ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
МАҲОРАТ ДАРСИ: Ўзбекистон ва ўзбек халқининг тарихига оид 5 та қизиқарли лавҳа
  • 26.02.2021
  • 1687

  1-лавҳа. «Ўзбек» атамаси ҳамда ўзбек халқи этник бирлигининг шаклланиши

  «Ўзбек» атамаси ҳақида ҳозирча «Ўзбекистон тарихи» фанида якдил хулоса йўқ. Айрим муаллифлар Дашти Қипчоқда кўчиб юрган турк-мўғил қабилаларининг бир қисми ўзларини эркин тутганликлари сабабли «ўзбек», яъни «ўз-ўзига бек, хўжайин» деб атаган десалар, бошқалар «ўзбек» этнонимини Олтин Ўрда хони Ўзбекхон (XIV аср) номи билан боғлайдилар. Бошқа яна бир гуруҳ олимлар эса Оқ Ўрдада (Дашти Қипчоқнинг шарқий қисмида) яшаган турк-мўғил қабилаларига «ўзбеклар» деган ном берилган, деган фикрни билдирадилар. «Ўзбек» атамаси ўғиз қабилалари таркибидаги «ўз» уруғи номидан олинган, деган фикрлар ҳам мавжуд.

  Ҳозирча аниғи шуки, Шайбонийхон бошчилигида Дашти Қипчоқдаги ўзларига «ўзбек» деган номни қабул қилган қабилалар икки дарё оралиғидаги ерларга кўчиб келгач, ўзбек халқи — халқ сифатида шаклланди, дейиш тарихий ҳақиқатга мутлақо зид. Шайбонийхон Мовароуннаҳрни эгаллагач, Мовароуннаҳрнинг қадимий халқи ҳам «ўзбек» атамасини қабул қилдилар. «Ўзбек» атамаси аҳолининг умумий номига айланди.

  Ўзбеклар элат сифатида Осиёнинг марказий ҳудудлари, жумладан Мовароуннаҳр, Хоразм, Еттисув, қисман Шарқий Туркистоннинг ғарбий минтақаларида шаклланган. Ўзбек халқининг асосини ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ўтроқ яшаб, суғорма деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган маҳаллий суғдийлар, бақтрияликлар, хоразмийлар, фарғоналиклар, шошликлар, яримчорвадор қанғлар, кўчманчи сак-массагет каби этник гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, Жанубий Сибир, Олтой, Еттисув, Шарқий Туркистон ҳамда Волга ва Урал дарёси бўйларидан турли даврларда Мовароуннаҳрга кириб келган этник гуруҳлар (компонентлар) ҳам ўзбек халқи этногенезида иштирок этадилар. Юқорида номлари келтирилган этнослар асосан туркий ва шарқий эроний тилларда сўзлашганлар. «Ўзбек» атамаси — умумтурк қавмларининг «ўзбий» ва «ўзбак» атамалар уйғунлигида «қабила беги», «ҳукмдор» деган маъноларни билдиради. Амударё ва Сирдарё оралиғида юқорида номлари қайд этилган қабила ва элатларнинг этник жиҳатдан аралашув жараёни натижасида ўтроқ ҳаётга мослашган туркий ҳудудий майдон, яъни ўзбек халқига хос антропологик тип (этник қиёфа) шаклланади.

  Тарих тақозоси билан Шарқ ва Ғарбдан турли қабилаларга мансуб этник гуруҳлар ўлкамизга кириб келиб, маҳаллий туб аҳоли билан насл жиҳатидан қўшилиб-қоришиб кетди. Асрлар давомида юз берган бундай этник жараёнлар натижасида ўз ҳудуди, давлатчилиги, тили, иқтисодий ва маънавий-маданий турмуш тарзига эга бўлган ўзбек халқи шаклланди.

  Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, мил. авв. VII–VI асрларда Ўзбекистон ҳудудида суғдийлар, бақтрияликлар, хоразмликлар, сак ва массагет элатлари яшаганлар. Зарафшон ва Қашқадарё воҳасида деҳқончилик билан шуғулланувчи кўплаб аҳоли истиқомат қилган. Қадимги Бақтрия Ўрта Осиёдаги қадимги давлатлардан бири саналади. Марғиёна ва Суғдиёна Бақтриянинг сиёсий ва маданий таъсири остида бўлган. Шунинг учун қадимда бир-бирига қариндош бўлган элатларнинг кичик давлатлари — «давлатлар бирлашмаси» деб аталган.

  2-лавҳа. Ўзбек халқининг қадимги ёзувлари ва маҳаллий халқ ҳақидаги илк ёзма манбалар

  Халқимиз ва давлатчилигимизга оид илк ёзма манбалар — зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто», Беҳистун ёзувлари ва қадимги дунё (юнон-рим) тарихчиларининг асарларида ўлкамизда яшаган қадимги халқларнинг номлари, алоҳида жойлар, тоғлар, дарёлар ва кўлларнинг, афсонавий қаҳрамонлар ва подшоларнинг исмлари, юртимиз халқларининг турмуши, дини, маданияти, иқтисодий ва сиёсий тузуми тўғрисида маълумотлар берилади. Ўзбекистонда тилларнинг ривожланиши бир неча минг йиллар билан боғланади. Ёзма манбаларга кўра юртимиздаги энг қадимги маҳаллий тиллар: туркий, форс, араб ва эски ўзбек тиллари ривож топган. Улар иш юритиш ва маъмурий, адабий ва халқаро, маҳаллий қишлоқ ва шаҳар тиллари вазифасини бажарган.

  Ўрта Осиё халқларининг энг қадимий ёзма маданияти тарихининг ёши 2300–2700 йиллар атрофида. Мил. авв. биринчи мингйиллик ўрталари оромий ёзуви кенг тарқалган эди. Ана шу ёзув заминида кейинчалик хоразм, бахтар, суғд, парфиён ёзувлари шаклланди. Ўрта Осиёга Македониялик Александр қўшини билан  юнон ёзуви ҳам кириб келди.

  Ўрта Осиё халқларининг энг қадимги ёзуви — бу мил. авв. V–IV асрларга тегишли хумнинг сиртида тасвирланган қадимги хоразм тилидаги қисқа ёзувдир. У Ойбуйирқалъа шаҳар харобасидан топилган. Ўша ердан топилган мил. авв. IV–III асрларга оид яна бир ёзувда «аспарак», яни «отлиқ», «чавандоз» сўзи бор. Қадимги Хоразм ёзуви оромий алифбосига асосланган. Кейинчалик оромий ва қадимги юнон алифбосига асосланган бақтрия ёзуви ривожланган. Милодий I–IV асрлардан бошлаб суғд ёзувлари кенг тарқалган. Сак тилидаги энг қадимги манба Олмаота атрофидаги Иссиқ қўрғондан топилган кумуш идишдаги ёзувдир. У мил. авв. V асрга тегишлидир.

  Навбат ёзма манбаларга. Уларда қадимдан Ўзбекистон ва унинг атрофидаги ҳудудларда яшаган халқлар ҳақида битиклар бор…

  • «Авесто»да қайд этилган қадимги халқларнинг дастлабки ватани — Сирдарё ва Амударё этаклари ҳамда Зарафшон водийси бўлган.
  • Беҳистун ёзувлари — Эрондаги Кирмоншоҳ шаҳри яқинидаги Беҳистун қояларида жойлашган бўлиб, у форс шоҳи Доро I буйруғига кўра уч тилда: қадимги форс, элам ва бобил тилларида ёзилган ғалаба ёдгорлигидир. Унда мил. авв. 523–522 йиллари аҳамонийлар салтанатини ларзага келтирган Гаумата, Фрада, Скунха бошлиқ халқ ҳаракатлари ҳамда Доро I забт этган Қадимги Хоразм, Суғдиёна, Бақтрия ва сак қабилалари ҳақида ёзилган.
  • Юнон тарихчиси Арриан Флавийнинг (эр. II аср) «Искандарнинг ҳарбий юришлари» асарида Македониялик Александрнинг ўрта осиё халқлари устига қилган истилочилик юришлари тарихи батафсил баён қилинган.
  • Эр. авв. V асрда қадимги юнон тарихчиси Геродот турли мамлакатларга саёҳат қилиб, 9 та китобдан иборат «Тарих» асарини ёзди. Бу асарда Геродот Ўрта Осиёнинг қадимги халқлари, уларнинг турмуши, урф-одатлари ҳамда қўшни мамлакатлар ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.
  • Эр. авв. II аср охири–I аср бошларида қадимги Хитой тарихчиси Сим Цзянгнинг «Тарихий йилномалар» номли асарида Ўзбекистоннинг қадимги аҳолиси ва давлатлари тўғрисида маълумотлар бор.
  • Юнон тарихчиси ва географи Страбон (эр. авв. I аср охирлари) «География» номли асарида кўплаб мамлакатлар, жумладан осиё халқлари маданияти ва тарихий воқеалари ҳақида маълумотлар келтиради.
  • Рим тарихчиси Квинт Курсий Руф ўзинин «Буюк Александр тарихи» номли асарида (эр. I аср) Македониялик Александрнинг Ўрта Осиёга ҳарбий юришлари ҳақидаги маълумотларни ёзиб қолдирган.

  3-лавҳа. Ўзбекистон ҳудудидан топилган тарихий-маданий ёдгорликлар

  Илк палеолит даври маданий ёдгорликлари Тошкент вилоятидан 1963 йилида топилган Кўлбулоқ ва Фарғона водийсидан 1985 йилда топилган Селунғур манзилгоҳларидир. Ўзбекистондаги энг қадимги меҳнат қуроллари — бир томони ўткирлаштирилган қўпол дарё тош қуроллари айнан шу ерлардан топилган. Бундай усулда ясалган тош қуролларни олимлар «чопперлар» деб аташади.

  Кўлбулоқ маданий ёдгорлиги МДҲ миқёсида энг қадимги маданий ёдгорлик ҳисобланса, Селунғур маданий ёдгорлиги ибтидоий одамнинг суяк қолдиқлари топилиши билан машҳур. Илк тарихимизнинг тамал тошлари — илк бор аждодларимиз томонидан Селунғур ғорида қўйилган. Унинг ёши 1 млн 200 минг йил билан белгиланади. Қисқа қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудида яшаган қадимги халқларнинг тарихи Селунғур ғорида пайдо бўлган архантроплардан бошланади. Бу нарса Ўрта Осиё халқларининг аждодлари илк бор Фарғона водийсида пайдо бўлган, деган тахминга асос бўлади.

  Ўзбекистонда қадимги деҳқончилик манзилгоҳлари Зарафшон, Сурхондарё ва Хоразм ҳудудларидан топиб ўрганилган. Сўнгги палеолит даври одами манзилгоҳлари Ўзбекистонда Самарқанд шаҳри ҳудудидан, Тошкент вилояти Оҳангарон дарёси бўйидаги Кўлбулоқ манзилгоҳининг юқори маданий қатламларидан, шунингдек, Фарғона водийсидан топилган. Бугунги кунда мезолит даврига оид юздан зиёд манзилгоҳлар очилган. Фарғона водийсининг тоғолди ва тоғли туманларида, Тошкент воҳасида ҳамда Ўзбекистон жанубида бундай манзилгоҳлар кўплаб учрайди. Обишир, Қўшилиш ва Мачай манзилгоҳлари, шунингдек, Зараутсой дарасидаги қоятош расмлари анча муфассал ўрганилган. Келинг, уларнинг айримлари билан танишамиз:

  • Замон­бобо — Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги Замонбобо кўли бўйларида эр. авв. иккинчи мингйилликда яшаган чорвадорлар ва деҳқонларнинг қадимий манзилгоҳидир.
  • Сополлитепа — Сурхондарё вилояти, Шеробод шаҳри яқинидан археологлар томонидан топилган қадимги зироатчилар манзилгоҳларидан бирининг номи. Ушбу манзилгоҳ эр. авв. иккинчи мингйилликка оид бўлиб, бу ердан пахса иморат, сопол буюмлар, бронзадан ясалган меҳнат қуроллари ва зеб-зийнатлар ясаладиган устахона қолдиқлари, шунингдек, йирик-йирик хумларда сақланган буғдой ва арпа донлари топилган.
  • Жарқўтон — бундан 3.5 минг йил муқаддам Сурхон воҳасидаги ҳозирги Шерободдан унча узоқ бўлмаган жойда вужудга келган манзилгоҳ. Жарқўтон манзилгоҳида шаҳарнинг илк аломатлари кўзга ташланади. Ушбу қўрғон икки қисмга ажратилган эди: қаср (ҳукмдор қароргоҳи) ҳамда жамоа аъзолари, ҳунармандлар ва савдогарларнинг аркни қуршаб турган уйлари. Қаср ичида ибодатхона бўлган.
  • Зараутсой — 1912 йилда археолог И. Фёдоров томонидан Сурхондарёнинг Зараутсой номли жойида қадимги қоятош суратлари топилган манзилгоҳ. У ердаги ҳозирда дунёга машҳур расмлар тош даврига мансуб. Қоятош суратларида ёввойи ҳўкиз ва ов манзараси тасвирланган.
  • Соймолитош — Фарғона водийсидаги топилган яна бир манзилгоҳнинг номи. Соймолитош манзилгоҳида ҳам Ўзбекистон ҳудудида яшган ибтидоий одамларнинг содда тасвирий санъат намуналари мавжуд. Ушбу қоятош суратлари аждодларимизнинг атроф-муҳитни билиш ёки дунёни англашга интилиши юқори бўлганидан далолат беради. Улар бундай суратларни бўлажак овга ёрдам беришига ишонганликлари сабабли чизишган, деган тахминлар ҳам мавжуд.

  4-лавҳа. Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик тараққиётининг тарихи

  Жонажон мамлакатимиз ҳудудида шаҳар-давлатлар ҳамда марказий бошқарув тизими ва унга бўйсунган ҳудудларга эга кўплаб давлатлар бўлганлигини тарих дарсликларидан яхши биламиз. Қадимги қабилаларнинг давлатчилик бошқарув шаклига ўтишида янги-янги ихтироларнинг кашф этилиши муҳим рол ўйнаган. Масалан, бронза даврида аждодларимиз кулолчилик чархи ва ғилдиракни кашф этганлар. Шу тариқа содда ҳаракатлантириш воситалари ҳам вужудга келган. Эр. авв. IX–VIII асрларда Ўзбекистон ҳудудида илк темир асрига ўтиш бошланган. Эр. авв. VII–VI асрларда бу ерда қадимги йирик давлатлар мавжуд бўлган. Шаҳарларда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ тараққий этган. Қадимги Шарқ мамлакатлари билан маданий алоқалар ўрнатилган. Қадимги даврда Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик тараққиёти — маҳаллий аҳолининг юқори даражада ривожланган зироатчилигига (деҳқончилигига) асосланган эди.

  Эр. авв. VII–VI асрларда Сурхондарё, Қашқадарё, Зарафшон воҳалари ва Ўзбекистонга чегарадош вилоятлар Бақтрия давлати таъсири остида бўлган. Ҳунармандчилик ва савдонинг ривожланиши натижасида эр. авв. VII–VI асрларда қадимги шаҳарлар ривожланган. Улар мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган бўлиб, ҳунармандчилик ва савдо марказлари эди. Қизилтепа, Узунқир, Ерқўрғон ва Афросиёб ўрнида Бақтрия ва Суғднинг марказий шаҳарлари жойлашган. Бу шаҳарлар Ўзбекистон ҳудудида энг қадимгилари бўлиб, уларнинг ёши 2700 йилдан кам эмас. Қадимшунослар Афросиёб (Самарқанд), Ерқўрғон ва Узунқир (Қашқадарё водийси), Кўзалиқир (Хоразм), Қизилтепа (Сурхондарё ) каби қадимий шаҳарларни ўрганишган.

  5-лавҳа. Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлган давлатлар тарихи

  Афросиёб — ҳозирги Самарқанднинг шарқий чегараси ҳудудларида эр. авв. VIII–VII асрларда асос солинган қадимги шаҳар. Унинг майдони 219 гектар бўлиб, унга суғдийлар асос солганлар. Дастлаб суғдийлар «Смараканса», яъни суғдчасига «анжуманлар ўтказиладиган жой», сўнгра юнонлар «Мароканда», хитойликлар «Кан» деб аташган. XI асрдан бошлаб «Самарқанд» деб аталган.

  1220 йилда мўғул хони Чингизхон бу шаҳарни вайрон қилади. 1370 йили Амир Темур мазкур шаҳарни шимоли-шарқ қисмида қайта бунёд этади. XVII асрдан бошлаб шарқ муаллифларининг асарларида қадимги шаҳар ҳаробалари «Афросиёб» ёки «Кўҳна қалъа» деб атала бошлаган.

