Янгиликлар
Фото: Навоийда Ўзбекистондаги биринчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланди
  • 10.04.2021
  • 499

  Бирлашган Араб Амирликларининг Masdar компанияси Навоий вилояти Кармана туманида 283 гектар майдонда 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қурмоқда. Лойиҳа қиймати – 110 млн доллар.

 

  Энергетика вазирлиги ушбу қурилиш объекти ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли «Химия» подстанциясига журналистлар учун пресс-тур ташкил қилди.

 

  2019 йилнинг ноябрь ойида Masdar компанияси ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида давлат хусусий шерикчилик асосида мамлакатдаги биринчи қуёш электростанциясини лойиҳалаштириш, молиялаштириш ва қуриш мақсадида, «Электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги келишув» ва «Инвестицион келишув» битимлари имзоланган.

  Мазкур инвестиция лойиҳасининг умумий қиймати 110 миллион долларга баҳоланган ва Masdar компанияси томонидан юз фоиз тўғридан тўғри молиялаштирилади.

  Бугунги кунда пудратчи корхона – Хитой Халқ Республикасининг «SEPKO III» LTD компанияси объектда технологик ускуналар, панеллар, инвертор ва трансформаторларни ўрнатиш ишларини олиб бормоқда.

  Мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган биринчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланади ва у сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштириляпти.

  Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоевга кўра, фотоэлектр станциясининг ишга туширилиши натижасида йилига 260 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ҳамда 79 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

  100 МВт электр энергияси ўртача 5 та туманнинг эҳтиёжини қоплайди. Аммо бу мазкур қувватдаги электр энергия Навоий вилоятининг 5 та туманига йўналтирилади дегани эмас. Станцияда ишлаб чиқарилган электр энергия республиканинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи юқори кучланишли тармоқларига узатилади.

  «Навоий вилоятида 2024 йил якунига қадар умумий қуввати 800 МВт бўлган қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилади. Ушбу станцияларнинг ишга туширилиши натижасида йилига 2,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 762 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади.

  Ушбу миқдордаги табиий газ тахминан 254 минг хонадоннинг куз-қиш давридаги 150 кунлик истеъмолини ташкил қилади. 800 МВт қувват электр энергия эса тахминан Бухоро, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг баҳор мавсумидаги бир кунлик электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга етади», – дейди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ходими Обиджон Дилмуродов.

 

Журналистлар пресс-тур давомида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга қарашли «Химия» подстанциясида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.

 

  Маълум қилинишича, Навоий вилоятида 9 та юқори кучланишли подстанция ва умумий узунлиги 1 453 километр бўлган электр узатиш тармоқлари бор. Шулардан бири – «Химия» подстанцияси. Мазкур подстанцияда қуввати 200 мегавольт амперга тенг АТ–3 трансформаторини ўрнатиш, 21 дона 110 килаволтли ва 10 дона 220 килаволтли ҳаво ўчиргичларни замонавий элегазли ўчиргичларга алмаштириш режалаштирилган.

  Бугунги кунда Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган, янги ва замонавий электр қурилмаси – 200 мегавольт ампер қувватга эга автотрансформатор подстанция ҳудудида ажратилган жойга ўрнатилган. Май ойида подстанциядаги учинчи трансформатор фойдаланишга топширилади ва у тўла қувват билан ишлай бошлайди.

  Аввалроқ, Энергетика вазирлиги ва Phanes Group халқаро компанияси ўртасида Навоий вилояти Нурота тумани ҳудудида қуёш электр станцияси (ҚЭС) қуриш тўғрисида инвестиция шартномаси имзоланган, Зарафшон шаҳрида эса шамол электр станцияси қурилишига тамал тоши қўйилган эди.

 

https://kun.uz/21379313

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>