

Шу муносабат билан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Абдумалик Назиров ўзи таҳсил олган 7-сонли мактабга ташриф буюриб, янги ўқув йили бошланишига бағишланган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.
Ташриф давомида мактаб жамоаси билан мулоқот қилиниб, таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишилди. Ўз навбатида, мактаб кутубхонасига янги китоблар тақдим этилди. Мазкур ташаббус ўқувчиларнинг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш, билим ва дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, бошқарув раиси “Мустақиллик дарслари”да иштирок этиб, ўқувчилар билан очиқ ва самимий мулоқот қилди. Суҳбат жараёнида ёшларга пухта билим олиш, доимо изланиш, ўз устида ишлаш ва келажак учун аниқ мақсадлар белгилаб олиш муҳимлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Бу каби мулоқотлар ёшларни ўз қобилияти ва имкониятларини тўғри баҳолаш, келажак режаларини аниқ белгилашга ундаши билан аҳамиятлидир.
Учрашувда ёш авлоднинг билимли, фаол, ташаббускор ва ватанпарвар бўлиб камол топиши мамлакат тараққиётининг муҳим омили экани алоҳида қайд этилди. Шу маънода, мактабдаги ҳар бир дарс, ҳар бир устознинг меҳнати ва ўқувчининг интилиши келажакдаги катта натижалар учун мустаҳкам пойдевор бўлиши таъкидланди.
Самимий мулоқот якунида янги ўқув йилида ўқувчиларнинг улкан мақсадлар сари интилиши, билим ва тажрибаларини мунтазам ошириб бориши, келажакда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган етук инсонлар бўлиб камол топишига ишонч билдирилди.
Зеро, камолот сари йўл мактаб остонасидан бошланади. Бугунги билим ва интилишлар эртанги ютуқларнинг асоси бўлиб, ёш авлоднинг келажакдаги муваффақиятида устозлар меҳнати ва уларга кўрсатилаётган эътибор муҳим ўрин тутади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/uz/posts/kamolot-maskanida-samimiy-muloqot_902969
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати