Жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиши учун замон талабларига мос шарт-шароитлар яратиш, спорт мусобақалари орқали ёшларда ўз иродаси, кучи ва имкониятларига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, мардлик ва ватанпарварлик, она Ватанга садоқат туйғуларини камол топтириш, шунингдек, ёшлар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ишларини тизимли ташкиллаштириш ҳамда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Юртимиз вакилларининг Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, Осиё ўйинлари ва чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани, дунёда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва спорт салоҳияти янада ошаётгани, республикамиз ҳудудларида жаҳон андозаларига мос муҳташам спорт иншоотлари барпо этилаётгани, ўқувчи ва талаба ёшлар ўртасида спорт ўйинлари оммалашиб бораётгани айниқса эътиборлидир.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммавий спортнинг инсон ва оила ҳаётидаги муҳим аҳамияти, унинг жисмоний ва маънавий соғломликнинг асоси эканини тарғиб-ташвиқ қилиш, ҳаётга катта умид билан кириб келаётган ёшларни зарарли одатлардан асраш, уларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш борасида муҳим ва долзарб вазифалар турибди.
Бир сўз билан айтганда, юқоридаги фикрлар — мамлакатимизда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, юртимизда бу борада яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3031-сон қарорида белгилаб берилган.
Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланганидан дарак.
Чунки спорт аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиради. Турли касалликлар, ёшлар ўртасида зарарли одатларнинг олдини олади. Спорт юксак маданият, ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади. Бу соҳада эришилган ютуқлар мамлакатни дунёга танитади, барча юртдошларга ғурур-ифтихор бағишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6099-сон Фармони ижросини ташкил этиш мақсадида “Сирдарё магистрал электр тармоқлари” филиали Касаба уюшмаси ва Жамият Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ҳамкорлигида филиалнинг маъмурий биносида шахмат, шашка ва стол тенниси бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Ушбу спорт тадбирини “Сирдарё магистрал электр тармоқлари” филиали директори Илҳом Аъзамқулович Худайназаров очиб бериб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонларидан пандемия даврида оммавий спорт турларига бўлаётган катта эътибор, ташкилотларда “Шахсий намуна” тамойили асосида ўзларининг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш) яхшилаш орқали ходимларнинг антропометрик кўрсаткичлари яхшиланиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари айниқса, ёшлар ўртасида югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари ташкил этиш фикри илгари сурилаётганлиги ва бир қанча фармойиш, қарор ва бошқа турдаги ҳужжатлар ишлаб чиқилаётганлиги бежиз эмаслиги ва биз айниқса ёшлар ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифаларни бажариши кераклиги таъкидлаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди. Филиал раҳбари барча мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
Иштирокчилар билан биргаликда тадбир бошланиши олдидан гимнастика машқларини бажарилиб, сўнг тадбирга старт берилди.
Шахмат бўйича ўтказилган мусобақада 1-фахрли ўринни Юрий Михайлович, 2-ўринни Абдуманон Аъзамқулов ва 3-ўринни Александр Рассадин эгаллашди.
Шашка бўйича ўтказилган мусобақада 1-фахрли ўринни Баҳодир Файзиев, 2-ўринни Шуҳратжон Мамадалиев, 3-ўринни Дамир Галиаскаров эгаллашди.
Стол тенниси бўйича аёллар ўртасида мутлоқ ғолиб Диана Шадрина бўлди.
Худди шу ўйиннинг эркаклар ўртасида бўлиб ўтган мусобақасида 1-фахрли ўринни Аслиддин Дўсматов, 2-ўринни Диана Шадрина, 3 ўринни эса Муҳаммад Хўжаёровлар эгаллашди.
Тадбир якунида барча ғолиб иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди. Спорт ўйинлари 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган сана байрами арафасида ўтказилгани иштирокчиларга байрамона кайфият туҳфа этди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлиш учун t.me/uzmetaxborotxizmati