ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
МАҲОРАТ ДАРСИ: саломлашишнинг 7 та муҳим одоби
  • 25.02.2021
  • 1610

  Маълумки, Ер юзида 200 дан ортиқ давлат, 2000 дан ортиқ миллат ва элатлар мавжуд. Ўз давлатчилигига эга бўлиш-бўлмаслигидан қатъий назар ҳар бир миллат ва элат ўз тарихига, тилига ва маданиятига эга. Миллатнинг биринчи белгиси — тил. Маданиятнинг биринчи белгиси — одоб! Одобнинг биринчи белгиси...

  Тўғри топдингиз, одоб-аҳлоқнинг биринчи белгиси — бу саломлашиш! Саломлашиш ҳар бир тил, ҳатто ҳар бир лаҳжада ўзгача янграйди. Бироқ барчасининг луғавий маъноси «саломатлик» сўзининг синонимлари ҳисобланади. Яна шундай бир элатлар борки, уларнинг саломлашиш сўзлари негизида «жонинг омонми», «егулигинг борми», «қорнинг тўқми», «танангда қувват борми», «оиланг тинчми», «кулбанг бутми», «ўлим йўқми» каби луғавий маънолар мужассам. Бу нарса асрлар, минг йилликлар давомида шаклланиб, кишилар тунни омон ўтказишгач, тонгдаги энг муҳим ахборотни олиш ва ўзаро ўртоқлашишдан келиб чиққан бўлса ажабмас. Шундай бўлсада, барча саломлашиш сўзларининг маънолари бориб-бориб барибир «саломатлик», «тинчлик», «омонлик», «тириклик» каби сўзларига тақалади.

  Масалан, ўзимизнинг миллий одобимиз, яъни саломлашиш одобимиздаги «ассалому алейкум» сўзини олайлик. У араб тилидан кириб келган бўлиб, «сизга тинчлик, соғлик-саломатлик тилайман» маъносини билдиради. «Ва алейкум ассалом» («валейкум ассалом») сўзи ҳам унга жавобан «сизга ҳам тинчлик, соғлик-саломатлик тилайман» маъносида айтилади.

  «Ассалому алейкум» сўзини дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатида расмий саломлашиш жумласи ҳисобланади. Ундан 500 дан ортиқ миллат ва элатлар фойдаланадилар. Бу дунё халқлари маданиятига ислом динининг кириб бориши билан боғлиқ. Рус тилидаги «Здравствуйте» сўзининг маъноси ҳам «здоровье» сўзидан олинган бўлиб, «саломат бўлинг» маъносини билдиради. Слявян халқларининг саломлашиш одоби ҳам саломатлик, тинчлик-омонлик тилаш орқали ифодаланади.

  Келинг, энди ўзбекона саломлашиш одобининг муҳим жиҳатлари билан танишамиз. Албатта, ижод қилаверса, ўйлаб кўрилса, саломлашиш одоби қоидаларининг чек-чегараси йўқдек. Аммо энг муҳим 7 та қоидасини доим ёдда тутган маъқул.

  1-одоб қоидаси. Саломлашишда, энг аввало, «Ассалому алейкум» ва «Ва алейкум ассалом» сўзлари тўлиқ талаффуз этилиши шарт.

  Уни қисқартириш, бузиб талаффуз қилиш одоб қоидаларига, унинг асл маъно-мантиғига зид. Малалан, «салом» сўзининг ўзи «тинч», «саломат» маъносида янграб, ундан «сизга тилайман» маъноси тушиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, «яхшимисиз» сўзи ҳеч қачон «Ассалому алейкум» сўзининг ўрнини боса олмайди. «Привет», «хай», «чмок» ёки шунга ўхшаш оммавий маданият белгилари — одобсизликнинг биринчи белгиси! Ахир бошқа бир тил ва миллатнинг саломлашиш одобини ўзимизга жорий қилишимиз қанчалик тўғри? Рус ёки инглиз тилида саломлашиб, сўнг суҳбатни худди шу тилларда давом эттиришса-ку, бошқа гап! У тилни билмасдан туриб, миллий одоб қоидаларига «ажнабий саломлашиш» сўзларини киритиш билимсизлик, фаросатсизликнинг белгиси эмасми? Кимдир буни «қулай» деб атаса, адашади. Аслида кийим киймасдан юриш қулай, бироқ биз одоб ва одат, ҳимоя ва дид-фаросат учун кийиниб юрамиз. Ҳатто ҳамон ёввойи ҳаёт тарзида яшаётган қабилаларда ҳам одамлар аврат жойларини ёпиб юришади. Демак, саломлашиш сўзларини бузиб талаффуз қилиш — либоссиз юриш билан баробар...

  2-одоб қоидаси. Саломлашишда, аввал ёши кичик киши ўзидан ёши катта кишига салом беради. Бироқ у биринчи бўлиб қўл узатмайди.

  Эр-хотин ўртасидаги саломлашиш одобида ҳам аввал хонадон бекаси оила бошлиғига салом бериши лозим. Фарзандлар ота-онасига, ака-опасига, худди шундай, ўқувчилар ўқитувчисига биринчи бўлиб салом беришлари шарт. Саломлашишда қўл узатиб кўришиш одоби бунинг тескариси. Ёши катта киши қўл узатмагунча, кичик ёшдаги киши қўл чўзмайди. Буни ҳаммамиз биламиз. Лекин нима учун айнан шундай эканлигини биласизми? Бу нарса кишилик жамиятида асрлар давомида бир қолипга тушиб, бора-бора олтин қоидага айланган. Негаки, ушбу қоиданинг психологик томони мавжуд. Мулоқотдаги устунлик, яъни мавқе ана шунда белгилаб олинади. Мулоқотда ёши улуғ, демак, тажрибалироқ кишининг устун келиши анчайин самарали. Қисқаси, ҳурмат кўрсатилгандан сўнг иззат қилинади. Эътибор берган бўлсангиз, раҳбарга унинг қўл остидагилари биринчи бўлиб салом беришади. Суҳбат, яъни мулоқотнинг қолган қисмидаги устунлик ҳам унинг биринчи кўриниши, яъни салом беришдаги навбатга қараб давом этади. Бу ерда, албатта, ёш кўрсаткичи иккинчи даражага тушиб қолиши мумкин. Бу нарса нафақат иккинчи, ҳатто навбатдаги учинчи қоидага ҳам зид. Демак, раҳбар ёши ундан катта ва кичик ходимларига биринчи бўлиб салом бериши — одоб белгиси ҳисобланади. Бу ёши кичикнинг ёши каттага юзланиб салом бериши билан баробар нарса. Бош қимирлатиб қўйиш, қош қоқиш, пичирлаб қўйиш, киприк қоқиб бир қараб қўйиш — на салом бериш ва на алик олишга ярайди. Бундай саломлашиш ожизлик, такаббурлик белгиси!

  3-одоб қоидаси. Кўпчилик бўлган жойга келган бир киши, унинг мавқеи ёки ёшидан қатъий назар, биринчи бўлиб салом бериши керак.

  Бу қоиданинг ўзига хос афзаллик томонлари бор. Унинг мантиғи ҳам шунда. Биринчидан, бундай саломлашиш қисқа вақт талаб этади ва йиғилиб турганларнинг эътиборини бараварига жалб этади. Бунинг акси эса, саломлашишда айрим ноқулайликлар, узоқ давом этадиган сўрашишларга олиб келади. Худди шу қоида ичига қўл узатиб кўришишнинг ҳам айрим талаблари киради. Бир киши иложи борича кўпчилик билан қўл бериб кўришиши шарт эмас. Кўпчилик уларнинг даврасига қўшилаётган ёлғиз киши билан қўл бериб сўрашиш истагини билдирса, бу бошқа гап. Даврага энг охири қўшилган киши улар билан шошмасдан қўл бериб кўришиб чиқиши мумкин. Бироқ бу вақт ва амалиёт жиҳатидан ноқулайлик туғдиради. Ушбу қоида айрим ҳолларда иккинчи қоидага зид-ку, дейишингиз мумкин. Масалан, синф хонасида. Дарс бошланишидан олдин ўқитувчи ва ўқувчиларнинг саломлашишида. Бу вазиятда иккинчи қоида устунлик қилади. Ўқув биноси ичи ёки ташқарисида, кўча-куйда албатта ўқувчилар ўқитувчисига биринчи бўлиб салом беради. Дарсга шай, ўз жойини эгаллаган ўқувчиларнинг ўқитувчи кириб келганда ўрниларидан туриб ҳурмат кўрсатлари (бараварига жўр бўлиб салом беришлари) кифоя. Ўқитувчи ўқувчилари саломига алик олиб дарсни бошлаши мумкин. Бу ўринда саломлашаётган шахсларнинг сони эмас, мавқеи одоб устунлигида бўлади.

  4-одоб қоидаси. Салом берувчи ва алик олувчиларнинг сони ва ёшидан қатъий назар, намоз ўқиётган одамга салом бермай турилади.

  Дунёнинг турли динларида эътиқод қилиш, унинг амалларини бажариш қоидалари турлича. Мусулмонлар оламида намоз ўқилади, насронийлар чўқинади ва ҳоказо... Муҳими, бундай пайтда киши чуқур руҳий ҳолатда, яъни маълум маънодаги ёлғизликда, якдилликда, илтижода бўлади. Намоз пайтида ҳам намозхон ўз атрофидаги воқеа-ҳодисаларни, ғам-ташвишларини бир зумга унутиб, Яратганга сажда қилади. Бу пайтда қўқисдан салом бериш, нафақат салом бериш, шовқин солиш, овоз чиқариш — одобсизлик саналади. Аслида бир кунда икки марта салом берилмайди. Бироқ намоздан сўнг кун давомида яна қайта саломлашиш мумкин. Намоз ўқиб бўлган кишига салом бериш ёки унинг саломига алик олиш фарз, ўзбекона одобнинг фазилатларидан бири. Худди шу қоида диққат билан китоб ўқиётган, қоғозга ёки компьютер қаршисида ниманидир ёзаётган кишиларга ҳам тааллуқли. Мутолаа ва ёзув билан банд киши бир зумга чалғиб, сиз томонга қараб қўйгандагина у билан саломлашиш мумкин. Қуръон мутолаасида бўлган ёки унинг сураларини овоз чиқариб ўқиётган, тиловат қилаётган кишиларга салом бермай туришни ҳам мазкур қоида доирасида.

  5-одоб қоидаси. Юз-қўли ювилмаган ёхуд таҳорати бузилган кишилар билан саломлашмай турилади.

  Кишилик жамиятида минг йиллар давомида сайқалланиб, қатъий бир қоидаларга айланган шахсий гигиена қоидалари мавжуд. Уйқудан уйғониб, юз-қўлини ювмаган кишига ёки юз-қўлини ювиб, афт-ангорини одатий қиёфага келтирмаган киши — саломлашиши нотўғри. Бу қоиданинг этик ва эстетик илдизлари ҳам мавжуд. Маълумки, киши уйқуга кетганда сочлари тўзғиган, юз-кўзлари шишган, терисига турли тошмалар тошган бўлиши мумкин. Киши юзини, тишини юваётиб ойнага қарайди, уйқу аломатларини енгиб тетиклашади ва ўзининг қандай кўринишда эканлигини тўлиқ англайди. Эгнидаги кийими, соч турмаги, соч-соқолига разм солади. Мавжуд камчиликларни бартараф этади. Мабодо ўзининг ташқи кўринишидан бехабар бўлиб, саломлашгудай бўлса, кейин буни билиб қолгач ноқулай аҳволга тушиши мумкин. Худди шундай, таҳорати бузилган кишиларнинг ҳам саломлашиши одобдан эмас. Юзи юзилмаган, ташқи кўриниши эпақайга келтирилмаган, уйқу кийимида юрган, у ёки бу сабабларга кўра таҳорати бузилган киши бошқа бир кишининг рўпарасидан чиқудек бўлса, ҳар икки томон ҳам ерга қараб индамай ўтиб кетишлари, ноқулайликлар бартараф этилгандан сўнг очиқчеҳра билан саломлашлари — одоб белгиси ҳисобланади.

  6-одоб қоидаси. Хожатхона ва ҳаммомда умуман саломлашилмайди.

  Одамнинг турли биологик эҳтиёжлари мавжуд. Ҳар бир инсон туғилади, ўлади, касал бўлади, овқат ейди, қусади, хожатхонага киради, соч олдиради, тирноғини калта қилади, йиғлайди, кулади, жинсий ҳаёт қоидаларига бўйсунади, ҳаммомда чўмилади ва ҳоказо, ва ҳоказо...

  Юқоридаги саломлашиш қоидалари ҳақида гапирилганда саломлашувчиларнинг ёши, мавқеи, уларнинг у ёки бу ҳолати ҳақида гапириб ўтдик. Бироқ шундай жойлар ва вазиятлар борки, унда мазкур талаблар ўз аҳамиятини йўқотади. Бошқача қилиб айтганда, у жойда ҳамма бир хил мавқеда бўлади. Масалан, хожатхона ва ҳаммомда. Бу рўйхатга оммавий чўмилиш ҳовузларини ҳам тиркаб қўйиш мумкин. Тасаввур қилинг, жамоат учун ишлайдиган хожатхонада ўқитувчи билан ўқувчи, устоз ва шогирд, раҳбар билан унинг қўл остида ишлайдиган ходим, ҳамкасблар ёки таниш-билиш дўст ёки дугоналар саломлашса... Нақадар хунук манзара! Худди шундай жамоат ҳаммомларида ҳам. Бундай жойларда салом бериш — одобсизлик! Ўзгаларни ноқулай аҳволга солиш, ўзаро ҳурмат-эҳтиромга путур етказиш. Шунинг учун бўлса керак, устоз-шогирд мақомидаги (мактаб, лицей-коллеж ўқувчилари ва ўқитувчилари, болалар оромгоҳи тарбиячилари ва тарбияланувчилари) жамоалар учун қурилган биноларида хожатхона ва ҳаммом алоҳида-алоҳида қурилади. Ёки фойдаланиш вақтлари алоҳида белгиланади ва бу ўта муҳим масала. Тасаввур қилинг, ўқувчи йигит ўз оиласи билан денгиз соҳилига, ёки чўмилиш ҳовузига ташриф буюрди. Барча дам олувчилар чўмилиш кийимида, эркак-аёл, бола-чақа аралаш... Бу мавжуд маданий ҳаётнинг бир бўлаги. Аёллар ва эркаклар, катталар ва болалар учун махсус ажратилган жойлар бўлиши билан бирга оилавий ёки дўстлар билан бориладиган оммавий чўмилиш масканлари ҳам мавжуд. Шунда ўқувчи йигит муаллимасини таниб қолиб, одоб юзасидан салом бераман деб одобсизлик қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Бу ҳолатда ўқувчи-ўқитувчи ўртасидаги, ота-она билан ўқитувчи ўртасидаги одоб пардасига путур етади.

  7-одоб қоидаси. Қабристонда, хусусан қабристон эшиги остонасида ва яқин инсоннинг қабри тепасида марҳумлар ҳаққига салом берилади.

  Бу одоб қоидаси қулоққа ғалати эшитилиши рост. Негаки марҳумларнинг мавжудлик кўрсаткичи нолга тенг. Бироқ уларнинг хоки-пойи, руҳи ёди ҳамиша мавжуд. Бу ердаги салом бериш одоби — марҳумларга ҳурмат белгиси! Марҳум кишиларнинг руҳи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, уларнинг руҳи саломга алик олиши ёки ололмаслигидан қатъий назар, ушбу саломлашиш одоби — маданият белгиси. Иссиқ жонмиз, ҳаммамиз вақт-соати етиб бу дунёни тарк этамиз. Фанда бу нарса «биологик фаолиятнинг тугаши» деб аталади. Қабристонда салом беришнинг муҳим психологик омили ҳам мавжуд. Маълумки, биологик фаол кишилар учун ўлим ҳодисаси ҳар қачон мавҳум ва, ўз ўрнида, аллақандай қўрқинчили, бироз ваҳималироқ ҳодиса бўлиб туюлади. Бир сўз билан айтганда, биз ўлимдан қўрқамиз ва, шу билан бирга, унинг барибир содир бўлишини англаймиз. Бу нарса психологияда «психологик жароҳат» деб аталади. Киши у ёки бу сабаб билан қабристон дарвозаси остонасига қадам қўйганида қабрлар томонга юзланиб «Ассалому алейкум» деб салом бериши — мавжуд ички психологик жароҳатнинг бироз енгиллашишига олиб келаркан. Ўз яқининг қабри узра марҳумнинг тимсоли билан саломлашганда эса енгил тортиб, руҳий тетикликка эришилар экан.

  Умумий қоидалар. Юқоридаги 7 та саломлашиш қоидаларидан маълум бўлдики, инсонлар ҳар куни бир-бирларига соғлик, тинчлик, омонлик, яхшилик, эзгулик, тўкинлик ва равнақ тилашлари зарур ва шарт экан. Саломлашишда киши қай руҳий ҳолатда бўлмасин, қўлини кўксига қўйиб, лабига нимтабассум югуртириб салом бериши ёки алик олиши — маданий ҳаётимизнинг дастлабки нишонаси. Ҳатто бошқа миллат вакиллари билан хорижий тилда мулоқотга киришишдан олдин қўлимиз кўксимизда, ўзбекона лутф билан «Ассалому алейкум» дейишимиз — миллий ғуруримиз нишонаси. Демак, саломлашиш одобимиз — бу миллий маданият, ўзаро ҳурмат-иззат, жамиятимиз жипслиги.

 

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>