Янгиликлар
Online: Туркистон шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарларининг навбатдан ташқари муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтмоқда
  • 29.02.2024
  • 102

Айни пайтда Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатлари энергетикларининг навбатдан ташқари муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарлари иштирок этишмоқда. Муҳокамаларнинг бош мавзуси — Марказий Осиё электр тармоқларини ривожлантириш масалалари.

Тадбир мезбони Қозоғистон Республикасининг «KEGOC» компанияси. Минтақадаги миллий электр тармоқларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақулов ҳамда Акциядорлик жамиятининг бир қатор мутахассислари иштирок этишмоқда.

Бундан ташқари, мазкур йиғилишда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси вакиллари ва бош офиси Тошкентда жойлашган “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази халқаро ташкилотининг мутахассислари ҳам иштирок этишмоқда.

“Rixos” конференция залида бошланган йиғилишни «KEGOC» АЖ бошқаруви раиси Н.Э.Айтжанов очиб берди ва кун тартибига қўйилган масалалар билан таништирди. Наби Эркинович ўз маърузасида Марказий Осиё минтақаси энергетика соҳасида мавжуд долзарб масалалар, юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимларини Қозоғистон электр энергетика тизимини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар мисолида маълум қилди.

Йиғилишда, шунингдек, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Д.А.Исақуловнинг йиғилиш мавзуси юзасидан маърузаси, “Энергия” мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Ҳ.А.Шамсиевнинг “Энергия тизимининг барқарорлиги ҳақида асосий тушунчалар” номли маърузалари тингланиши кутилмоқда.

Тадбир давомида энергетиклар минтақа электр энергетика таъминоти тизимида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими, якунланаётган 2023/2024 йил куз-қиш мавсумидаги ишчи ҳолатлар, 2024 йил вегетация (мелиорация) даврида гидроиншоотлар орқали сув ресурсларни оқилона бошқариш, 2024 йил ёз мавзумига тайёргарлик, бундан ташқари, 2024/2025 йил куз-қиш мавсумигача минтақа электр энергетика тизимида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан истиқболли режалар ҳамда муҳим келишувларга эришиш назарда тутилган.

kun.uz  - Туркистон шаҳрида Марказий Осиё республикалари ҳамда Россия Федерацияси энергетика тизимлари раҳбарларининг муҳокамалар мажлиси бўлиб ўтди

uza.uz - Қозоғистонда энергетика тизимлари раҳбарларининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди

https://t.me/minenergy_uz/10767 - Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида Марказий Осиё давлатлари энергетикларининг йиғилиши бўлиб ўтди

https://telegra.ph/ - Qozog‘istonning Turkiston shahrida Markaziy Osiyo davlatlari energetiklarining navbatdan tashqari yig‘ilishi bo‘lib o‘tdi

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>