ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Матбуот котиблари ва ОАВ вакиллари Хитойда тажриба алмашмоқда
  • 01.02.2024
  • 120

Шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергетика соҳасини рақамлаштириш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида ташкил этилган пресс-турда энергетика тизими матбуот котиблари ҳамда мамлакатимиз қатор ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.

Бугун, 1 февраль куни пресс-тур қатнашчилари “China Energy Engineering Corporation” компаниясининг Пекин шаҳридаги бош офисида бўлишиб, ушбу халқаро компания фаолияти билан яқиндан танишди.

Пресс-тур чоғида иштирокчилар компаниянинг электр станцияларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда уларга сервис хизмати кўрсатиш сингари йўналишлардаги тажрибалари билан танишдилар.

Иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектростанция сингари анъанавий электр станциялари билан бир қаторда, қуёш фотоэлектр станцияси, шамол фотоэлектр станцияси ва атом электр станцияси сингари «яшил» энергетика манбаларини қуриш ҳамда сақлаб туриш борасидаги имкониятлари тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Шунингдек, компаниянинг юртимизга инвестиция киритиш борасидаги фаолияти тўғрисида ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Маълумот учун: мазкур компания юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида умумий қиймати 2 млрд 450 млн долларга тенг лойиҳаларини амалга оширмоқда.
Компания Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станциясини барпо қилмоқда.
Бундан ташқари, Навоий вилоятида қуввати 600 МВт бўлган гибрид электр станциясини (қуёш, шамол ва электр энергиясини сақлаш тизими) қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.
Шу билан бирга, Тошкент, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ҳудудида 8 та электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш лойиҳаси рўёбга чиқариляпти.
 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>