Ўзбекистонда электр энергияси етказиб бериш бўйича намунавий шартномага ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилмоқда. Улар аҳоли ва тадбиркорларга электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида кўрган зарари учун суд орқали компенсация ундириш имконини беради.
Ўзбекистонда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг истеъмолчилар билан электр энергияси етказиб бериш бўйича тузадиган намунавий шартномасига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Улар аҳоли ва тадбиркорларга электр энергияси таъминотидаги узилишлар оқибатида кўрган зарари учун суд орқали компенсация ундириш имконини беради.
Шартноманинг 4.1 бандига давлат стандартларига мос равишда электр энергиясини олмаган ёки авариявий узилишлар натижасида электр қурилмаларига зарар етган истеъмолчиларга мазкур зарар қоплаб берилиши бўйича ҳуқуқлар киритилади.
Мазкур бандда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари акс эттирилган бўлиб, унга 3 та янги банд киритилиши режалаштирилган:
♦ Сифат кўрсаткичи давлат стандартларига GOST (32144−2013 ва GOST 13109−97) мувофиқ ўрнатилган тартибда электр энергия олиш;
♦ Электр энергияси тўлиқ ҳажмда етказиб берилмаслиги ёки сифат кўрсаткичлари давлат стандартларига мувофиқ бўлмаган электр энергияси етказиб берилиши оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки электр таъминоти корхонаси (айбдор ташкилот) томонидан етказилган зарарларни белгиланган тартибда қоплаш;
♦ Электр энергияси сабабсиз етказиб берилиши тўхтатилганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш.
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот котиби Фахриддин Нуралиевнинг аниқлик киритишича, амалдаги шартномалар янгиланиши режалаштирилган бўлиб, бунга янги тарифлар эълон қилингани, 1000 кВтдан зиёд электр энергияси сарфлаган аҳоли учун 2−4 баравар ўсувчи коэффициент қўлланиши бўйича ўзгариш туфайли шундоқ ҳам эҳтиёж мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарорига асосан Электр таъминотининг намунавий шартномаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан ишлаб чиқилади, «Ўзэнергоинспекция», Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишилади ва Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланади. Айни вақтда намунавий шартнома электр таъминот корхоналарига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Халқ демократик партияси электр таъминотидаги узулишлар учун жарима қўлланиши ёки етказилган зарар қоплаб берилиши кераклигини қайд этганди.
Ўшанда партия аҳолини электр энергияси, газ ва кўмир билан таъминлаш тизимларини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблашини маълум қилган.
««Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда кафолатланган ҳуқуқлар таъминотчи корхона ва ташкилотлар томонидан мунтазам равишда бузилмоқда. Хусусан, электр энергияси ва газ учун олдиндан тўлов амалга оширилиши билан боғлиқ вазият туфайли истеъмолчилар огоҳлантиришсиз электр энергиясидан узиб қўйилмоқда. Бу ноқонуний, ғайриинсоний муомала. Қишнинг қаҳратон кунларида кекса ота-онаси, гўдаклари ва ҳомиладор аёлларнинг ўз уйида совуқдан қийналишига ҳеч бир юртдошимиз ва истеъмолчи чидай олмайди. Электр энергияси ҳеч қандай сабабсиз узилиб қолганда тадбиркорлар ёки ижтимоий соҳа ташкилотлари ҳам жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Музлатгичларнинг ишдан чиқиши натижасида озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз ҳолга келади, кичик корхоналарнинг ишлаб чиқариш тартиби бузилади, иссиқхонага экилган ўсимликларнинг музлаши оқибатида катта маблағ сарфлаган фермерлар катта зарар кўради. Кутилмаган ҳолатларнинг кўпи етказиб берувчиларнинг ўз вазифаларини масъулият билан бажармасликлари туфайли юзага келади», — дейилганди партиянинг ўша баёнотида.
Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2024/02/22/electricity/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати