«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақуловнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига хизмат сафари тафсилотлари
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Д.А.Исақулов Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган юқори кучланишли подстанциялар фаолиятини мувофиқлаштириш баробарида 38-сонли “Кулоб” сайлов округида истиқомат қилаётган фуқаролардан тушган мурожаатларни ўрганди. Депутат дастлаб Хўжайли тумани “Халқ қабулхонаси” биносида жойлашган Жўқорғи Кенгес депутати қабулхонасида 2021 йил бошидан буён қайд қилинган 20 га яқин ёзма мурожаатлар билан бирма-бир танишиб чиқди.
Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил ноябрь ойида Депутат қабулхонасида Хўжайли тумани собиқ «Миртазабий» МФЙ фуқаролари Ш.Султанова ва А.Абдукадиров томонидан ёзилган, шунингдек яна бир қанча фуқаролар томонидан имзоланган гуруҳли мурожаат қайд этилган эди. Мурожаат мазмуни Хўжайли тумани Халқ қабулхонаси раҳбари Кадирбай Жалолов ҳамда Экология партияси Хўжайли тумани партия ташкилоти раҳбари Гулнора Юсуповалар билан муҳокама этилди.
Батафсил: https://t.me/deputatisaqulov/146
Янги бунёд этилиб, ҳозирча инфратизим имкониятлари кириб бормаган «Саришунгул» овул фуқаролар йиғини муаммолари жамланиб, аниқроғи электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви муаммолари бўйича Хўжайли тумани ҳокими Ж.М.Ермашовга, “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бош директори З.Т.Керемзатовга, “Ҳудудгазмтаъминоти” АЖ бошқаруви раиси Б.Б.Эшмуратов ва “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси С.И.Саифназаровга депутатлик сўровномаси юборилган эди.
Батафсил: https://t.me/deputatisaqulov/153
Депутат қабулхонасига мазкур масала бўйича “Ҳудудгазтаъминоти” АЖ ҳамда “Қорақалпоғистон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан жавоб хатлари келиб тушди.
Батафсил: https://t.me/deputatisaqulov/153
Жўқорғи Кенгес депутати Дадажон Исақулов мазкур масалага тааллуқли масалалар қай тарзда амалиётга татбиқ этилаётгани билан бевосита танишиш мақсадида «Саришунгул» овул фуқаролар йиғинига ташриф буюрди ва 31 та хонадоннинг ўн нафардан ортиқ вакиллари билан учрашди.
Фуқаролар билан янги маҳалланинг электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви муаммолари, шунингдек, фуқаролар янги овул уйлари кўчиб келиши арафасида маҳалланинг ички йўллари, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасалари, яъни болаларнинг мактаб ва болалар боғчасига қатнаши масалаларининг ечими, амалга ошириш тартиби ва муддатларини муҳокама этди. Гуруҳли мурожаат этган фуқаролар Жўқорғи Кенгес депутатига ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, улар томонидан ёзма равишда тақдим этилган, қарийб 3-4 йил давомида ҳал бўлмаётган муаммолар тез орада ҳал этилишига умид боғлаётганликларини билдиришди.
Сўнгра депутат Д.Исақулов Хўжайли шаҳрида жойлашган, Қорақалпоғистон Республикасида ягона бўлган ақли заиф болаларнинг 3-сонли мактаб-интернатига ташриф буюрди. Муассаса раҳбари Гулнора Маметназарова ҳамда мактаб-интернатнинг педагогик жамоаси ташриф давомида депутатни махсус ўқув-тарбия мактабида олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари, ўқув ва ётоқ хоналарининг жиҳозланиш даражаси билан таништиришди.
Ўрганиш хулосаси ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳомий ташкилотларни жалб этиш эвазига муассасанинг кириш қисмига асфальт қопламасини ётқизиш, шу билан бирга, меҳнат-технология фани бўйича касб-ҳунар хоналарини махсус ускуна ва анжомлар билан жиҳозлаш масалалари ҳал этилиши белгиланди.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида қайд этиш жоиз, мутасадди ташкилотлар томонидан мактаб-интернати биноси муқобил энергия манбаи — ўрнатилган бир нечта қуёш панелларига уланиб, бунинг эвазига муассасада истеъмол қилинадиган электр энергияси бир қисми қопланишига эришилгани депутат Д.Исақуловда яхши таассурот қолдирди. Мактаб-интернети фаолияти билан танишиш давомида муассасага мутахассислар жалб этилиб, қуёш панелларининг самарали иш фаолиятини таъминлаш, сервис хизмат кўрсатиш масалаларида амалий кўмак бериш масалалари белгилаб олинди.
Жўқорғи Кенгес депутатининг фуқаролар билан кейинги учрашуви, “Кулоб” овули оқсоқолларининг талабларига мувофиқ, 7-сонли умумтаълим мактаби биносида бўлиб ўтди. Овулда мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида савол-жавоб ва қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтган учрашувда Хўжайли тумани ҳокимиятидан вакил — туман ҳокими ўринбосари С.Дурсимбетова, Хўжайли тумани Халқ қабулхонаси раҳбари К.Жалолов, Ҳўжайли тумани Экология партияси етакчиси Г.Сариева ҳамда “Кулоб” овул фуқаролар йиғини раиси А.Ешановлар иштирок этишди. “Кулоб” овули оқсоқоллари депутат Исақуловга бир нечта гуруҳли ёзма мурожаатлар тақдим этиб, ариза-шикоятларнинг мазмунини ўз сўзлари билан, жонли тасвирлари орқали ифодаладилар.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, “Кулоб” овули фуқароларнининг аввалги мурожаатлари бўйича бир нечта масалалар ижобий ҳал этилиб, фуқароларнинг оғири енгил, қийини осон бўлгани, шунингдек, овул оқсоқолларининг 2021 йил январь ойининг биринчи декадасидаги мурожаатлари умумлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Соғликни сақлаш ҳамда Сув хўжалиги вазирликларига депутатлик сўровномалари юборилгани оқсоқоллар томонидан алоҳида эътироф этилди, оқсоқоллар фуқаролар номидан Жўқорғи Кенгес депутатига миннатдорлик билдиришди.
Учрашувдан сўнг 7-сонли мактабнинг айни пайтда фойдаланилмаётган ошхона биноси, бундан ташқари, “Кулоб” овули ҳудудида жойлашган Қишлоқ врачлик пункти кўздан кечирилди. Айнан шу тиббий муассаса фаолиятини кенгайтириш масаласи Соғликни сақлаш вазирлигининг жавоб хати ҳамда кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Жўқорғи Кенгес депутати фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб ўзининг кейинги фаолиятидаги амалиётларни белгилаб олди.
Сўнг «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов Қорақалпоғистон Республикасидаги 220 кВли «Беруний» ҳамда Хоразм вилоятида жойлашган 220 кВли «Хоразм» подстанцияларининг куз-қиш мавсумидаги фаолияти, умуман электр энергетика тармоғи, хусусан магистрал электр тармоқлари тизимида олиб борилаётган қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишларини бевосита ўрганиш мақсадида хизмат сафарини юқори кучланишли подстанцияларда давом эттирди.
Қиш-куз мавсумида, айниқса ҳаво ҳарорати Цельсий шкаласи бўйича манфий ифодали рақамларни кўрсатган паллаларда табиий газга бўлган эҳтиёж ошиши баробарида электр энергияси истеъмоли кескин ошиши муносабати билан, электр қурилма ва жиҳозларининг ортиқча юклама билан ишлаш оқибатида, юқори кучланишли электр узатиш тармоқларида авариявий ҳолатлар рўй бериши мумкин.
Айнан шундай носозликларнинг олдини олиш мақсадида Қорақалплоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг дашти-саҳро кенгликлари узра чўзилган ҳаво тармоқларини кўздан кечиришга чиққан бригадаларнинг иш самарадорлиги ҳам ўрганилди. «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқаруви раиси юқори кучланишли подстанция ҳамда электр узатиш тармоқларида меҳнат қилаётган мутахассисларга ўз тавсияларини бериб, республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини паст кучланишли ҳаво тармоқларига етказиб бериш ишончлилигини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Магистрал электр тармоқлари раҳбар кадрлари билан жорий йил 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда ОАВ ва кенг жамоатчилик эътиборига тақдим этилган масалалар — жорий ҳафта охири ва келгуси ҳафта давомида кузатилиши кутилаётган об-ҳавонинг кескин совуши даврида юқори кучланишли электр қурилма ва жиҳозларининг барқарор ишланишини таъминлаш масалалари муҳокама этилди, мутасаддилар тегишли топшириқ ва кўрсатмалар асосида кун тартибидаги ишларини белгилаб олишди.
ДЕПУТАТ ҚАБЫЛЛАЎХАНАСЫ / ДЕПУТАТ ҚАБУЛХОНАСИ
Каналга аъзо бўлинг! t.me/deputatisaqulov
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати