Коррупцияга қарши курашиш
Очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя қилмаган маҳаллий ҳокимликлар мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чоралари кўрилди
  • 14.11.2024
  • 11

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган ҳамда Фарғона вилоятининг туман ва шаҳарларида жорий йилнинг 3-чораги якунлари бўйича Давлат раҳбарининг ПФ-6247-сон Фармонига асосан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиб борилиши ҳолати таҳлил қилинди.

Жумладан, Наманган вилоятининг Наманган, Уйчи, Учқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Фарғона тумани, Қувасой ҳамда Марғилон шаҳарлари ҳокимликларининг бу борадаги фаолияти жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Маълумки, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан 12 турдаги маълумотларни даврий равишда очиқ эълон қилиб борилиши белгиланган.

Ўрганишлар давомида қатор туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлашда сусткашликларга йўл қўйилгани аниқланди.

Хусусан, ҳокимликлар томонидан

амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги ёки маҳаллий буджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги ва бошқа қатор муҳим

маълумотлар белгиланган тартибда эълон қилиниши чоралари кўрилмаган.

Натижада, ушбу камчиликларни бартараф этиш ва қонунбузилишларига йўл қўйган масъул ходимларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Наманган ҳамда Фарғона вилоятлари ҳокимликларига тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда 3 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд органларига юборилди.

Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш бўйича мажбуриятларини мониторинг қилиш ишлари мунтазам давом эттирилади.
——————
Агарда сиз коррупцияга дуч келсангиз Агентликнинг «Салл-маркази» – 1253 ёки eanticor.uz  электрон платформаси орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Манба: https://t.me/antikor_uzb/3111

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>