# муносабат
Бугун ижтимоий тармоқда “Қуёш панеллари учун ягона идентификатор генерация бўлиши керак” сарлавҳали пост эълон қилинди.
Унда муаллиф “Яшил энергия” ахборот тизимининг реал воқеликни акс эттиришини шубҳа остига олган.
Мазкур пост юзасидан Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Ахборот хизматлари қуйидагиларни маълум қилади:
Аввало, айтиш керакки, бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбарининг “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 12 август кунига қадар республика бўйича жами 41 минг 885 та объектга 267,3 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатилди.
Шундан:
ижтимоий соҳа ва давлат идораларининг 7 минг 378 та объектига 144,9 мегаватт қувватга тенг бўлган;
тадбиркорлик субъектларининг 7 минг 452 та бино-иншоотига 72,8 мегаватт қувватга тенг бўлган;
аҳолининг 26 минг 891 хонадонига 47,1 мегаватт қувватга тенг бўлган;
2023 йилда фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларнинг 164 тасига 2,4 мегаватт қувватга тенг бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, ишчи ҳолатига келтирган.
Буларнинг барчаси айни кунларда “Ҳудудий электр тармоқлари” томонидан тизимга уланиб, истеъмолчиларга арзон, сифатли, энг муҳими, экологик тоза электр энергияси етказиб бераётган қуёш панелларидир.
Шуни таъкидлаймизки, “Яшил энергия” ахборот тизими базасига ўрнатиб қўйилган эмас, балки тизимга уланиб, аллақачон генерация бера бошлаган қуёш панелларигина киритилади.
Бундан мақсад, муаллиф куйиниб ёзганидек, тизимда кўзбўямачилик ва сохтакорликларга йўл қўймасликдан иборат.
Бу борада рўёбга чиқарилаётган ишларни назорат қилиб бориш мақсадида божхона ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан исталган шартли объектга олдиндан маълум қилинмаган рейдлар амалга оширилиб, вазият жойига чиқилган ҳолда ўрганиб борилмоқда ва шу асосда қатъий мониторинг ишлари олиб бориляпти.
Мазкур йўналишда объектларга ўрнатилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари ва улар орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергия тўғрисидаги маълумотлар божхона органлари томонидан ишлаб чиқилган “Яшил энергия” ахборот тизимида мунтазам қайд этиб борилмоқда.
Тизим Солиқ қўмитасининг “Кешбек”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “АСКУЭ” ахборот тизимларига, “Электрон ҳукумат” платформаси орқали эса Кадастр агентлигининг Маълумотлар базаси билан интеграция қилинган.
Бугунги кунда Ўзбекистон жисмоний шахслардан электр энергиясини сотиб олиш тарифи бўйича энг юқори ўринларда бўлиб, аҳолимиз томонидан ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз эҳтиёжидан ортиқча қисми учун ҳар бир киловатт/соатга 1 000 сўмдан субсидия бермоқда.
Айни пайтгача 4 минг 534 та хонадон билан шартномалар тузилган бўлиб, улардан тармоққа 720 минг киловатт/соат электр энергияси қабул қилиб олинган.
Тўғри, “гуруч курмаксиз бўлмайди”. Жойларда кўзбўямачилик қилишга, давлатни ҳам, ўзини ҳам алдашга уринишлар бўлиши табиий ҳол. Аммо “шаҳар бедарвоза эмас”. Қатъий таъкидлаймизки, аниқланган бу каби ҳолатларга зудлик билан ҳуқуқий баҳо берилиб, бунга йўл қўйган шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўриб келинмоқда.
Биз муаллифдан постда ёзилгани каби ҳолатлар юз берганига шахсан гувоҳ бўлса, Божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 11-54 рақамли “Ишонч телефон”ларига қўнгғиро қилишини ёки ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга мурожаат қилишини сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Ахборот хизмати.
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/3162
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати