2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ADIPEC 2025: Ўзбекистон энергия хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро муҳокамада
  • 05.11.2025
  • 11

#ҳамкорлик

ADIPEC 2025: Ўзбекистон энергия хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро муҳокамада

Жорий йилнинг 2-6 ноябрь кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида “ENACT Majlis ва "ADIPEC-2025" сунъий интеллект ва энергетика соҳасига оид халқаро форумлар бўлиб ўтмоқда.

Унда жаҳоннинг ёқилғи-энергетика, сунъий интеллект, рақамлаштириш соҳасидаги кўплаб вазирлар ва етакчи компаниялар раҳбарлари қатори Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигидаги делегация аъзолари ҳам иштирок этди.

Тадбирларда энергетика соҳасига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ва бу йўналишдаги ривожланиш масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш жараёнлари, маълумотлар марказлари (Дата Сентер) ҳамда рақамли уланиш тизимларининг долзарблиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, барқарор энергетика, тармоқларни модернизация қилиш, тизимнинг мослашувчанлигини ошириш ва давлат-хусусий шерикчилигининг инновацион моделлари бўйича самарали тажриба алмашилди.

Халқаро форум доирасида “Энергия хавфсизлиги ва барқарорлигини диверсификация қилиш орқали мустаҳкамлаш” мавзусида вазирларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда жаҳон энергетикасидаги муҳим йўналишлар — энергия хавфсизлиги, барқарорлик ва диверсификациянинг янги босқичи муҳокама қилинди. Асосий эътибор тез суръатларда ўсиб бораётган энергияга бўлган талабни қондириш учун амалий ва прагматик ёндашувларга қаратилди.

Тадбирлар доирасида БАА Саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Аҳмад Ал-Жобир, Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, “Masdar”, “AMEA Power”, “Etihad Waters”. “XRG”, “Global South Utilities”, “Siemens Energy” (Германия), “Honeywell Global Regions”, “Honeywell Process Solutions” вa “SLB” (АҚШ), "BP" (Буюк Британия) ҳамда бошқа ҳамкор компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Учрашувларда Ўзбекистон-БАА ўртасида «яшил» энергетика ва нефть-газ соҳаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Бугунги кунда "Масдар" компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда умумий қуввати 1 247 МВт бўлган 5 та қуёш ва 500 МВт қувватли 1 та шамол электр станцияси ҳамда 63 МВт қувватли 1 та энергия сақлаш тизими ишга туширилгани ва барқарор "яшил" энергия ишлаб чиқараётгани алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, Қашқадарё вилоятида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси барпо этилмоқда.

Форум доирасида БААнинг "Масдар" компанияси билан Навоий вилоятида 300 МВт/600 МВт·соат ва “AMEA Power” компанияси билан 200 МВт/800 МВт·соат қувватли 2 та энергия сақлаш тизимини қуриш бўйича шартномалар имзоланди.

 

Манба: https://t.me/minenergy_uz/18098

‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati