Янгиликлар
Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг энергия аудитини ўтказиш тартиби тасдиқланди
  • 23.10.2024
  • 76

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 19 октябрдаги 690-сонли қарори билан ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари ҳамда бино ва иншоотларнинг энергия истеъмолини энергия аудитидан ўтказиш тартиби тасдиқланди.

2024 йил 1 ноябрдан 200 квадрат метрдан ортиқ майдонли бино ва иншоотларнинг энергия самарадорлиги тоифасини аниқлаш учун қуйидаги тоифалар жорий этилади: «А», «В», «С», «Д», «Е», «Ф» ва «Г».

Бунда «А» тоифаси энг юқори энергия самарадорлигига эга бино ва иншоотларни, мос равишда «Г» тоифаси – энг паст энергия самарадорлигига эга бўлганларини белгилаш учун қўлланилади.

Энергия самарадорлиги – ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланиш натижасида олинган самара нисбатининг ёқилғи-энергетика ресурслари сарфига нисбатини акс эттирувчи кўрсаткич.

Жорий йил якунига қадар 200 квадрат метрдан ортиқ фойдали майдонга эга бино ва иншоотларнинг энергия аудити натижалари бўйича тайёрланган энергия паспортлари ва ҳисоботларнинг электрон реестрини юритиш учун мўлжалланган махсус электрон платформани ишлаб чиқиш ва ишга тушириш режалаштирилган.

2024 йил 9 ноябрдан кучга кирадиган “Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 2024 йил 7 августдаги ЎРҚ-940-сонли Қонунга мувофиқ  қуйидагилар тасдиқланди:

ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг мажбурий энергия аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;

бино ва иншоотларнинг энергия истеъмолини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
 
Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларининг мажбурий энергия аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом қуйидагиларни назарда тутади:

энергия аудитини ташкил этиш тартиби;

энергия аудити турлари;

истеъмолчиларнинг энергия аудитини ўтказиш босқичлари;

энергия аудити натижалари бўйича тавсияларни бажармаганлик учун чоралар.
 
Мажбурий энергия аудити Давлат энергетика реестрига киритилган субъектларда бирламчи, даврий, навбатдан ташқари шаклда ва экспресс-энергия аудити шаклида ўтказилади.

Даврий энергия аудити мажбурий тартибда беш йилда камида бир марта ўтказилади.

Энергия аудити янги қурилаётган, мавжуд, функционал ўзгартирилган (қайта профилланган), реконструкция қилинган, капитал таъмирланган ва модернизация қилинган бино ва иншоотларнинг энергетик паспортларини ишлаб чиқишда ҳамда энергияни тежашга қаратилган бошқа тадбирларни амалга оширишда ўтказилади.

Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 21 октябрдан кучга кирди.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/13318

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>