Янгиликлар
Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун барча чоралар кўрилди (+видео)
  • 30.11.2023
  • 61

Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг 2023 йилдаги фаолияти, 2023-2024 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди

Унда ушбу ташкилот масъуллари жорий йилда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2023 йил январь-октябрь ойларида магистраль электр тармоқлари орқали 58,4 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилиб, режа 101,6 фоизга бажарилиши таъминланган. Ўсиш суръати 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 112,1 фоизни ташкил этган. 2023 йил январь-октябрь ойларида экспорт кўрсаткичлари 70,4 миллион доллар миқдорида бажарилган. Жумладан, Афғонистонга 62,8 миллион доллар электр энергияси экспорти ва 7,6 миллион доллар миқдорида электр энергиясининг транзит хизматлари амалга оширилган.  

– “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ тасарруфида 84 та 110, 220 ва 500 киловолт кучланишли подстанциялар, шунингдек, 11698 км. узунликдан зиёд магистраль электр тармоқлари мавжуд, – деди мазкур ташкилотнинг ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов. – Жумладан, 500 киловолт кучланишли тармоқлар 2390,1 км., 220 киловолт 8340,6 км., 110 кВ кучланишли тармоқлар 1133,86 километрдан зиёддир. Подстанцияларнинг тўла ўтказувчанлик қуввати 27983,3 мегавольт-амперга тенг.Тизимда 4 минг нафарга яқин ишчи-ходим хизмат қилади. Шулардан 730 нафарга яқини хотин-қизлар ва 770 нафари ёшлардир. Акциядорлик жамияти таркибидан 14 та ҳудудий магистраль электр тармоқлари, ситуацион таҳлил, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш-монтаж ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Акциядорлик жамиятининг асосий иш вазифаси генерация жараёнида ҳосил бўлган ва қисман импорт қилинадиган электр энергиясини ҳудудларга (тақсимловчи тармоқларга) узатишдан (транспортировка қилиш) иборат. Бундан ташқари, ташкилот электр энергияси импорти ва экспорти бўйича ҳукуматлараро келишувларни амалга оширади.  

Матбуот анжуманида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғи Ҳусан Алиевнинг маълумот беришича, 2023 йил давомида жамият томонидан қиймати 1 346,36 миллион долларга тенг бўлган 17 та йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу йил якуни билан 157,9 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилиб, 3 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган.  

– Жорий йилнинг январь-октябрь ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 73,55 миллион доллар ўзлаштирилди. Шундан халқаро молия институтлари маблағларидан 45,9 миллион доллар, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўз маблағларидан 27,65 миллион доллар миқдорида сарф-харажатлар амалга оширилди. Модернизация дастури бўйича тўхталадиган бўлсак, 2023 йилда электр тармоқларини модернизация қилиш ҳамда янги қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича юқори кучланишли 8 та подстанция қувватини 1277,3 МВАга ошириш белгиланган. Йил бошидан жами 652,3 МВА қўшимча ўтказувчанлик қувват яратилди. Фарғона вилояти “Сокин” подстанциясида –200 МВА, Тошкент шаҳридаги “Юксак” подстанциясида 75 МВА, Сурхондарё вилояти “Шеробод” подстанциясида 125 МВА, Қашқадарё вилояти “Қарши” подстанциясида 2,3 МВА кабилар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, жамият тасарруфидаги энергетика объектларига 665 та янги электр қурилма ўрнатилди, – деди Ҳ.Алиев.  

Шунингдек, матбуот анжуманида электр энергиясини узатишда йўқотишларни қисқартириш ва энергия тежамкорлик, магистраль электр тармоқларини истиқболда ривожлантириш каби йўналишларда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди.  

 

 

Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА  

 
Манба: https://uza.uz/
 
 
 
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>