  Қадимги Хоразм — Амударёнинг қуйи оқими, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошовуз вилоятларини ўз ичига олиб, «Авесто»да бу давлат «Хваризам», Беҳистун ёзувларида «Хваразмиш», Арриан ва Страбон асарларида «Хорасмия», қадимги суғд ёзувларида «қуёшли ўлка» тарзида учрайди. Эр. авв. IV асрда Қадимги Хоразм аҳамонийлар империясидан мустақил давлатга айланди. Македониялик Александр ва Салавкийлар ҳукмронлиги даврида ҳам Қадимги Хоразм давлати мустақил эди. Эр. авв. I асрда ва дастлабки милодий асрларда Хоразмда кумуш ва мис тангалар зарб қилинган. Милодий I асрда Хоразмда ишлаб чиқилган маҳаллий тақвимдан хоразмликлар VII асрга қадар фойдаланишган.

  Қадимги Бақтрия — қадимда Марғиёна ва Суғдиёна унинг таркибига кирган бўлиб, у ҳозирги Сурхондарё вилояти, Жанубий Тожикистон, Шимолий Афғонистон ҳудудларини ўз ичига олган. Ёзма манбаларда «Бахди» («Авесто» китобида), «Бақтриш» (Беҳистун ёзувларида), «Бақтриана» (юнон-римликларнинг асарларида) шаклида учрайди. Бундан ташқари, ушбу қадимги давлат «Авесто»да «баланд байроқли ўлка», юнон-рим асарларида «минг шаҳар мамлакати» сифатида ҳам тилга олинади.

  Суғдиёна — Қадимги Бақтрия таркибида бўлиб, у ҳозирги Қашқадарё ва Зарафшон воҳаларини ўз ичига олган. Ёзма манбаларида мазкур ўлка «Сўғда» («Авесто» китобида), «Суғуда» (Беҳистун ёзувларида), юнон-римликлар (Арриан, Страбон, Курсий Руф) қаламига мансуб асарларда эса «Сўғдиёна» шаклида тилга олинган.

  Сак ва массагетлар — бошқа халқ ва элатларга нисбатан кўп сонли бўлган кўчманчи чорвадор халқлардир. Кўчманчи сак ва массагет элатларининг асосий машғулоти чорвачилик бўлиб, уларнинг туя, от ва қўй-эчкилардан иборат катта-катта сурувлари бўлган. Маълум номдаги давлатчиликка эга бўлмаган бўлсаларда ўз ерларини бошқа қабилалар ҳужумидан ҳимоя қилиш учун саклар эр. авв. VI асрда «ҳарбий қабила иттифоқи»га бирлашадилар.

  Саклар, юқорида таъкидланганидек, Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудлари, даштлари ва чўлларида яшаган кўчманчи чорвадор қабилалардир. Бундан ташқари, чўллар ва Амударё бўйларида кўчманчи массагет қабилалари ҳам яшаганлар.

  Фарғона — маҳаллий ҳокимлиги Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, пойтахти Косон ва Ахсикат шаҳарлари бўлган. Фарғона ҳукмдорлари «ихшид» деб аталган. Фарғона деҳқончилик (зироатчилар кўпинча пахта ва шоли экишган), чорвачилик, ҳунармандчилик хўжаликлари ва ички-ташқи савдо ривож топган мустаҳкам иқтисодий пойдеворли ўлка эди. Қўшни мамлакатларга бўёқ, рангли шиша буюмлар ва дори-дармонлар чиқарилган. Қурама ва Қорамозор тоғлари ёнбағирларида қадимдан йилқичилик билан шуғулланилган. Бу ерда кўпайтирилган тулпор отларнинг донғи жаҳонга таралган. Аҳолисининг акарияти будда динига сиғинишган.

  Фарғона давлатининг Шўрабашат, Учқўрғон сингари шаҳарлари атрофидаги аҳолиси ерни ишлаш, шоли ва буғдой етиштириш, боғдорчилик ва узум етиштиришда катта ютуқларга эришган. Олимларнинг аниқлашича, милодий II асрда Фарғона давлати барҳам топган.

  Чоч ва Илоқ — Чирчиқ ва Оҳангарон водийларида жойлашган эди. Чочнинг пойтахти Чочкат шаҳри, Илоқнинг пойтахти Тункат эди. Чочнинг ҳукмдори «тудун», Элоқники эса «деҳқон» деб юритилган. Элоқ олтин ва кумушларни ковлаб олишда Ўрта Шарқда маълум ва машҳур бўлган. Чоч тудунлари олд томонига мулкдорнинг сурати, орқасига гажак думли барс ёки қоплон тасвири, баъзан сулолавий айри тамға туширилган чақа-тангалар зарб этганлар. Айрим танга пуллар орасида подшоҳ билан ёнма-ён турган малика тасвири туширилган пуллар учрайди. Бундай қўшалоқ тасвир, шубҳасиз, қадимги туркийлар давлатчилигида ҳукмдорнинг маликаси — «хватун» («хотун») вазирлик даражасига эга бўлиб, давлат бошқарувида фаол иштирок этганлигидан далолат беради. Саройда у ҳоқондан кейинги ўринни эгаллаган.

  Қадимги Қанғ — ҳозирги Тошкент воҳаси, Чимкент вилояти ва Сирдарё бўйи ҳудудларини эгаллаган қадимги давлатлар бирлашмаси. Эр. авв. III асрда унга саклар асос солишган. Хитой манбаларидан у «Қанғйуй», Хитой тарихчилари эса уни «Битйан» деб аташган. Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги Қанғҳа шаҳар харобаси сакларнинг ўша кезлардаги «Қанғдез» номли пойтахти бўлган, унга археологлар «Қовунчи маданияти» номини беришган. Эр. авв. II аср охирида Қанғ қабилаларнинг ҳукмдорлари танга зарб эттиради. Буюк Ипак йўлининг шимолий тармоғи орқали хитойлик савдогарлар билан узвий алоқада бўлишган. Милодий III асрга келиб Қанғ давлати парчаланиб кетган.

  Тохаристон — Ҳозирги Жанубий Ўзбекистон ва Тожикистон, Шимолий Афғонистонни ўз ичига олган бу тарихий вилоят шимолда Ҳисор тоғлари, жанубда Ҳиндикуш, ғарбда Мурғоб ва Херируд водийси, шарқда Помир билан чегараланган. Тохаристон номи эр. авв. II асрда Юнон-Бақтрия давлатини қулатган чорвадор қабила – йуечжилар номидан олинган. Тохаристон — Ҳиндистон, Яқин ва Узоқ Шарқ мамлакатлари билан савдо-маданий алоқалар ўрнатган. Ўз чақа-тангалари орқали ички-ташқи савдо муомаласини юргизишган. Тохаристон Марказий Осиёда будда ва монийлик динларининг тарқалиши ва ривожида муҳим рол ўйнаган.

  Довон — тахминан эр. авв. III асрдан то эр. II асргача мавжуд бўлган давлат. Хитой манбаларида бу ўлка «Довон», бошқа манбаларда эса «Паркана» деб аталган. Аҳолиси 70 дан ортиқ шаҳарларда истиқомат қилишган. Масалан, Довонда бўлган хитойлик сайёҳ Чжан Цян бундай деб ёзади: «…Довон диёрида 70 тача катта-кичик шаҳарлар бор; …аҳолисининг сони бир неча юз мингга етади. Ўқ-ёй ва найзалар билан қуролланишган. Халқи от чоптириб ўқ отишга моҳир». Бошқа бир хитой солномасида: «Анъси (Қадимги Эрон) шаҳарлари Довондагига ўхшашдир», деб ёзилган. Хитой тарихчиларининг гувоҳлик беришича, Довон давлати ҳудудлари ҳозирги Тошкент воҳасигача чўзилган.

  Азиз ўқувчи! Биз ўз тарихини билган халқ келажакка ишонч билан назар ташлашига ишонамиз. Ватанимиз тарихини, энг аввал, мактаб дарсликларидан («Ўзбекистон тарихи» 7-синф дарслиги, муаллиф — Абдулаҳал Муҳаммаджонов, «SHARQ» нашриёти, 2009, 2013 йиллар), сўнгра турли тарихий маълумотлар мужассам бўлган китоб, интернет нашлари орқали ўрганинг.

  Буларнинг орасида юртимизда фаолият юритаётган тарих музейларига ташриф буюришни ҳам унутманг! Фақат шундан кейингина тарихий филмлар, хоҳ у ҳужжатли, хоҳ бадиий бўлсин, сизга тушунарли ва қизиқарли бўлади.

  Унутманг, Тарихни билиш, Ватанни севиш — миллий ифтихорнинг дастлабки белгиларидан.

 

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>