Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОН ЭНЕРГЕТИКЛАРИ АФҒОНИСТОНДАГИ НОСОЗЛИКЛАРДАН ХАВОТИРДА
  • 10.10.2019
  • 801

Энергетика тизимида олиб борилаётган Ўзбекистон-Афғонистон ҳамкорлиги ҳозирда кўпчиликка маълум. Мухтасар айтганда, Афғонистон муаммосини ҳал қилиш борасида Ўзбекистон ўз ташаббуслари билан жаҳон ҳамжамияти эътиборига тушаётгани рост. Энергетика борасидаги ҳамкорлик ҳам Афғонистон Ислом Республикаси билан қўшничилик алоқаларини яхшилаш, унинг чегарадош ҳудудларига электр энергиясини экспорт қилиш, бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл валютаси оқимини ошириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди дейдилар... Ўзимиздаги электр таъминотидаги узилишлар бўлаётган бир пайтда энергия экспортидан не наф, деган жўн фикрлар ҳам айрим истеъмолчиларимиз томонидан билдирилаётгани бугунги кун ҳақиқати. Бу борада энергетика тизими мутахассислари, ҳатто хорижий экспертлар ҳам ўз фикрларини баён этишди ва турли носозликлар туфайли ёки симёғоч ва ускуналарни янгисига алмаштиришда (модернизация дастури) содир бўладиган узилишлар энергия экспортига боғлиқ эмаслиги жамоатчиликка маълум қилинди.

Ёдингизда бўлса, 15-16 сентябрь кунлари Афғонистондаги магистрал электр узатиш тармоқлари (бир нечта тармоқ устунлари) жангарилар томонидан портлатилгани ҳақида хабарлар хорижий ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарқалган эди.

2019 йил 14 сентябрь соат 14:00дан кейин Ўзбекистондан Афғонистонга узатилаётган электр энергия миқдорини қабул қилиш даражасида кескин тушиш ҳолати рўй бериб, бу одатдагидан қарийб 3 марта кам эканлиги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг Ахборот хизмати томонидан маълум қилинган эди.

Орадан чамаси ўн кун ўтгач, яъни 24 сентябрь куни соат 17:00 лар атрофида узатиш қувватида қисқа муддатли узилишлар пайдо бўлиб, тахминан 17:40 ларда тармоқда яна юклама пайдо бўлгани, аммо орадан ярим соат вақт ўтгач, мавжуд қувват даражаси меъёрдагисидан қарийб 4,5 марта пасайиб кетгани хабар қилинган эди. Бу воқеа-ҳодиса Жамиятнинг экспорт салоҳиятини пасайтириб юбораётганига хавотир билдирган ҳолда юзага келган носозликлар афғон энергетиклари — «Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) томонидан тез орада бартараф қилиниб, энергия экспорти белгиланган тартибга мувофиқ давом эттирилишига умид билдирилган эди.

Буни қарангки, 2019 йил 9 октябрга ўтар кечаси, аниқроғи тунги соат 01:40 да Афғонистон Ислом Республикасига етказиб берилаётган электр энергиясининг миқдори 0 (ноль) даражага тушиб кетди. «Da Afghanistan Breshna Sherkat» мутасаддиларидан олинган маълумотларга қараганда, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Саланг довонидан ўтувчи «Пули-Хумри» ва «Чимтала» подстанцияларини боғловчи 220 кВли ҳаво линиясининг 386-таянч устунига зарар етган.

2019 йил 9 октябрь куни соат 09:56 да экспорт фақатгина Мозори Шариф йўналиши бўйича тикланган ва бу умумий экспорт қийматининг 10–13 %ни ташкил этади. Сўнгги маълумотларга кўра, жанговар ҳаракатлар туфайли носоз ҳолга келган устунлар 3-4 кун ичида таъмирланади.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилаётган Марказий Осиё электр энергияси Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг 32-йиғилишида Афғонистон Ислом Республикаси вакили — «Da Afghanistan Breshna Sherkat» масъул ходими, Балх вилояти электр тармоғи корхонасининг техник масалалар бўйича директори жаноб Муҳаммад Омон иштирок этиши кутилмоқда. Қўшни Афғон юртининг энергетика тизимида қандай янгилик ва муаммолар борлиги ҳақида афғонистонлик мутахассисдан батафсил маълумотлар олишимиз мумкин бўлади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

Манба: uza.uz

Манба: qalampir.uz

>