Янгиликлар
Қишда Тошкентда энергетика инқирозининг олдини олиш учун нималар қилинмоқда? Энергетика вазири жавоби
  • 23.11.2023
  • 63

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов депутатларга энергетика инқирозининг олдини олиш учун Тошкентда қишга тайёргарлик қандай кетаётганини сўзлаб берди. Шу мақсадда қозонхоналар таъмирланиб, янги подстанция ва электр линиялари қурилди, мазут захиралари яратилди ва бошқа ишлар бажарилди, деди у.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган ҳукумат соатида Тошкент шаҳрида қиш мавсумига тайёргарлик ҳақида гапирди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолига кунлик чекловлар жорий қилинган.

«Республика ҳудудида кунига 10−16 миллион кВт/соат, аномал совуқ кунларда эса 20 миллион кВт/соатгача чекловлар киритилди. Тошкентда [энергия таъминоти билан боғлиқ] қандай муаммо бор эди? Табиий газ босими тушиб кетиши оқибатида, яъни иситиш имконияти бўлмаганидан кейин кўпчилик электр энергиясини [иситиш учун] ёқди. Сўнг юкламани кўтара олмай, сим ёнди, трансформаторлар ёнди, подстанцияларда авариялар ҳолатлар бўлди», — деди у.

Вазир президентнинг 2023 йил 11 мартда (ПҚ-91) қабул қилинган қароридан кўзланган асосий мақсад, айниқса, Юнусобод ва Олмазор туманларидаги йирик подстанциялардан алоҳида кабелларни бошқа подстанцияларга тўғри тақсимлаш эканини таъкидлади.

Бундан ташқари, аҳоли газ таъминоти тизимига иситиш марказлари (ИМ) улангани сабабли ИМ-3 ва ИМ-5 учун саноат тармоғидан алоҳида газ қувурлари тортиб келинган.

«Агар йирик станцияларда иссиқлик таъминотини сақлаб туриш учун мазут ёқиш имкони бўлса, бу қозонхоналарда газ босими пасайганда бундай имконият бўлмаган. Бу қозонхоналар тўлиқ таъмирланиб, мазут ёқишга ҳам ихтисослаштирилди. Мазутни сақлаш тизимлари яратилди. Бугунги кунга қадар ИМ-3 ва ИМ-5`да 2 минг тонналик мазут захираси яратилди», — деди у.

Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Чилонзор туманида 51 та кўп қаватли уй учун пилот лойиҳа доирасида Американинг Caterpillar компаниясининг газ поршенли двигателли когенерацион блоки қурилган бўлиб, у ҳатто паст газ босимида ҳам — 0,3 атмосфера ва газ босимида ишлай олади. У ҳам электр, ҳам иссиқлик ишлаб чиқаради.

Пойтахтнинг яна саккиз туманида бундай қурилмаларни қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик шартномаси имзоланди, дея қўшимча қилди Энергетика вазирлиги раҳбари.

«Йил охирига қадар Тошкент шаҳрида қуввати 664 МВт-ампер ва 110 кВ кучланишли бешта подстанция, шунингдек, 101 километр узунликдаги 35 — 110 кВ электр узатиш линиялари фойдаланишга топширилади, шунингдек, тўртта подстанция реконструкция қилинди, бунинг натижасида уларнинг ўтказиш қуввати 129 МВт-амперга ошади… 32,5 км кабеллар замонавийроқ қилиб янгиланди», — деди у.

 

 

Вазирнинг таъкидлашича, аномал совуқ ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш алгоритми ишлаб чиқилган, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси, газ ва иссиқлик таъминотисиз қолдирмаслик мақсадида йирик истеъмолчилар (корхона, заводлар) керак бўлса, таъминотдан узилади.

«Ўтган йилнинг 22 ноябрь ҳолатига ИЭСларимизда 46 минг тонна мазут захирамиз бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тоннадан ортиқ захирамиз бор. Яъни мазут захираси қилинди, кафолатланган газ захираси яратилди. Ўтган йили ерости газ сақлаш омборларидан кўпи билан 18 миллион куб метр газ олишимиз мумкин эди, бугун эса янги қурилма — компрессор станцияси туфайли 40 миллион куб метргача газ олишимиз мумкин», — деди у.

Энергетика вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда давлат дастурлари доирасида ва маҳаллий ҳокимликлар ҳисобидан энергетика тизимини модернизация қилиш учун давлат бюджетидан 14 триллион сўм сарфланган. Тошкент шаҳридаги ишлар учун ҳам кредит маблағлари ажратилди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилган ишлар ҳақида гапириб, депутатлар саволларига жавоб берди. Унинг нутқи билан бу ерда тўлиқ танишиш мумкин.

Ўзбекистонда, жумладан, пойтахтда юзага келган энергетика инқирозидан кейин президент март ойида «Тошкент шаҳридаги истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Ҳужжатга кўра, 2023 йилда Тошкент шаҳрининг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 35 — 110 кВ кучланишли электр тармоқларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 3,56 триллион сўм керак бўлади. Yunusobod city, Tashkent city ва бошқа ҳудудларда янги подстанциялар қурилади.

Навоий кон-металлургия комбинати томонидан Шайхонтоҳур туманидаги объектларни қуриш ва таъмирлаш учун 361,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Элшод С.

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/11/22/energy-tashkent/?utm_source=push&utm_medium=telegram

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>