Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги бино-иншоотларига ўрнатилган қуёш панеллари ички эҳтиёжни таъминлаш билан бирга, туман электр таъминоти корхонаси тармоғига ҳам электр энергиясини узатмоқда.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2019 йилнинг 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан тизимли ишлар олиб борилди.
Лекин Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2022 йил 10 июнда иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбааларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергетика соҳаси ташкилотлари учун кечиктириб бўлмайдиган қатор вазифалар қўйилган эди. Шунингдек, унда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш бўйича соҳа вакиллари шахсий намуна бўлиши лозимлиги ҳам таъкидланганини алоҳида қайд этиш керак.
Акциядорлик жамияти таркибидаги 28 та объектда “яшил энергия” манбалари ўрнатилди
Ушбу видеоселектор йиғилишининг 48-баёнида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзтехсаноат” уюшмасида ўтказилган қайта тикланувчи энергия манбалари кўргазмасида қатор келишувларга эришилди. Унга кўра, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ “Solar Nature” корхонаси билан 28 та объектга 500 кВт қувватли қуёш панели ўрнатиш бўйича умумий қиймати 5,0 миллиард сўмлик шартнома имзолаганди.
Айни пайтда умумий қуввати 590 кВт бўлган кичик фотоэлектр станциялари “Ўзбекистон МЭТ” АЖ тасарруфидаги энергетика объектлари ҳамда маъмурий бинолари томига ўрнатилган қуёш панеллари ички эҳтиёжни таъминлаш билан бир баробарда туман электр таъминот корхонаси тармоғига ҳам электр энергиясини узатмоқда (сотмоқда).
Хусусан, “Андижон магистрал электр тармоқлари” филиали маъмурий биносига 30 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлса, филиал таркибидаги 500 кВ кучланишли “Лочин” подстанциясига 30 кВт, 220 кВ кучланишли «Бобур» подстанциясига 10 кВт қувватга эга муқобил энергия манбаси ўрнатилган. Худди шу каби “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали маъмурий биносига 50 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, филиал таркибидаги 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанциясига 20 кВт, шунингдек, “Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиали автотураргоҳ биносига 20 кВт қувватли, филиал таркибидаги 220 кВ кучланишли “Чирчиқ” подстанциясига 30 кВт, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги “Нурли замин” маҳалла фуқаролари йиғинида жойлашган тарғибот-ташвиқот маскани сифатида фойдаланиладиган фотоэлектр станциясида 40 кВт қуёш панеллари ўрнатилган.
Шунингдек, “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали маъмурий биносига 30 кВт қувватли қуёш панеллари ҳамда филиал таркибидаги 220 кВ кучланишли “Қарши” подстанциясига ҳам 30 кВт қувватга эга “яшил энергия” манбаси ўрнатилди.
Ўз навбатида, бугунги кунда “Бухоро МЭТ” филиалига 30 кВт, “Жиззах МЭТ” филиалига 10 кВт, “Наманган МЭТ” филиалига 20 кВт, “Навоий МЭТ” филиалига 20 кВт, “Самарқанд МЭТ” филиалига 30 кВт, “Сурхондарё МЭТ” филиалига 30 кВт, “Сирдарё МЭТ” филиалига 20 кВт, “Фарғона МЭТ” филиалига 40 кВт, “Хоразм МЭТ” филиалига 30 кВт, “Қорақалпоғистон МЭТ” филиалига 20 кВт қувватли қуёш панеллари ҳамда Акциядорлик жамиятининг марказий аппаратида эса 50 кВт қувватли кичик фотоэлектр станцияси фаолият юритмоқда.
Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирги кунга қадар ушбу қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ўз истеъмолимиздан ортган 129,2 минг кВт/соат электр энергияси туман электр тармоқларига узатилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти энергетика объектлари ҳамда маъмурий биноларида 12 та, умумий сиғими 1800 литр бўлган қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилган бўлиб, юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи энергетиклар беминнат иссиқ сув манбаидан ҳам самарали фойдаламоқда.
Қуёш панелларидан энергия олиш бўйича мутахассислар прогнози
Мутахассислар юқорида санаб ўтилган қуёш панеллари бир йил давомида Акциядорлик жамиятнинг электр энергия истеъмолини 1 080,0 минг кВт/соатга тежашга имкон беришини тахмин қилишган эди. Айни пайтда бу кўрсаткич бирмунча ошди ва Акциядорлик жамияти тасарруфидаги бино-иншоотларда ўрнатилган кичик қуёш электр станциялари умумий ҳисобда хўжалик эҳтиёжи учун сарфланаётган электр энергияси сарфини қарийб 35-40 фоизга қисқартириб, куннинг маълум бир пайтида электр энергетика умумтармоғига ҳам электр энергияси сотишга муваффақ бўлмоқда.
Айни пайтда мутахассислар махсус сайт саҳифалари орқали қуёш панеллари иш фаолиятини онлайн кузатиш, зарурият туғилганда “яшил энергия” манбасига турли сервис хизматларини кўрсатиш орқали самарадорлик кўрсаткичларини ошириши мумкин. Қизиқ томони шундаки, қуёш панеллари иш фаолиятини мониторинг этиш электрон дастурида энергетиклар бир кунда шартли равишда, қанча дарахт новдаси ўтқазгани, ёки қанча кўмир тежалгани, ёки қанча углерод оксид газлари пайдо бўлишининг олди олингани тўғрисидаги тақрибий рақамларни мониторинг қилиб бориш имконияти мавжуд.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ходимларининг яшаш жойларида намуна тариқасида ўрнатиш графигига асосан 20 нафар ходимлар хонадонида қуввати 73,5 кВт бўлган қуёш панели ва қуёш сув иститиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича шартномалар имзоланган. 2022-2026 йиллар давомида босқичма-босқич хўжалик истеъмолини тўлиқ қайта тикланувчи энергия манбаларига, яъни, “яшил энергия”га ўтказиш кўзда тутилган.
Кичик қуёш электр станцияларидаги “On-Grid” ва “Of-Grid” тизими нимани англатади?
Шу ўринда бир фойдали маълумотни эътиборингизга тақдим этамиз. Кичик қуёш электр станциялари тизимининг иккита асосий тури мавжуд бўлиб, бири "On-Grid", иккинчиси "Of-Grid" деб аталади.
Хўш, уларнинг фарқи нимада? "On-Grid" – инвертор ёрдамида муқобил электр энергияси манбаи умумий электр таъминоти тармоғига уланган ва параллель равишда ишлайдиган тизим. Бундай тизимли электр ускуналари захира қувватига эга тизимга нисбатан арзонроқ, чунки у фақат қуёш панеллари ва тармоқ инвертори жиҳозларини ўз ичига олади.
"Of-Grid" – муқобил электр энергияси манбаи ташқи шаҳар тармоғига эга бўлмаган тизим. Қуёш панеллари фотоволтаик модуллардан, заряд бошқарувчисидан, батареялар тўпламидан ва инвертордан иборат. Заряд бошқарувчиси ва инвертор орқали қуёш панеллари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилади. Қуёшли кунларда истеъмолни таъминлаш учун керак бўлганидан кўра кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқарилади ва ортиқча ишлаб чиқарилган электр қуввати батареяларда тўпланади.
Хулоса ўрнида
Президентимиз таъкидлаганидек, энергетика тизим ташкилотлари бу борада шахсий намуна бўлиши лозим ва намуна бўлмоқда. Шу ўринда аномал об-ҳаво, турли иқлим шароитларининг кутилмаган синовлари даврида кеча-ю кундуз меҳнат қилаётган энергетика соҳасининг барча ходимларига омад тилаймиз.
Ишонамизки, тизимда кузатилаётган айрим муаммолар тез орада ўз ечимини топиб, мамлакатимиз энергетика тизимининг барқарор фаолияти – юртимиз равнақи, халқимиз фаровон ҳаёти йўлида хизмат қилишда давом этаверади.
Улуғбек УРУНОВ,
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви
раисининг матбуот котиби – ахборот
сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.
ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати