«ЎЗБЕКЭНЕРГО» ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛАДИ
Президент қарори билан «Ўзбекэнерго» қайта ташкил этиладиган бўлди.
Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисидаги Президент қарори 2019 йил 27 март куни қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, «Ўзбекэнерго» АЖ қуйидагилар орқали қайта ташкил этилади:
иссиқлик электр станциялари ҳамда электр марказларни бошқарувчи «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти;
«Ўзэлектртармоқ» УК ва «Энергосотиш» филиали негизида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти;
электр энергияни якуний истеъмолчиларга тақсимловчи «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти.
Шунингдек, «Ўзбекэнерго» АЖ таркибига кирувчи 10 та хўжалик жамиятлари қайта ташкил этилади ва тугатилади.
Энергетика вазирлиги қошида Лойиҳа офиси ташкил этилди.
Лойиҳа офисига энергетика вазирининг электр энергетика тармоғини назорат қилувчи ўринбосари бошчилик қилади.
2019−2021 йилларда электр энергетика тармоғи рақамлаштирилади.
Қарорга мувофиқ 2020−2030 йилларда мамлакатнинг ёқилғи-энергетика таъминоти концепцияси ишлаб чиқилади.
Энергетика вазирлигининг «Қишлоқэнерголойиҳа» АЖ негизида 0,4 кВдан 500 кВгача кучланишли барча типдаги электр тармоқларини лойиҳалаштирадиган «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ лойиҳа ташкилоти ташкил этилди.
2019 йил 1 июлдан:
қуввати 10 МВтдан кўпроқ энергия истеъмол қиладиган корхоналарни қуриш ва ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар республика ҳудудларида жойлаштириш Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;
хусусий ишлаб чиқарувчилардан электр энергияни харид қилиш танлов асосида ҳосил қилинаётган электр энергиянинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.
Манба: «Ҳуқуқий ахборот» канали