ўзбекистон магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларни ривожлантириш, янги-янги лойиҳаларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш — имзоланган Йўл харитасининг асосий таркибий қисмини ташкил этади.

  Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 21-йиғилиши доирасида «Россети» АК ва «Ўзбекистон МЭТ» АЖ ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган эди. Унда Ўзбекистоннинг электр тармоқлари инфратузилмасини қуриш ва модернизация қилиш, шу жумладан соҳада илғор технологик ечимлар — рақамли технологияларни жорий этиш, бундан ташқари, Ўзбекистон электр энергетика тармоғини ривожлантириш бўйича янги лойиҳаларни ишлаб чиқишда қўшни давлатларнинг энергетика тизимлари жойлашуви ва истиқболдаги ривожини ҳисобга олиш бўйича зарур маълумотларни таҳлил этиш каби амалиётларда яқин ҳамкорликни амалга ошириш кўзда тутилган эди.

  “Россия ва Ўзбекистон энергетика тизими, шу жумладан электр тармоқлари азалий ҳамда мустаҳкам алоқаларга эга. Бизда умумий урф-одатлар, ягона муҳандислик мактаби ва бир-бирига яқин, ўхшаш соҳа стандартлар ҳамда талаблар мавжуд. Бу Ўзбекистонда энергетика соҳасини ривожлантириш, илғор технологик ечимларни жорий этиш, халқаро ҳамкорлик соҳасида мамлакатларнинг энергетика мутахассисларининг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун замин яратмоқда», – деди Андрей Рюмин.

  «Биз хорижий ҳамкорлар билан магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларни ривожлантириш бўйича Ҳукуматимиз топшириқ ва кўрсатмаларига асосан бир қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Шу жумладан, «Россети» билан ҳамкорлигимиз 2019 йил 2–4 октябрь кунлари Москва шаҳрида ўтказилган «Россия Энергетика ҳафталиги» (РЭҲ) халқаро форуми доирасидаги учрашувларимизданоқ бошланган эди. Ўзбекистон–Россия энергетика соҳасидаги ҳамкорлик даражаси бугунги келишувлардан сўнг янги босқичга кўтарилади, деб ҳисоблаймиз», – деди Дадажон Айнақулович.

http://minenergy.uz/uz/news/view/1286

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>