Инсоният захирасида атиги 1 фоиз истеъмолга яроқли чучук сув мавжуд ва у ҳам тобора қисқариб, глобал муаммога айланяпти. Бугунги кунда қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекмоқда.
Дунё миқёсида ҳар йили тоза ичимлик сув танқислиги туфайли 1,2 млн. киши турли хил хасталикларга дучор бўлади, 5 млн. киши ифлосланган ва сифатсиз сувдан истеъмол қилишга мажбур. Келгуси ўн йилликда, иқлим ўзгаришлари ва қўшни мамлакатларда сув истеъмолининг ортиши натижасида қурғоқчилик ва чўлланиш жараёни янада кучайиб кетиши ҳамда аҳоли турмуш даражасига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Келгусидаги хавфни яхши англаган ҳолда анча вақтдан буён тоза ичимлик сув билан боғлиқ муаммолар ҳақида журналистлару экофаоллар бонг уриб келишмоқда.
Бироқ куни кеча республикамизнинг айрим ҳудудларида сув нархининг ошган тарифлари эълон қилиниши ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Нарх қанчага ошириляпти?
«Ўзсувтаъминот» компанияси маълумотларига кўра 20 августдан бошлаб Тошкент вилоятида тарифлар оширилади. Янги нархлар халқ депутатлари вилоят кенгашининг 19 июлдаги қарори билан тасдиқланган.
Эндиликда «Тошкент сув таъминоти» корхонаси абонентлари учун бир кубометр сув тарифи 950 сўмдан 1700 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва улгуржи савдо ташкилотлари учун 4000 сўмдан 7000 сўмгача оширилади.
Аҳоли учун оқова сув хизматлари тарифи 1 кубометр учун 700 сўмдан 850 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва вилоят ташкилотлари учун 1300 сўмдан 1850 сўмга оширилди.
Аввалроқ «Сурхондарё сув таъминоти» корхонаси Сурхондарё вилоятида 1 августдан тарифлар оширилишини маълум қилган. Аҳолига сув учун тарифлар 1 кубометрга 1150 сўмдан 2140 сўмга, канализация учун эса 650 сўмдан 950 сўмга кўтарилган (ҚҚСсиз). 1 августдан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятида ҳам тарифлар оширилади.
Ушбу хабарлар тарқалар экан мутасаддилар, жамоатчилик, экофаолларнинг сув нархи ошиши борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
«Нархларнинг ошиши маҳаллий депутатларнинг сўровлари, ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар билан биргаликдаги қарорларига боғлиқ бўлади. Аммо нархлар бошқа ҳудудларда ҳам барибир аста-секин ўзгаради.
Энг арзон ичимлик сув – Ўзбекистонда.
Ҳали-ҳануз нарх оширилмаганди. Аслида қиймати арзон нарсанинг қадри ҳам паст бўлади. Айни пайтда аҳоли ва юридик шахсларнинг ичимлик сув ташкилоти – «Сувтаъминот» корхонасидан қарздорлиги 1,5 триллион сўмдан ошиб кетган. Бу йиллар давомида шаклланиб келган қарздорлик ҳисобланади.
Тошкент шаҳрида 1000 литр сувнинг нархи 400 сўм туради. Диққат қилинг, 1000 литр сув атиги 400 сўм. Бу бир литр сувнинг нархи 40 тийин дегани. Биз сувни шу даражада қадрсизлаганмиз. Халқ орасидаги «сувтекин» сўзининг пайдо бўлиши ҳам бекорга эмас.
Шу пайтгача аҳоли ичимлик сув учун арзимаган пул тўлаб келаётган экан, нега бу шундайлигича давом этавермади, нархлар олдинроқ эмас, айнан энди ошяпти деган савол туғилиши мумкин.
Биринчидан, йилдан-йилга аҳоли сонининг кўпайиб бориши ва бунинг натижасида ичимлик сувга бўлган эҳтиёжнинг ортиши, иккинчидан, ичимлик сув захирасининг камайиб бораётгани. Биз ичимлик сув оладиган қўшни мамлакатларда ҳам захиралар камаймоқда. Учинчидан, айнан ичимлик сувни халққа етказиб бериш, қайта ишлаш масалалари ҳам тарифларимизга таъсир кўрсатди, дейиш мумкин.
Бухорога ёки Навоийга сув етказиб беришимиз учун Самарқанддан олиб боришимиз керак. Қанча электр энергияси ва бошқа ресурслар кетади? Масалан, сув учун истеъмолчидан 100 сўм олсак, шунинг 30-40 сўмини электр энергиясига тўлаймиз. Чунки узоқ ҳудудларга сув етказиб бериш учун кучли босимда ишлай оладиган насослар керак бўлади.
Бундан ташқари, авария-тиклаш бригадалари бор. Сув таъминотидаги қувурлар ўтган асрнинг 50-60 йилларида қурилган. Йиллар давомида улар эскирди ва бугун таъмирланишга муҳтож. Шунингдек, аҳолининг қарийб 75 фоизи ичимлик сув билан таъминланган бўлса, қолган 25 фоизи аҳолига ҳали сув етиб бормаган. Нархларнинг ошиши ўша ҳудудларга ҳам ичимлик сув етиб боришини тезлаштиради.
Ўзбекистонда ичимлик сув билан боғлиқ вазият ҳақида халқаро ташкилотларнинг ҳам хулосалари ижобий эмас. Мамлакатда ичимлик сув тугаяпти. Қурғоқчилик, исрофгарчилик ва бошқа бир қатор сабаблар туфайли яқин келажакда авлодлар сувсиз қолиши мумкин.
Биз аллақачон ўзимизнинг сувимизни ичиб бўлганмиз. Ҳозир фарзандларимизнинг, невараларнинг сувини ичяпмиз, исроф қиляпмиз. Шу ҳолат давом этар экан, БМТ хулосаларида айтилганидек, 2050 йилга бориб Ўзбекистон қизил ҳудуд, яъни ичимлик сув танқис ҳудудга айланиб қолиши мумкин. Шунинг учун бугунданоқ сувни исроф қилмаслигимиз, буни болаларимизга ўргатишимиз керак».
Акмал МУРОДОВ,
«Ўзсувтаъминот»
АЖ матбуот котиби
Cувни кўп сарфлаган қиммат тўлаши керак
«Немислар ичимлик сувнинг бир куб метрини 1400 сўмдан олса, улар ҳам ичимлик сув билан бассейнини тўлдиришни, томорқасини суғоришни, машинасини, гиламини, плиткасини ювишни бошлайди. Кунига 400 литр нима бўпти, минг литр сарфлайди. Немислар яхши, ўзбеклар ёмон эмас. Инсон зеҳнияти ва табиати шундай.
Агар турк фермери сувдан фойдаланганлик учун куб метрига 65 сўм солиқ тўласа, у ҳеч қачон томчилатиб ё ёмғирлатиб суғориш технологиялари, канал ва дренажлар учун пул киритмайди. Қандай кўллатиб суғораётган бўлса, шундай кўллатишда давом этади. Ундан кейинги фермер нима бўлади, ироқлик фермернинг ҳоли не кечади, хаёлигаям келтирмайди.
Сувни исроф қилма дейиш бекор, сувни кўп сарфлаган қиммат тўлаши керак, бўлди. Истаганингча сарфла, лекин марҳамат қилиб бозор нархида тўлаб қўй. Шунда ўзбек ҳам худди немис сингари кунига 125 литр сув билан кифоя қила бошлайди, бир стакан сув билан тишини ювади, иккинчи стакандаги сув билан соқол олади, сув оқиб ётган унитазини дарров таъмирлайди. Шунда ўзбек фермери гектарига ўн минг куб сув эмас, минг куб сув билан пахта етиштириш ҳақида ўйлай бошлайди. Содда тилда бу бозорга ўтиш дегани. Рационал тариф сиёсати дегани».
Отабек БАКИРОВ,
Иқтисодчи
Дунё бўйлаб сув нархлари
Марказий Осиёда ичимлик сув учун тўлов нархи энг юқори мамлакат Қозоғистон ҳисобланади. Мамлакатда ҳудудларига қараб аҳоли ҳар куб сув учун 73 тенгедан (1 905 сўм) 304 тенгегача (7 934 сўм) тўлов қилади.
Тожикистон аҳолиси 1 куб метр сув истеъмоли учун 1 сомонидан (1 061 сўм) 1,73 сомонигача тўлайди. Мамлакат пойтахти Душанбеда сув ҳисоблагичи бор ёки йўқлигига қараб нархлар белгиланади.
Масалан, ҳисоблагичи борлар 1 кубометр сувга 1,73 сомони, ҳисоблагичсизлар (1-12-қаватларда яшаса) 6,24 сомони, 12-қаватдан юқорида истиқомат қилувчилар 8,33 сомони тўлайди. Қирғизистонда аҳоли ҳар кубометр сувга 6,84 сом (904 сўм) тўлайди. Туркманистонда эса белгиланган лимитдан кўп истеъмол қилинган сувнинг 1 кубометри 0,5 манат
(1 662 сўм) туради.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда Европа давлатлари аҳолиси ичимлик сув учун дунёдаги энг юқори нархда тўлов қилади. Рўйхатда биринчи ўринни Норвегия эгаллаган. Мамлакат фуқаролари 1000 литр (1 кубометр) ичимлик сув учун 5,51 евро тўлайди. Кейинги ўринларда Германия (4,67 евро), Дания (4,37 евро), Нидерландия (3,99 евро) келтирилган.
Европадаги давлатларнинг барча шаҳарлари ичида ичимлик сув Италиянинг Неапол шаҳрида энг арзон ҳисобланади. У ерда ҳар бир кубометр чучук сув нархи 1,42 евро туради. Америкада эса сув нархи Европадаги нархлардан 3 баробар арзонроқ.
Кўриб турганингиздек, дунёнинг бошқа давлатларида сув нархи юртимиздагига нисбатан анча қиммат. Сўнгги пайтда Ўзбекистонда сув нархи арзонлиги боис уни исроф қилиш ҳолатлари кўпайгани жамоатчилик эътиборига тушган эди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Европа давлатлари, хусусан, Данияда сув нархи қимматлиги сабабли уни тежаш, сувдан унумли ва тўғри фойдаланиш даражаси юқори. Нархлар ошишида биринчи навбатда сув исрофини камайтириш ва бозор нархларини жорий қилиш орқали, ундан унумли фойдаланиш даражасини ошириш назарда тутилаётган бўлиши мумкин.
Шаҳруза САТТОРОВА
Манба: https://www.ekogazeta.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати