Янгиликлар
«Ўзбекистон-24» телеканали: Электр таъминоти соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда юқори кучланишли подстанцияларда олиб борилаётган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари
  • 16.04.2024
  • 47

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти: Электр таъминоти тизимининг барқарор фаолияти — тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг таянчи ҳисобланади

Барчамизга маълум, сўнгги 6–7 йилда юртимизда тадбиркорлик фаолиятига, жумладан ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга кенг имкониятлар берилди. Бунинг натижаси ўлароқ ҳозирда минглаб юридик шахслар, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона ва турли хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар мамлакатимиз иқтисодиётига ўз ҳиссасини кўшиб келмоқда. Шу билан бирга, йирик саноат корхоналар сони ошиб бормоқда.

Албатта, бу давр ичида аҳоли сонининг ошиб бориши ва ҳамюртларимизнинг турмуш шароитлари яхшиланиб бораётгани рост. Буларнинг барчаси ёқилғи-энергия ресурсларига бўлган талабни кескин ошириб юбораётгани ҳам айни ҳақиқат. Шунинг учун энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кенг олинган. Аммо ҳали қилинадиган ишлар кўп, муаммолар бор. Демак, янги тармоқлар қуриш, мавжудларини модернизация-реконструкция қилиш талаб этилади ва тизимни рақамлаштириш жараёни жадаллашиши лозим.

Худди шу каби вазифалар билан шуғулланаётган ташкилотларидан бири бўлган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикасининг магистраль электр тармоқларидан фойдаланиш ҳамда уларни жорий ва капитал таъмирлаш, саноат ҳамда урбанизация тарақиёти манзилларига мувофиқ ривожлантириш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ва қисман қўшни давлатлардан импорт қилинаётган электр энергиясини юқори кучланишли тармоқлар орқали тақсимловчи электр тармоқларига етказиб бериш, қўшни давлатларнинг электр энергетика тизими билан ҳамкорлик қилиш, шу билан бирга, соҳада қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция ишларини амалга ошириш билан шуғулланади.

Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибида 85 та юқори кучланишли подстанция ва 12 минг киломердан зиёд 220 ва 500 киловолт кучланишли магистраль электр узатиш тармоқлари мавжуд.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти балансида жами 12594,52 километр узунликка эга электр тармоқлари бўлиб, шулардан 500 киловолт кучланишли — 2877,4 километр, 220 киловолт кучланишли — 8568,8 километр, 110 киловолт кучланишли — 1089,5 километрни ташкил этади.

Тан олиб айтиш керакки, мустақилликнинг чорак асри давомида электр тармоқлари ва подстанцияларда жисмонан ва маънан экирган электр ускуна-жиҳозлари деярли алмаштирилмаган, фақат жорий ва мавсумий таъмирланган. Охирги олти-етти йилда эса халқаро молия институтлар маблағлари жалб этилиб, йирик инвестиция лойиҳалари, бундан ташқари, давлат-хусусий шериклиги асосида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Келинг, аниқ рақамларга to‘xtalaylik...

Акциядорлик жамияти томонидан 2023 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 17 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 23 та инвестиция лойиҳасини ташкил этади ва бу режа жорий йилда бажарилмоқда.

 

 

Яна бир факт ҳамда жорий йилга режа: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Модернизация дастури доирасида 7 та подстанцияда 1452,3 мегаволтампер қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилди. 2024 йил бу кўрсаткич яна 3 та подстанцияда жами 434 мегаволтампер бўлиши учун тегишли қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

2023 йилда бажарилди: Модернизация дастури доирасида 7 та подстанцияда 1452,3 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилди. Жумладан,

  • Фарғона вилоятидаги «Сокин» ПС 200 МВА,

  • Тошкент шаҳри «Юксак» ПС 75 МВА,

  • Сурхондарё вилояти «Шеробод» ПС 125 МВА,

  • Қашқадарё вилояти «Қарши» ПС 202,3 МВА,

  • Тошкент вилояти «Чирчиқ» ПС 125 МВА,

  • Андижон вилояти «Сарой» ПС 125 МВА,

  • Навоий вилояти «Томди» подстанциясида 600 МВА.

Бундан ташқари, жами 309 та куч трансформатори, 1716 та 110–220–500 кВ кучланишли ўчиргичлар, 25 та компрессор қурилмаси, 5900 км зиёд узунликдаги юқори кучланишли электр тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланди, 11865 км узунликдаги магистраль электр тармоқлари даврий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

 

 

2024 йил учун режа: модернизация дастури доирасида амалга оширилган ишлар натижасида 3 та подстанцияда жами 434 МВА қўшимча қувват яратилиши режалаштирилган, жумладан, Андижон вилояти «Лочин» подстанциясида 300 МВА, Наманган вилояти «Сардор» подстанциясида 100 МВА, Тошкент шаҳри «Қуйлиқ» подстанциясида 34 МВА.

Албатта, юқорида санаб ўтилган иш ва келтирилган рақамлар юқори кучланишли подстанция ва тармоқларда бирорта муаммо ва камчиликлар қолмади, дегани эмас. Йилдан-йилга, мавсумдан-мавсумга ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун ҳали кўплаб электр қурилма ва жиҳозлар янгиланиши, муҳими — тўғри эксплуатация этилиши, замонавий, ихчам, рақамли технологиялар асосида ишлайдиганларига алмаштирилиши лозим ва бу ишлар амалга оширилмоқда.

Акс ҳолда 2023 йилда генерация жараёнида ҳосил бўлган 71,9 млрд кВт•соат электр энергиясини тарқимловчи тармоқларга узатишнинг имкони бўлмас эди. Жорий йилда эса магистраль электр тармоқлари орқали 74,0 млрд кВт•соат электр энергиясини узатиш кутилмоқда.

Хўш, Қорақалпоғистонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

«Қорақалпоғистон магистраль электр тармоқлари» филиалининг тасарруфида 220 киловолт кучланишли 2 та: «Қорақалпоғистон» ва «Беруний» ҳамда 110 киловолт кучланишли «Технологик» подстанциялари мавжуд. Ушбу подстанцияларнинг жами ўрнатилган қуввати 580 мегавол-амперни ташкил этади.

Мисол учун, Филиал тасарруфидаги 220 киловолт кучланишли Л-Беруний (эл-беруний) электр узатиш ҳаво тармоғининг узунлиги 157,62 километр бўлиб, жорий йилда унинг 40 километри мукаммал таъмир режасига киритилган ва бу ишлар ҳозирда амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 2024 йил ёз мавсумига тайёргарлик, мавжуд трансформаторларнинг совутиш тизимининг созлиги, шу билан бирга, тармоқ ва подстанция жиҳозларини тепловизор кўригидан ўтказиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари бажарилмоқда.

 

 

Шунингдек, барча подстанияларда туну кун навбатчилик ташкил этилган. Айни пайтда подстанцияларнинг эстетик қиёфасини яхшилаш ишлари амалга оширилмоқда.

Энергетика ташкилотлари ўз бино-иншоотларида қайта тикланувчи энергия манбаларини ўртатиш бўйича ҳам илғор ҳамда намуна эътирофига сазовор. Мисол учун, Акциядорлик жамиятининг барча маъмурий бино ва иншоотларига умумий қуввати 590 кВт бўлган 21 та кичик қуёш станциялари ўрнатилди.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти энергетика объектлари ҳамда маъмурий биноларида 12 та, умумий сиғими 1800 литр бўлган қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилган бўлиб, юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи энергетиклар беминнат иссиқ сув манбаидан ҳам самарали фойдаланишмоқда.

 

 

Демак, хулоса шуки, магистраль электр тармоқларидаги вазифаларни жадал суръатларда, сифатли тарзда бажариш, бу орқали мамлакатимиздаги электр таъминоти ишончлилигини ошириш лозим. Шунингдек, истеъмолчиларнинг ўсиб бораётган талабларини қондириш, йирик саноат корхоналаридан тортиб ўрта ва кичик бизнес вакиллари ривожи учун ишончли электр таъминоти яратиш жараёнига ўз ҳиссасини кўшиш магистраль тармоқларга хизмат кўрсатувчи мутахассислар олдида турган вазифа.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 ноябрдаги ПФ–199-сон фармонига мувофиқ, «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг тегишли буйруғига асосан, Тошкент вилояти, Бўка тумани, «Дўстлик» маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида 5 гектар ер майдонига 20 минг дона терак кўчати ўтқазиш ишлари амалга оширилмоқда.

⇒ Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини янада оммалаштириш, экология соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва илғор технологияларни кенг жорий этиш, мамлакатимизда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш мақсадида «Яшил белбоғ»лар барпо этилиши белгилаб берилган.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>