Бугун, 13 июнь куни Навоий вилоятининг Томди туманида 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди.
Қайд этиш керакки, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан барпо этилаётган мазкур йирик лойиҳа доирасида “Goldwind” компаниясининг (Хитой Халқ Республикаси) биринчи 4,7 МВт қувватли шамол турбинаси ўрнатилди. Унинг баландлиги 97 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 77 метрни ташкил қилади.
Бугун юртимиздаги ушбу биринчи йирик қувватли шамол электр станциясининг дастлабки турбинаси муваффақиятли ўрнатилгани муносабати билан тадбир ташкил қилинди.
Унда Энергетика вазирлиги, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси, Зарафшон ва Томди туманлари ҳокимлиги раҳбарияти иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, мазкур йирик лойиҳа доирасида жами 111 та шамол турбинаси ўрнатилади. Ушбу электр станциясининг илк қувватлари жорий йил якунида ишга туширилади ҳамда у Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлиб ҳисобланади.
Станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 1 млрд 800 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 540 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йирик лойиҳа Президентимизнинг 2020 йил 22 декабрдаги “Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.
Пресс-тур жараёнида оммавий ахборот воситалари вакилларига ушбу лойиҳа, унинг аҳамияти ва истиқболлари ҳақида мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2906
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати