Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумидаги нутқи
  • 02.05.2024
  • 40

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган сиз, азизларни чин қалбимдан самимий қутлашга ижозат бергайсиз.

Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, йилдан-йилга яхши анъанага айланиб бораётган ушбу формат доирасида юртимизда дунёнинг барча қитъаларидан янгидан-янги ишончли ҳамкорларимиз жам бўлмоқда.

Ўтган уч йил давомида мазкур форум икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, илғор ғоя ва ёндашувларни ишлаб чиқиш учун самарали мулоқот майдонига айланди. Бугунги тадбиримизга 93 та давлатдан икки ярим мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар келгани ҳам форумнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини яққол тасдиқлайди.

Бу ўз навбатида, мамлакатимизда ортга қайтмас тус олган ислоҳотларга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга бўлган улкан қизиқишдан далолат беради.

Ҳурматли форум қатнашчилари!

Бугунги анжуманимиз глобал геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган, барқарор ривожланиш йўлида хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётган даврга тўғри келмоқда.

Дунё тартиботида чуқур трансформация жараёнлари кечмоқда. Товар ва хизматларни етказиб бериш занжирларидаги узилишлар, халқаро савдонинг пасайиши, инвестиция оқимларининг камайиши, иқлим офатларининг кучайиши – вазият нақадар беқарор ва заиф эканини яққол кўрсатмоқда.

Жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари сўнгги уч йил давомида пасаймоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар билан боғлиқ тенденциялар ҳам кутилган умидларни оқламаяпти. 2023 йилда ривожланаётган давлатларга киритилган инвестициялар умумий ҳажми 9 фоизга камайди.

Албатта, биз бугун жаҳонда инвесторлар учун мислсиз кураш кетаётганини яхши тушунамиз. Бироқ бир ўзгармас ҳақиқат тобора ойдинлашмоқда. Ҳеч бир мамлакат бу каби ўткир муаммоларни якка ҳолда ҳал эта олмайди. Ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳи, бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойили узоқ муддатли ҳамкорликнинг мустаҳкам устуни бўлиб қолаверади.

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!

Биз мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳитини тубдан яхшилаш, бу йўлдаги тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш учун қатъий қадамлар ташладик. Айнан шу боис ҳар бир сармоядор ўзини эркин ва ишончли ҳис қилиши учун кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираяпмиз.

Сизлар яхши биласиз, бундан етти йил муқаддам биз учун осон бўлмаган, лекин катта марраларни кўзлаган тизимли ислоҳотларни бошлаган эдик. Биз иқтисодиётни эркинлаштириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, тадбиркорлар учун имкониятларни ҳар томонлама кенгайтиришни асосий мақсадимиз этиб белгиладик.

Сўнгги йилларда иқтисодиётимиз қарийб икки баробар ўсди. Ўтган йил якуни бўйича бу ўсиш 6 фоизни ташкил қилди. Инфляция 9 фоизгача пасайди. Савдо айланмаси кўрсаткичлари муттасил ошмоқда. Валюта бозори ва олтин-валюта захиралари барқарорлиги сақлаб қолинмоқда.

Охирги йилларда мамлакатимизда 60 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Халқаро молия институтларининг 14 миллиард доллардан ортиқ маблағлари ижтимоий ва инфратузилма соҳаларига жалб қилинди.

Ўтган йилнинг ўзида хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробар кўпайди. Шу ўринда энергетика соҳасида “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren”, “Voltalia”, “Ҫalɩk” ва “Aksa”; кимё саноатида “Air Products”, “Indorama” ва “Камсе”, тоғ-кон ва металлургияда – “Orano” ва “DANIELI”, автомобилсозлик ва электротехника йўналишларида “BYD”, “Kia” ва “Samsung”, қурилиш соҳасида “Коҫ” ва “KNAUF” каби дунёнинг етакчи компаниялари ҳамда йирик брендлари билан 300 дан ортиқ инвестиция ва саноат лойиҳалари ишга туширилгани ва юз минглаб янги иш ўринлари яратилганини катта мамнуният билан таъкидламоқчиман.

Бугунги форум доирасида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа шерикларимиз иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бу ишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган хорижий инвесторларга, барча ҳамкорларимизга ўзимнинг чуқур ва самимий миннатдорлигимни изҳор этаман.

Биз тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошқа устувор йўналишларда қатор аниқ чораларни ишлаб чиққанмиз.

Эндиликда хорижий сармоядорлар акциялардан олинаётган дивидендлар бўйича солиқлардан уч йил муддатга озод этилади.

Яқинда Хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунни қабул қилдик. 250 та йирик корхонанинг давлат улушини ва салкам 1000 та кўчмас мулк объектларини сотиш, 12 та корхона акцияларини фонд бозорларида бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) учун янги дастур ҳам ишга туширилди.

Тадбиркорлар барқарорлиги рейтинги жорий этилди. Юқори рейтингга эга тадбиркорлик субъектлари учун солиқ текширувлари ўтказилмайди.

Энергетика йўналишидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасини ижтимоий ва бошқа инфратузилма соҳаларида ҳам кенг татбиқ этишни режалаштирганмиз. Хусусан, Хитойнинг “Ситик” ва “Камсе” компаниялари билан ирригация ва автомобиль йўллари, Франциянинг “Suez” ва “Veolia” компаниялари билан ичимлик суви таъминоти, “Inter Health” ва “Pure Health” араб компаниялари билан замонавий тиббиёт муассасаларини қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Саноат зоналари инфратузилмасини бюджет маблағлари ҳисобидан ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратмоқдамиз. Тадбиркорларга ер ажратишнинг замонавий шаффоф тамойиллари – яъни, аукцион савдо тизими йўлга қўйилди. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш доирасида қонунчиликни уйғунлаштиришга қаратилган 60 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиб, 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия ишлаб чиқилмоқда. Ўтган йили Тошкентда коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро тадбирларни ўтказдик.

Низоларни адолатли ҳал этиш мақсадида Тошкент халқаро арбитраж маркази муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Унинг таркибида Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Италия, Швеция, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари каби мамлакатлардан 90 дан ортиқ нуфузли ҳакамлар ўрин олган.

Инвесторлар учун яна бир муҳим кўрсаткич. Охирги етти йилда олий таълим қамрови 9 фоиздан 42 фоизга ошди, олий ўқув юртлари сони 200 тадан ортди.

Ўзбекистонда 90 дан ортиқ давлатларга визасиз режим жорий этилди.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Бизнинг асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир.

Давлатимиз бозор муносабатларини ривожлантиришни, инвесторлар ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинишини, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришни, ҳалол рақобат учун янада кенг шарт-шароитлар яратишни, хусусий мулк дахлсизлиги ва суд тизимининг мустақиллиги таъминланишини ўз зиммасига олмоқда.

Биз бу тамойилларни ўтган йили умумхалқ референдумида қабул қилинган янги Конституциямизда қатъий муҳрлаб қўйдик.

Сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида бугун сизларга қатор аниқ таклифларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонунни қабул қиламиз. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига бу борадаги яқин ҳамкорлиги учун алоҳида миннатдорлик изҳор этмоқчиман.

Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади. Бунинг учун яқин муддатларда махсус қонунни қабул қиламиз. Процессуал кодексларга ушбу халқаро тижорат суди қарорлари тўлақонли ижро этилишига оид меъёрларни ҳам киритамиз.

Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувларни жорий этамиз.

Юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларга янада қулай шарт-шароитлар яратилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.

Бу масалаларнинг барчасини эртага Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишида батафсил муҳокама қиламиз.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Тизимли ислоҳотларни давом эттириш, кучли ва фаровон давлат қуриш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қабул қилдик. Бу муҳим ҳужжатда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини ислоҳ қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича 100 та аниқ вазифа ўз аксини топган.

2030 йилга бориб, аҳоли даромадларини икки баробар ошириш ва ушбу кўрсаткич бўйича ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришни мақсад қилиб қўйганмиз.

Иқтисодиётда чуқур трансформация жараёнларини, қулай инвестиция ва бизнес муҳити ҳамда саноатда юқори қўшилган қийматни яратишни изчил давом эттирамиз.

Шу ўринда ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни кенгайтириш бўйича устувор йўналишларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи йўналиш: “яшил” энергетика. Энергетика тармоғи самарадорлигини ошириш бутун минтақамиз учун долзарбдир. Бу борада мамлакатимизда 28 та лойиҳа устида ишлар давом эттирилмоқда.

Биз 2030 йилгача 20 гигаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини яратиш ва энергетика балансида унинг улушини 40 фоизга етказишни мақсад қилганмиз.

Ўтган йилнинг ўзида 1,4 гигаватт қувватдаги йирик шамол ва қуёш электр станцияларини стратегик шерикларимиз бўлган “Masdar”, “Gezhouba”, “China Energy” компаниялари билан ишга туширдик. Шунингдек, “ACWA Power” билан “яшил водород” ишлаб чиқариш лойиҳасини ҳам бошлаб юбордик.

Энг эътиборли жиҳати – ушбу муҳим лойиҳалар давлат-хусусий шериклик тамойили асосида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Бугун форум доирасида сиз, инвесторларимиз учун қўшни Қирғизистон ва Тожикистондаги гидроэлектр станцияларини биргаликда қуриш лойиҳалари тақдимотини ўтказамиз. Ушбу йўналишда барча давлатлар етакчи компанияларини очиқ мулоқот ва амалий ҳамкорликка таклиф этамиз.

Иккинчи йўналиш: банк-молия соҳаси. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўплаб хусусий банклар очилди. Бозоримизга Европанинг етакчи банклари кириб келди. Қатор рақамли банклар ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистоннинг йирик банкларидан бири бўлган “Асакабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди. Шунингдек, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки билан бошқа йирик банкларимизнинг трансформацияси ва хусусийлаштириш жараёнлари фаол олиб борилмоқда.

Молиявий ресурсларга талабни қондириш учун капитал бозорини ривожлантириш бўйича ёндашувлар қайта кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда халқаро молиялаштириш инструментларини ривожлантириш устида иш олиб борилмоқда. Хорижий сармоялар оқими бир неча баробар ортиши, корпоратив бошқарув сифати ошиши, янги етакчи банк-молия институтлари кириб келишини кутиб қоламиз.

Учинчи йўналиш: фойдали қазилмалар. Ўзбекистон – минерал ресурслар ва муҳим металларнинг катта базасига эга мамлакатдир. Юртимизда олтин, мис, вольфрам, кумуш, ураннинг улкан захиралари мавжуд. Нодир ва ноёб минераллар қаторида литий, магний, молибден, германий, ванадий ва индий каби 30 дан ортиқ металларнинг захираларига алоҳида эътибор қаратишни истардим.

Ўтган ойда Европа Иттифоқи билан ўта муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик ўрнатилди. Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия билан ҳам шундай битим устида иш олиб бораяпмиз.

Бу борада замонавий халқаро тажриба асосида янги таҳрирдаги “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинади. Шу ўринда, Европа тикланиш ва тараққиёт банкига бу ишдаги салмоқли ҳиссаси учун алоҳида раҳмат айтмоқчиман.

Стратегик хомашёларни чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш учун етакчи компанияларни Ўзбекистонга таклиф этамиз.

Тўртинчи йўналиш: мамлакатнинг IT трансформацияси. Бир йил ичида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти икки баробар ошди. Келажакда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказишни режа қилганмиз.

IT-парк резидентлари сони ўн баробар кўпаяди, келгусида 100 минг янги ишчи ўрни яратилади. Бундан ташқари, унинг базасида хорижий компаниялар учун Рақамли технологиялар халқаро маркази яратилмоқда.

Бу борада Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан “яшил” энергия асосида ишлайдиган “Маълумотлар маркази”ни барпо этаяпмиз. Бу мамлакатимизни рақамли иқтисодиётга ўтказиш ва сунъий интеллект асосида технологияларни жорий этишга улкан туртки бағишлайди, деб ҳисоблаймиз.

Бешинчи йўналиш: транспорт инфратузилмасини ривожлантириш. Қулай ва замонавий транспорт тизимларини яратиш вазифасига устувор эътибор қаратаяпмиз.

Темир йўл соҳасида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда, тармоққа хусусий инвесторларни жалб этиш учун кенг имкониятлар очилмоқда. Пуллик автомобиль ва тезюрар темир йўлларни қуриш бўйича қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Тошкент, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини ривожлантириш ва янгиларини қуриш бўйича салоҳиятли хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик лойиҳалари тайёрланмоқда.

Маълумки, биз хорижий шерикларимиз билан биргаликда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўлларини қуриш бўйича дастлабки ишларни бошладик.

Ушбу стратегик лойиҳалар минтақадаги геоиқтисодий вазиятни бутунлай ўзгартириб, Марказий Осиёни Шимол ва Жануб, Шарқ ва Ғарб билан боғлайдиган глобал транзит марказига айлантиради.

Биз инвесторларни ва халқаро ташкилотларни бу йирик минтақавий лойиҳаларда қатнашишга, Буюк Ипак йўлини замонавий асосда қайта тиклашга таклиф қиламиз.

Азиз дўстлар!

Янги Ўзбекистон – беқиёс имкониятларга эга, адолатли ва жадал ривожланаётган дунёвий мамлакатдир.

Биз ҳар куни ҳаётга татбиқ этаётган улкан ғоя ва буюк орзуларимизнинг асосий илҳом манбаи – бу, энг аввало, меҳнаткаш ва олижаноб халқимиздир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, бугун бу ерда йиғилган инвесторлар ўзларининг энг илғор технология ва тажрибалари, янги таклиф ва ёндашувлари билан бизни фақат олға юришга ундайди.

Сизларга муҳим бир фикрни етказмоқчиман: ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳангиз бўйича давлатимиз, ҳукуматимиз аъзолари сизларга елкадош бўлиб, ёнингизда туриб, уларни тўлиқ амалга оширишда яқиндан ёрдам беради.

Шундай қилсак, сизларга маъқул бўлади, деб ўйлайман.

Инвестициялар – бу мамлакатимиз трансформациясининг локомотиви ва иқтисодий тараққиётимизнинг мустаҳкам драйверидир.

Ҳеч шубҳасиз, бугунги Халқаро инвестиция форуми ва сермаҳсул музокаралар амалий ҳамкорлигимизни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқишига ишонаман.

Барчангизга анжуманимизда иштирок этаётганингиз учун яна бир бор ташаккур изҳор этаман.

Эътиборингиз учун катта раҳмат.

 

Манба: https://president.uz/uz/lists/view/7194

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>