ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ ««Янги Ўзбекистон» мавзули йирик медиадастур учун бюджет ташкилотларидан пул йиғилмоқда»
  • 13.06.2021
  • 466

  Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси «Янги Ўзбекистон, Янги нигоҳ» медиа дастурини ишлаб чиқиб, унда қатнашиш учун қатор вазирликлар ва йирик АЖларга бир неча миллиард сўмлик шартномалар юборди. Kun.uz суриштирувига кўра, шартнома тузиш ихтиёрий-мажбурий талаб бўлиши мумкин.

  Kun.uz ихтиёрига Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясидан (ЭОАВМА) вазирликлар, йирик ташкилотлар ва акциядорлик жамиятларига юборилган хат нусхаси келиб тушди.

  Унда ассоциация томонидан «Янги Ўзбекистон, Янги нигоҳ» миллий медиа дастури ишлаб чиқилаётгани, медиадастурда 60дан ошиқ медиа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани ҳақида сўз боради.

-X6HZsh5dt7v6b8oBvVliDRxNGReCyXA.jpg (927×1178)

  Ҳар бир вазирлик, йирик акциядорлик жамиятларига медиадастур яратиш бўйича таклифлар билдирилиб, таклиф юборилаётган идоранинг ҳар бирига алоҳида рақамда 1 миллиарддан 5 миллиард сўмгача қиймат ифодаланган шартномани имзолаш ҳамда ушбу маблағларни ЭОАВМА ҳисоб рақамига ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.

  Хатга таклиф этиладиган медиаконтент режаси эмас, балки тўловни амалга ошириш учун шартнома илова қилинган.

  Таъкидланишича, ЭОАВМА уюшмага аъзо ОАВларда вазирлик (ташкилот) фаолиятига доир лавҳалар, интервьюлар, таҳлилий материаллар, кўрсатувлар ва репортажлар тайёрланиши, шунингдек, «Янгиланаётган Ўзбекистон» ғоясини ҳам ўзида мужассам этган медиамаҳсулотлар тайёрланиб, эфирга узатилишини ташкил этади.

  Kun.uz ўрганишида маълум бўлишича, ассоциация хати вазирликлар, йирик ташкилотлар ахборот хизматлари раҳбарлари орасида муҳокамаларга сабаб бўлган. Улар хатни ижро этиш мажбурий ёки мажбурий эмаслигига ойдинлик киритишга уринган.

  Бунга сабаб – бош вазир ўринбосари томонидан (бош вазирнинг айнан қайси ўринбосари экани Kun.uz'га маълум) йиғилиш ўтказилиб, шартномани рад этиш мумкин эмаслиги айтилган.

  Бироқ, аввалига миллиардлар эмас, балки бирмунча камтарона рақамлар, яъни 300-400 млн сўмлик шартномалар ҳақида сўз борган. Кейинчалик, якуний таклиф хати билан бирга энг ками 1 млрд сўмдан бошланувчи турлича суммалардаги шартномалар юборилган.

  Kun.uz мухбири ҳолат бўйича 10дан ортиқ вазирлик ва қўмиталар, йирик акциядорлик жамиятлари, уюшмалар ахборот хизматлари вакиллари билан боғланди. Уларнинг деярли барчаси шундай шартнома келганини тасдиқлашди ва ундаги суммаларни ҳам очиқлашди.

  Фақатгина икки киши бунақа шартномадан хабари йўқлигини, шунинг баробарида, бу каби хатлар жамоатчилик билан алоқалар бошқармасига эмас, молиявий бошқармага келиб тушгани эҳтимоли борлигидан, аниқлик киритиши зарурлигини айтди. Вазирликлардан бирининг ахборот хизмати вакили эса, бундай шартномани бошқа ҳамкасблари муҳокама қилишганини, аммо уларга келмаганини таъкидлади.

  Ҳозирча 1 млрд, 1,5 млрд, 2 млрд, 3 млрд сўм деб белгиланган шартномалар борлиги маълум. Ахборот хизмати вакилларининг айримлари шартнома ижроси мажбурий эмаслигини айтган бўлса, баъзилари ихтиёрий-мажбурийлигини таъкидлади. Уларнинг қарийб барчаси «топшириқ тепадан» бўлганини таъкидлашди.

  Kun.uz мухбири таклиф хатлари юзасидан изоҳ олиш учун қайта ташкил этилиши режалаштирилаётган NTT.uz телеканали бош директори Ражаббой Ражабов билан телефон орқали боғланди. Р.Ражабов, хат у раҳбарлик қилаётган телеканал томонидан эмас, ЭОАВМА томонидан юборилганини айтар экан, ҳақиқатда шундай медиатаклиф 130дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларга юборилганидан хабари борлигини билдирди.

  У медиатаклиф билан бирга, нима учун кўрсатиладиган хизматлар рўйхати эмас, бирданига шартнома юборилганига ойдинлик киритар экан, буни масъулларнинг хатоси билан изоҳлади.

«ЎзЭОАВМА таркибига 50 дан ортиқ нодавлат ОАВ киради. Шундан 18 таси – телеканал, 19 таси – радиоканал. Вазирликлар ва турли ташкилотлар билан биргаликда тайёрланадиган медиамаҳсулотлар ушбу ОАВларда эълон қилинади. Шу нуқтайи назардан баҳолаганда, билдирилган таклифлар, тижорий нарх жиҳатидан, бугунги бозор нархидан 2-3 марта арзон. Тушунган раҳбар буни тўғри англайди ва ҳамкорлик қилишга рози бўлади.

Шартнома мажбурий эмас, ихтиёрий. Қолаверса, ҳар бир ташкилот буюртмасини тайёрлаш учун алоҳида жамоа шакллантирилади. Медиадастурдан кўрсатувлар, ток-шоулар, 5-7 дақиқалик репортажлар, видеороликлар ўрин олади», – деди Ражаббой Ражабов.

  У суҳбат давомида бир неча марта Kun.uz сайтини нохолис бўлмасликка, шов-шувга учмасликка чақирди; сайтнинг бу мавзуни ёритишини «шов-шувга учаётганининг исботи» сифатида талқин қилди.

Манба: https://kun.uz/83184977

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>