Электр таъминоти корхоналари аҳолининг бу борадаги мурожаатига аномал иссиқ электр узатувчи ускуналарга жиддий таъсир қилаётгани, шу боис чекловлар бўлаётганини айтмоқда.
– Куннинг айни ҳарорат кўтарилган маҳалида электрни ўчиришмоқда, – дейди фуқаро А. Тайпатов. – Хоналар жуда қизиб кетади. Ёш болаларим, хаста отам бор, улар бу иссиқда жуда қийналяпти. Токни пулини ортиғи билан тўлаб қўйганмиз, нега беришмайди. Илгари қарзинг кўп деб ўчиришарди. Охири “движок” сотиб олдим. Ҳар куни куннинг иссиқ пайтида 4 соат қўшаман. Бошқа илож топа олмадим.
– Ҳаммаси расво бўлди. Ғўзаларим сувдан қолиб кетяпти, – дейди исмини айтишни истамаган фермер. – Даламга томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилган. Электр энергияси бўлмаса, сув ҳайдамайди. Ҳозир ғўзанинг айни ҳосилига ҳосил қўшиладиган пайт. Бир кун у ёқда турсин, бир соатга ҳам кечикиб бўлмайди. Сувдан бир марта қолди, дегани битта ҳосилдан ажралди, дегани. Электр тармоқларига мурожаат қилсак, чеклов, дейди. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз.
Албатта, электрдаги бундай узилишлар, нафақат аҳолига, балки қишлоқ хўжалигига ҳам жиддий таъсир қилмоқда.
“Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси филиалидан бу борада изоҳ сўраб кўрдик ва қуйидагича маълумот олдик.
“Қашқадарё вилоятининг ҳозирги кунда кунлик истеъмол топшириғи (лимит) 21,07 миллион кВт соат бўлиб, амалда чекловлар киритилиши билан 21,8 миллион кВт соат электр энергияси етказиб берилмоқда.
Энергетика вазирлиги ҳузурида “Миллий диспетчерлик маркази” давлат унитар корхонаси томонидан берилган топшириққа нисбатан 0,8 миллион кВт соат кўп истеъмол қилинаётганлиги сабабли Миллий деспетчерлик хизмати томонидан вилоятни электр энергияси билан таъминловчи 110 кВт кучланишли КМЗ-1, КМЗ-2, Нишон-1, Нишон-2, Ёйилма, Ғармистон, Шаҳрисабз, Ҳилол ҳаво электр узатиш тармоқларига кунлик чекловлар киритилмоқда.
Бунинг натижасида Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Қарши, Чироқчи, Кўкдала, Нишон, Касби, Миришкор, Ғузор туманлари, Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларидаги ўта муҳим объектлар бўлган ҳарбий қисмлар, шифохоналар, йирик экспортёр корхоналар, ичимлик суви ишлаб чиқариш иншоотлари, Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси насос станциялари, пахта майдонларини суғоришга мўлжалланган ички суғориш насослари, “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли нефть қудуқлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақловчи совутгичлар ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Юқоридагиларни инобатга олиб Қашқадарё Магистрал Каналидан фойдаланиш бошқармасига қарашли бўлган 4 қатор (нитка) насос агрегатларини тўлиқ қувватда ишлаши учун ҳамда истеъмолчиларга, жумладан, аҳоли хонадонларига электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятининг электр энергиясининг суткалик истеъмолини 23,5 миллион кВт соатга оширилиши лозим бўлади”.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Кўплаб ижтимоий соҳа объектларига аллақачон қуёш панеллари ўрнатиш ва амалиётга татбиқ этиш ишлари бошланган. Хусусан, барча туманлар билан ҳисоблаганда бугунги кунга қадар 2 минг 261 объектга жами 19 минг 741 кВт қуёш панеллари ўрнатилган.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Болалигимни эслайман пахса уйларда яшардик. Қишда илиқ, ёзда эса муздек бўларди. Уйнинг орқа деворидан очиб қўйилган дарчадан шамол эсиб турарди. Эсимда болалигимда ўша дарчадан доим шамолга юзимни тутиб ўтирардим. Қишлоғимизда бирорта одамда совутгич йўқ эди. Шу пайтларда ҳам ёз фасли жуда иссиқ, қиш эса ҳозиргиданда изғирин бўларди. Жуда бахтли эдик ўша дамлар.
Ҳозир ҳам ўша қишлоқда яшаймиз. Аммо энди уй-жойлар ўзгариб кетди. Пахса деворлар пишган ғиштга, уйдаги шамол айланувчи дарчалар ёпилиб, совутгичларга жой бўшатиб берди. Деярли ҳамма хонадонларда иккитадан, учтадан совутгич, музлаткич ва бошқа-бошқа маиший техника воситалари бор.
Хулоса ўзингиздан.
Ўлмас Баротов, ЎзА.
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати