ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ўзбек ишчиларига бўлган талаб ва хорижий сармоялар туфайли ўсмоқда» — Fitch solutions
  • 06.08.2023
  • 133

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Fitch solutions маълумотлар ва тадқиқотлар компанияси Ўзбекистонда 2023 йилги ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши бўйича прогноз 5,0 фоиз даражасида сақланиб қолаётганини хабар қилди. Маълумотлар шуни кўрсатадики, Россия — Украина уруши ва Россияга қарши санкцияларнинг иккинчи йилида ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор бўлиб қолмоқда.

Компания Ўзбекистонга инвестициялар халқаро ҳамкорлар ва ички талаб ҳисобига 2024 йилда ЯИМда 5,6 фоиз ўсишини прогноз қилмоқда.

2023 йилда хусусий истеъмол кўрсаткичлари юқори бўлиб қолади, дейилади хабарда.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, январь—апрель ойларида Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 21,0 фоизга (3,1 миллиард доллар) ошган, шундан 87,0 фоизга яқини Россиядан ўтказилган. Россияга кўчиб ўтган меҳнат муҳожирлари сони ошган, бу эса мамлакатда Ўзбекистондан ишчи кучига талаб юқори эканини кўрсатади.

Давлат харажатлари ҳақида сўз кетар экан, Fitch solutions кўрсаткичлар 2024 йилда 0,5 фоизга ошишини кутмоқда, шундан 0,4 фоизлик ўсиш 2023 йилдаёқ кузатилиши мумкин.

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сонини кўпайтириш ва таълим сифатини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Талабаларни молиявий қўллаб-қувватлаш дастурлари қаторида президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йилда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни яратиш” дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда 170 та янги мактаб қуриш, 3 210 та мактабни реконструкция қилиш кўзда тутилган. Ҳукумат, шунингдек, яқин етти йил ичида ўқитувчиларнинг иш ҳақини икки баравар оширишни режалаштирмоқда. Буларнинг барчаси давлат харажатларини оширади.

Ҳукумат мамлакатда электр энергиясидан умумий фойдаланиш учун электр станцияларига сармоя киритмоқда. Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида бешта янги ГЭС қурилади ва буларнинг умумий қиймати ялпи ички маҳсулотнинг 0,2 фоизини ташкил этади. Июнь ойида Ўзбекистон ва Италия ўртасида ялпи ички маҳсулотнинг 14,9 фоизини ташкил этадиган сармоявий ва савдо шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон ҳукумати 2024—2025 йилларга мўлжалланган туризмни ривожлантириш дастурлари учун 17,8 миллион долларга яқин маблағ ажратди, бу эса мамлакатдаги туризм индустриясини қўллаб-қувватлаш имконини беради, деб таъкидлади компания. 2022 йилда мамлакатга 5,2 миллион сайёҳ келган, 2011—2019 йиллардаги бу кўрсаткич ўртача 2,9 миллион эди. Бу эса туризм соҳасидаги камчиликларни, масалан, тураржой етишмаслигини кўрсатган.

Июнь ва июль ойларида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда энергетика ва рақамли ўтиш соҳаларида қиймати 29,3 миллион долларлик лойиҳаларни маъқуллади. Жаҳон банки углерод чиқиндиларини камайтириш лойиҳасини ҳам тасдиқлади ва 46,25 миллион доллар ажратди.

Компания Ўзбекистоннинг экспортдаги ютуқларини ҳам қайд этди. Маълумотларга кўра, (2023 йил май ойигача) 2022 йилнинг шу даврига нисбатан экспорт ҳам, импорт ҳам ўсган. Экспорт 23,0 фоизга ошган, асосий маҳсулот олтин ҳисобланади. Глобал молиявий беқарорликка қарамай, олтин нархи узоқ муддатда пандемиядан олдинги даражага нисбатан юқори бўлиб қолади ва бу Ўзбекистонга фойда келтиради, деб тахмин қилди Fitch solutions экспертлари. Республикада импорт 17,0 фоизга ўсган, асосий импорт қилинадиган маҳсулотлар автомобиль ва ускуналар, ундан кейин кимё маҳсулотлари бўлиб қолмоқда.

Салбий прогнозлар

Шу билан бирга компания агар рублнинг қадрсизланиши давом этса ёки ҳозирги даражада қолса, Ўзбекистонда 2023 йилнинг охирги ярмида пул ўтказмалари сезиларли даражада қисқариши мумкинлигидан огоҳлантирди, бу эса уй хўжаликлари истеъмолига таъсир қилади. Бундан ташқари, Россия иқтисодиётининг кутилганидан ҳам катта қисқариши, глобал молиявий шароитларнинг кескинлашиши ва Россияга қарши санкцияларнинг эҳтимолий таъсири инвестицияларнинг қисқаришига олиб келади.

Юқорида айтилганидек, глобал олтин ва табиий газнинг катта захираси, шунингдек, хусусийлаштириш ҳаракатларини давом эттириш иқтисодиётни қўллаб туради, дея мақоласини якунлаган Fitch solutions.

Манба: https://daryo.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>