ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Петербург энергетика малака ошириш институти билан уч босқичли йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда
  • 17.03.2021
  • 617

  Яқинда Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институти ректори, профессор Александр Назаричёв «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ билан малака ошириш ишлари бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаш мақсадида Тошкентга келган эди.

  Бугун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ва Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институти ректори, профессор А.Н.Назаричёв ўртасида Магистраль электр тармоқлари филиаллари муҳандис-техник ходимларининг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон МEТ» АЖ Ахборот хизмати хабар берди.

  Ҳамкорлик меморандумини имзолашдан олдин ўтказилган муҳокамалар учрашувида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг ўринбосари, бош бошқарма бошлиқлари ҳамда Жамиятда ташкил этилган Устозлар гуруҳи мураббийлари — энергетик мутахассислар иштирок этишди.

  Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов институт ректорига Тошкентга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдириб, қарийб бир йил давомида амалга оширилиб келинаётган ҳамкорлик фаолиятига юқори баҳо берди. Ўз навбатида Петербург энергетика малака ошириш институти ректори А.Н.Назаричёв ҳам «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маъмуриятига таклиф учун миннатдорлик билдириб, энергетика соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш икки мамлакатнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганидан мамнун эканлигини билдирди.

  Очиқ давра суҳбати шаклида ўтган муҳокамаларда шу нарса аён бўлдики, бундан буён «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институтининг ҳамкорлиги уч босқичли йўналишда давом эттирилади:

  Биринчи босқич — 2020 йилдан буён давом этаётган онлайн шаклдаги малака ошириш курсларини давом эттириш. Бунда республикамизнинг 14 та магистраль тармоқлари филиалларидан Тошкент шаҳрига ташриф буюрган мутахассислар махсус электрон дастур орқали машғулотларда иштирок этишади ва петербурглик мутахассислардан олинган билимлар Жамият таркибида тузилган Устозлар гуруҳи томонидан мустаҳкамланиб борилади.

  Иккинчи босқич — имзоланиши кутилаётган Ҳамкорлик келишувларига биноан Петербург энергетика малака ошириш институтидан 4–5 нафар ўқитувчи-мураббийлар Тошкентга ташриф буюриб, Магистраль тармоқлари филиалларидан ташриф буюрган мутахассисларга бевосита назарий, лозим бўлганда подстанцияларга ташриф буюрган ҳолда амалий машғулотлар ўтказишади. Малака ошириш курслари давомида Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари ҳам фаол иштирок этиши кутилмоқда.

  Учинчи босқич — Жамият таркибидаги Магистраль тармоқлари филиалларида меҳнат фаолияти юритаётган муҳандис ва техник ходимлар, шунингдек, бош бошқарма, бошқарма, бўлим ва хизмат мутахассисларидан иборат тингловчилар гуруҳи Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институтига малака оширишга юборилади. Тахминан 2 ҳафта давом этадиган малака ошириш курсларида таҳсил олиб қайтган мутахассислар олган билим ва кўникмаларини амалиётга татбиқ этиш орқали ўз ҳамкасбларининг билим-маҳоратини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси Энергетика вазирлиги тасарруфидаги Петербург энергетика малака ошириш институти билан ҳамкорлик, аниқроғи бир нечта инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масъул ташкилот — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида меҳнат қилаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш Жаҳон банки инвестиция лойиҳалари доирасида молиялаштирилиши назарда тутилган.

  Петербурглик мутахассислар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик юқори кучланишли подстанция ва электр тармоқларида хизмат қилаётган мутахассисларнинг иш самарадорлигини ошириб, магистраль электр тармоқлари ривожига ўз ҳиссасини қўшади.

Манба: https://xs.uz/uzkr/52307

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>