ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Қуёш ва шамол станцияларини ўрнатиш техник талаблар асосида амалга ошириляптими?»
  • 11.08.2023
  • 122

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти катта илмий ходими, техника фанлари доктори Камолиддин Қодиров ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети кафедра мудири, техника фанлари доктори Дилшод Қодиров иштирокида овозли чат бўлиб ўтди. Унда энергетика соҳасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича олимларнинг тавсиялари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қишда электр энергиясининг узлуксиз ўчишига аномал совуқ сабаб қилиб кўрсатилди. Ушбу муаммо ёзда – иссиқ кунларда ҳам давом этишига сабаб нима? Баъзида узилишлар вақти жуда узоқ бўлиб кетяпти?   

– Аномал совуқ, аномал иссиқнинг келиб чиқиши иқлим ўзгаришига боғлиқ. Республикамизда ноябрь, декабрь, январь, июль ойида саноат корхоналари, маиший истеъмолчиларнинг электр энергиясига бўлган талаби ортиши ҳисобига трансформаторларга юклама ортиб кетади. Яъни трансформатордаги “А” фазага истеъмолчиларнинг кўп уланиши трансформаторнинг авария ҳолатини келтириб чиқаради. Трансформаторда авария келиб чиққанидан кейин мутахассислар электр тармоқлари корхоналарига бориб, аварияни бартараф этгунча 7-8 соат вақт кетган ҳолатлар учраяпти, – дейди Камолиддин Қодиров. 

– Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш қандай самара беради

– Юртимизда охирги ойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан, айниқса, қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бирмунча жадаллашди. Давлатимизнинг энергетика тизимидаги сиёсати ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга қулайликлар яратиб бераётгани билан кўзга ташланяпти. 

  Қуёш ҳамда шамол станцияларини ўрнатиш бўйича Хитой компаниялари, Араб давлатларидаги шу соҳада тажрибага эга бўлган йирик корхоналар билан кўзга ташланадиган ишлар қилиняпти. Замонавий, дунёнинг энг сўнгги технологик ечимига эга бўлган ускуналар ўрнатиляпти. 

  Қуёш станцияларига қараганда шамол электр станцияси потенциали юртимизда етарлича. Унинг фойдали жиҳати шундаки, 24 соат яъни туну кун энергия бериши мумкин. Қуёш нурлари тушишини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳри ҳамда айрим тоғли ҳудудларда 300-312 кун ҳисобланади. Биз ўша 300 кундан фақат куннинг ёруғ қисмида фойдалана оламиз. Шамолдан эса туну кун фойдаланишимиз мумкин.  

Бу лойиҳалар энергетика тизимидаги муаммоларга ечим бўлади. Бизда ҳозир қурилиш жараёни кетяпти. Айримлари якунланиш арафасига келиб қолди. 

– Қуёш ҳамда шамол станцияларини ўрнатиш техник талаблар асосида бўляпти, деб айта оласизми? 

– Лойиҳаларнинг қандай кетаётганини кўриб чиқиш учун турли ҳудудлардаги объектларда эксперт сифатида иштирок этяпмиз, – дея изоҳ берди Д.Қодиров. – Бугунги кунда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг барчасини ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Аммо ишни тўғри ташкил этиш бўйича ҳуқуқий ечим берилмоқда. 

  Президентимизнинг 2023 йил 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра “Яшил энергия” компанияси ташкил этилди. Ушбу қарор билан бу ташкилотга имкониятлар, ҳуқуқлар белгиланган. Божхона тизимига амалга оширилаётган лойиҳаларнинг назоратини ўрнатиш вазифаси юклатилган. 

– Аниқланган камчиликлар қандай бартараф этиляпти? 

– Ҳозирги кунда қуёш электр станцияларини ўрнатишга катта урғу бериляпти. Қурувчилар томонидан ёки объектдан келиб чиқиб камчиликлар бўлиши мумкин. Қуёш максимал энергия олиши учун қуёш панелларини маълум бир бурчак остида ўрнатиш, кабелларни тўғри танлаш, конструкцияларнинг тўғри ўрнатилиши каби техник камчиликлар кузатиляпти. Шу сабабли тадбиркорлар соҳада кўп йиллик тадқиқотлар олиб борган олимларни бириктирган ҳолда камчиликларни жойида бартараф этишга ҳаракат қиляпти, – дейди Дилшод Қодиров. 

 

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>