ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
2020 ЙИЛ САРҲИСОБИ: Жамиятда халқаро шартнома-келишувлардан ташқари барча ҳужжатлар давлат тилида юритилишига эришилмоқда (№ 3)
  • 10.01.2021
  • 829

   “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг 2020 йил давомида амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи

 

   I. Давлат тилига доир қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, тарғиб қилиш, тизимдаги ташкилот ва муассасаларда ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича:

   Маслаҳатчи жорий йилнинг март ойида Тошкент вилояти, апрель ойида Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги филиалларда хизмат сафарида бўлди. Сафар давомида ҳудудлардаги тизимларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ҳолатлари билан танишди. Филиал раҳбарлари ва масъул ходимлар билан маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича мулоқот олиб борди. Филиаллардаги ички ва ташқи ёзишмалар, ҳужжатлар, ҳисоб-китоб, статистика ва хизмат хатлари давлат тилида иш юритиш қоидаларига мослиги кўриб чиқилди.

 

   Шунингдек, улардаги барча ташқи ёзувлар, шу жумладан, пешлавҳалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлигини ўрганилди. Расмий хатларни тайёрлашда мутасадди раҳбарга нисбатан ҳурмат сақланиши, мурожаат одобига амал қилиниши зарурлиги, мутасадди раҳбарга мурожаат шакли қандай сўз ва сўз бирикмалари орқали ифодаланиши юзасидан тавсиялар берилди.

 

   Ҳозирда акциядорлик жамияти тасарруфидаги мавжуд тизимларда давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши масаласига жиддий эътибор қаратилган. Хусусан, халқаро аҳамиятга эга бўлмаганларидан ташқари барча хат-ҳужжатлар тўлақонли тарзда ўзбек тилида ёзилиши белгилаб қўйилди. Аниқроғи, Россия Федерацияси, Афғонистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари билан боғлиқ шартномавий муносабатларнинг рус тилида олиб борилишига шартли ҳолда рухсат берилган.

   Жамият Бирлашган Касаба уюшмаси қўмитаси раиси, Ахборот хизмати раҳбари ҳамда «Ёшлар иттифоқи» сардори билан ҳамфикрликда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишида ташаббускорлик намойиш қилинмоқда. Ишчи-ходимларга давлат тилини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда давлат тилини кенг тарғиб қилишга қаратилган ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

 

   “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқарув аппарати жойлашган бинодаги мавжуд барча ташқи ёзувлар, шу жумладан лавҳалар, эълонлар, реклама ва кўргазмали бошқа ахборот матнлари, ташқи реклама материалларининг давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши тўлиқ таъминланган.

   “Ўзбекистон МЭТ” АЖга Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан 2020 йилда нашр қилинган жами 20 дона “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмаси олиниб, барча бошқармалар, ҳудудий ва тизим ташкилотларига етказилди.

   2020 йил мобайнида Жамиятдаги маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатлари ҳамда дастурлар ва “йўл хариталари”нинг ижроси бевосита мазкур вазифаларга масъуллар билан ўрганилиб, ўрнатилган тартибда ижроси таъминланмоқда. Хусусан, хат-ҳужжатлар тайёрланаётганда нималарга эътибор қаратилиши кераклиги, ҳужжат матнида аниқлик, ихчамлик, лўндалик, мазмуний тўлиқлик каби талабларга жавоб бериши кераклиги, бу талабларга жавоб бера олмайдиган ҳужжат иш юритиш жараёнига халақит бериши, унинг самарадорлигини кескин пасайтириши мумкинлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳужжат матнида шевага хос сўзлар, тарихий сўзлар, архаик – эскириб, истеъмолдан чиқиб кетган сўзлар, жаргонлар, яъни тор доираларда ишлатиладиган “кўча муҳити”га хос сўзлар бўлмаслиги кераклиги, ҳужжат матни адабий тил қонун-қоидалари асосида тайёрланиши шартлиги масъулларга уқтирилмоқда. Одатда, Жамият фаолиятига оид кўпгина ҳисоботлар аксар ҳолларда рус тилида тайёрлаётганлиги аниқланиб, эндиликда бу ҳисоботлар фақат ўзбек тилида тайёрланишига эришилди. Шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган русийзабон ходимларга давлат тилини ўрганишлари ва ўзбек тилида иш олиб бориш шартлари тушунтирилмоқда.

   II. Давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши, бу борада аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар бўйича:

   Жамиятда буйруқлар, ташкилотлар ва идоралараро ички ҳамда ташқи ёзишмалар, ҳужжатлар, ҳисоб-китоб, статистика, фуқаролар мурожаатларига жавоблар, йиғилиш баёнлари, ярим йиллик, тўққиз ойлик ҳисоботлар, ҳар чоракда ўтказиладиган Ҳайъат йиғилиши қарорлари, хизмат хатлари тўлиқ ўзбек тилида тайёрланишига эришилди. Фақат қўшни республикалар, яқин ва узоқ хориж мамлакатлари, халқаро молия институтлари, элчихоналар билан ёзишмалар рус, инглиз ёки бошқа хорижий тилларда амалга оширилмоқда. Шунингдек, Жамият тизимидаги филиалларда барча ташқи ёзувлар, шу жумладан, пешлавҳалар ва бошқа кўргазмали ахборот матнлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тайёрланмоқда. Жойларда ўтказилган малака ошириш курслари, ўқув-семинарларда ҳам дастурлар, маъруза матнлари, слайдлар давлат тилида тайёрланмоқда.

Бундан ташқари, маслаҳатчи томонидан жорий йилнинг май ойида Жамият тасарруфидаги Тошкент тиббий-санитария қисмида мақсадли ўрганиш ишлари ўтказилди. Хусусан, у ердаги кўргазмали материалларнинг айримлари кирилл алифбосида, айримлари лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосида эканлиги кўзга ташланди. Ташкилот мансабдор шахсларининг лавозимлари ёзилган махсус картонларда учраб турадиган рус тилидаги таништирувлар танқидий кўрсатиб ўтилган эди. Ташкилот раҳбари масъуллигида зудлик билан бу камчиликлар бартараф этилди ва келгусидаги фаолиятда ҳаммасини бир хилда давлат тили – ўзбек тилида, лотин ёзувида тайёрлаш бўйича зарур топшириқлар берилди.

 

   III. Соҳада давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича: 

   Жамият тизимида давлат тилини ривожлантиришга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергияси соҳасига оид халқаро сўз ва атамалар, термин ва номларнинг ўзбекча муқобиллари яратилган Энергетика вазирлиги доирасидаги икки тилли терминологик луғат, қўлланма ёки Энергетика соҳаси атамаларининг изоҳли луғати”ни ишлаб чиқиш ва ундан вазирлик тасарруфидаги республика ва тизим ташкилотлари иш фаолиятида – бухгалтерия ҳисоботлари, буйруқлар иловалари, қарор, фармон ва фармойиш лойиҳалари ҳамда бошқа тегишли ҳужжатларни тайёрлашда фойдаланишларини йўлга қўйиш борасида ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, бу борада ҳозирги кунга қадар мавжуд бўлган соҳавий луғатлар бир-бири билан солиштирилиб чиқилмоқда.

   Батафсил: https://telegra.ph/uzbekistonmetuz-09-02

   Давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш бўйича таклифлар киритиш йўналишида ҳам бирмунча ҳаракатлар қилинмоқда. Хусусан, ижтимоий тармоқ соҳаларида бу мавзуда оид баҳс-мунозараларда иштирок этиб, тегишли таклифлар билдириб келинмоқда.

   Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, ушбу тизимда кўп йиллардан буён аксарият ҳолларда рус тилида фаолият юритиб келинган. Айни пайтда босқичма-босқич барча хат ва ҳужжатлар давлат тилида ташкиллаштирилмоқда. Бевосита раҳбар ҳузурида давлат тилини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш ҳамда қарорлар қабул қилиш, шунингдек, бошқарув раисининг маънавий-маърифий соҳани ва давлат тилини ривожлантиришга қаратилган буйруқ, қарор ва кўрсатмалари ижросини назорат қилишда ҳам жонбозлик кўрсатилмоқда.

   IV. ОАВ, интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларда давлат тилига бағишланган мақола ва материаллар бериб бориш бўйича:

   Бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш жараёнларида фаол иштирок этиб, асосан бу йўналишда ижтимоий тармоқларда давом этаётган баҳс-мунозараларда ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Хусусан, «Миллий тикланиш» партияси Кенгаши ташаббуси билан ташкил қилинган «Фикрлар чорлови» муҳокамалар каналида кўпгина долзарб фикр-мулоҳазалар билан муносиб иштирок этди. Шунингдек, Telegram ва Facebook каби ижтимоий тармоқларнинг махсус саҳифаларида давом этаётган тил мавзусидаги тортишувли мунозараларда фаол қатнашиб келмоқда.

   Ўзбек тилига ҳукумат даражасида қаратилаётган эътиборнинг ўзи тил жонкуярлари учун катта далда, зўр мадад эканлиги хусусида, шунингдек, мана шундай нурли ва файзиёб кунларни соғиниб, орзу қилиб ўтишган буюк маърифатпарвар аждодларимиз ҳаққи ҳурмати бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш, оммавий ахборот воситаларининг барча туридан кенг фойдаланган ҳолда тарғибот-ташвиқот фаолиятини жонли тарзда олиб бориш талаб қилинади. Шу маънода, маслаҳатчи томонидан «Янги Ўзбекистон» газетасининг 8 апрель ва 21 апрель сонларида «Аждод тили, авлод тили — давлат тили» ҳамда «Тиниқ мақсад, тиниқ тилаклар» номли мулоҳазали мақолалари чоп этилди. Шунингдек, «Айтиб қўяй, мен ўзбекча курашаман!» номли мақоласи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг сайти ҳамда Департаментнинг интернет саҳифаларида эълон қилинди.

   Шунингдек, Департаментнинг “Маданият ва маърифат” телеканали билан ҳамкорликда ташкил этилган “Тил – қуёш, адабиёт – нур” рукнидаги маърифий кўрсатувида икки адиб – Саид Аҳмад ва Саида Зуннуновалар ижоди мисолида таҳлилий чиқиш қилинди.

   “Ўзбекистон” телеканалидаги мунозаралар чорраҳаси ҳисобланган “Муносабат” кўрсатувининг айнан ўзбек тили мавзусига бағишланган (сентябр ойида) сонида ўзининг тегишли фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этди. “Ўзбекистон” радиоканалининг “Тунги ҳамроҳ” эшиттиришига таклиф этилиб, мазкур дастурда ҳам бугунги кунда ўзбек тилига бўлаётган эътибор ва истиқболдаги вазифалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.

   “Ўзбекистон-24” телеканалининг “Студия-24” кўрсатувида ҳам чиқишлар қилиб, (октябрь ойида) тил ва эл озодлиги мавзусидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

   Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/4830

   Ўзбекистон ўсмир ёшларининг нашри бўлган “Тонг юлдузи” газетасида (октябрь ойида) айнан давлат тилига бўлган бугунги эътибор ва ёшларимизни ўз тилимизга ҳурмат руҳида тарбия топишларига оид мушоҳадалари эълон қилинди.

   Айнан О. Тўхташев қаламига мансуб бўлган “Она тилим” шеърий ролиги байрам арафасида кўп бор эфирга узатилди. Қолаверса, Ватанимиз Мустақиллиги байрами олдидан “Маҳалла” ҳамда “Ўзбекистон” радиоканалларида тил ва эл озодлиги хусусидаги чиқишларини ҳам санаб ўтиш мумкин.

   Бундан ташқари, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ва Энергетика вазирлигининг махсус интернет сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқ саҳифаларида “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг Ахборот хизмати ходимлари билан биргаликда олиб борилаётган маънавий-маърифий йўналишдаги кенг кўламли ишлар тўғрисидаги таҳлилий чиқишлар ташкил этилган.

   V. Бошқа вазифалар ва йўналишлар бўйича:

   Жамиятнинг интернет тармоғидаги uzbekistonmet.uz расмий веб-сайти ҳамда Телеграм каналлари орқали Мустақиллик байрами, “Ўзбек тили куни”, Конституция, Давлат байроғи ва Мадҳияси қабул қилинган кунлар арафасида идора ёшлари ўртасида китобхонлик ҳамда билимдонлик синовлари ташкил қилинди.

   Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5351

                         https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5352

                         https://t.me/uzmetaxborotxizmati/5353

   Мазкур тадбирларга юрт озодлигини қадрлаш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш иштиёқи ва шунингдек, ўзбек тилига ҳурмат руҳида тарбия топиб, мамлакат номини дунёвий саҳналарга олиб чиқиш сингари руҳлантирувчи даъватлар моҳиятан сингдирилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

 

О. Тўхташев,  “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раисининг

давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Телеграм каналига аъзо бўлиш учун  t.me/uzmetaxborotxizmati

>