Янгиликлар
ҲАШАР — ЭЛГА ЯРАШАР
  • 13.03.2021
  • 953

  Маълумки халқимиз маънавиятида, қадриятларида бошқа халқлар ўрганса ва ўз тажрибасида қўллашга арзийдиган кўпгина ибратли тажрибалари мавжуд. Масалан, "ҳашар" деб аталган тадбир барчани бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ажралиб туради. Ҳашар — бу халқимизнинг қадимий ва азалий қадриятларидан биридир. Унинг замирида ободлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайр-саҳоват ва бунёдкорлик мужассам.

 

 

  Ўзбек халқи азал-азалдан “Наврўз” нафаси келиши билан юртини обод қилиш учун, ариқ ва зовурларини тозалайди. Атроф-ҳудудларни маиший чиқиндилардан тозалаш учун кўчаларига сув сепиб супиришади. Дарахт ва ниҳолларга шакл бериб, Юрт ободлигини, кўркамлигини сақлашга хизмат қилишади.

    “Ҳашар — элга ярашар” деган мақол бежиз айтилмаган. Ҳашарда халқимизга хос бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, умумхалқ байрами олдидан маҳаллалар, кўчалар ва аҳоли турар-жойларини ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик ва ҳамжиҳатлик билан амалга оширилади.

 

 
 Бугун Энергетика вазирлиги тизимидаги барча ташкилотлар каби «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги барча филиал ва бўлинмаларда ҳам умумхалқ ҳашари қизғин паллада.

  Офис хоналаридан тортиб юқори кучланишли подстанцияларгача, ёрдамчи бинолару автотураргоҳлар, ижтимоий соҳа объектлари, омборхоналарда ҳашар ўтказилмоқда. Бетон тўсиқларга оҳак суртилиб, темир жиҳозларга бўёқ тортилмоқда. Жамият тасарруфидаги ер майдонлари борки, барчасига манзарали дарахтлар экилиб, гул кўчатлари ўтқазиш учун экин қаторлари тайёрлаб қўйилди.

 

 

   Муҳтарам Президентимиз ўз чиқишларида маҳаллабай ишлаш тизими ҳақида кўп ва хўп гапирди, бу ҳам бўлса ҳар бир иш-юмуш ечими, шу жумладан ободончилик, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам маҳалалар кесимида амалга оширилганда самарали бўлиши таъкидланди. Бу нарсалар ҳаётий тажрибалар орқали яққол намоён бўлмоқда, самарасини халқимиз сезмоқда.

   Шуларни ҳисобга олиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти жамоаси викилларининг бир қисми бугун Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, «Катта-Қўйлиқ» маҳалласига умумхалқ ҳашарига ёрдам бериш важида этиб келишди. Марказий бошқарув аппарати мутахассислари, «Тошкент магистрал электр тармоқлари» ва «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиаллари ишчи-ходимлари, Ёшлар Иттифоки бошланғич ташкилоти аъзолари маҳаллада фуқаролар билан бир қаторда ҳашар ўтказишди.

 

 

  Махалла фаоллари, кўпқаватли хонадонларда яшайдиган фуқаролар билан бир қаторда «Катта-Қўйлиқ» МФЙда ҳудудида тўпланиб қолган дов-дарахт шохлари, ахлат уюмлар махсус машиналарга ортилиб, чиқиндихоналарга жўнатилди. Бетон тўсиқларга оҳак суртилиб, темир жиҳозларга бўёқ тортилди. Бундан ташқари, «Катта-Қўйлиқ» маҳалласининг 7 та ширкатидаги бўш ер майдонларига 100 туп манзарали дарахтлар экилди. Бундан ташқари, маҳаллабай ишлаш тизимига мувофиқ, «Катта-Қўйлиқ» маҳалласи фаолларининг ишини енгиллаштириш мақсадида МФЙга офис жиҳозлари тақдим этишди.

 

 

  Бир сўз билан айтганда, ҳашар — элу халққа ярашар!

  Янгиланиш фасли келиши билан она-табиатнинг ўзи заминга сайқал бераётган бир пайтда ободончилик ишларининг олиб борилиши маҳаллаларимиз кўркига кўрк, чиройига чирой беради. Ён-атрофни яшилликка буркамоқда, дарахтлар шохларига гулу чечаклар тақаётир. Демакки, баҳор нафасига ҳамоҳанглик зарур, табиатнинг ишига ҳам кўмак керак.

 

 

  “Наврўз”нинг қадимий фалсафаси ҳам шу!

  Қолаверса, бу умумхалқ байрами олдидан ўтказиладиган анъанавий хайрия ҳашарларининг асл моҳиятини ҳам яққол ифода этади. Қадриятда қадримиз бўлсин, дейди ота-боболаримиз.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati

>