ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
minenergy.uz — Тошкентда Марказий Осиё электр энергетика Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 41-йиғилиши бўлиб ўтди
  • 23.05.2024
  • 83

Бугун, 23 май куни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган Марказий Осиё электр энергетика Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 41-йиғилиши бўлиб ўтди.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш — Марказий Осиё энергетика тизимларининг ҳамкорликдаги фаолиятини мувофиқлаштириш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан комплекс фойдаланишни таъминлаш, энергетика соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузилган шартномаларни амалга ошириш бўйича маслаҳат органи ҳисобланади.

Шунингдек, электр энергетика соҳаси масъуллари томонидан 2024 йилнинг вегетация даврида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, энергия тақчиллиги ва йирик аварияларнинг олдини олиш, ҳамкорликнинг истиқболли режалари, 2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари ва мавжуд муаммоларнинг ечимлари таҳлил қилинди.

Кенгаш ишида энергетика соҳасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш — таъминот барқарорлигига эришиш ва келгуси ишлар самарасида муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, электр энергетика тармоғи диспетчерлари ҳамда мутахассисларининг диспетчерлик жадвалига риоя қилиш, навбатчи ходимлар ва диспетчерларнинг малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, соҳа мутахассислари ўртасида машғулотлар ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Ишчи тартибдаги мажлисларда Арманистон ва МДҲнинг бошқа давлатлари мутахассислари видеоконференс-алоқа орқали ўз тақдимот ҳамда маърузалари билан қатнашдилар. Россия Федерациясидан ташриф буюрган мутахассислар кузатувчи мақомида иштирок этиб, техник-муҳандислик масалалари ечимида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Кенгашнинг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг октябрь ойида Қозоғистон Республикасининг Алмати шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Манба: https://t.me/minenergy_uz/11511

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>