Сўнгги уч йилдаги қурғоқчиликнинг таъсири Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларда яққол сезилмоқда. Бу ҳақда Сув хўжалиги ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Айтилишича, минтақада сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, қор ва ёмғирларнинг кам бўлаётгани, музликларнинг эриши натижасида йирик дарёлар ҳавзаларида, кичик дарё ва сойларда сув сарфи камайиб бормоқда.
Амударёнинг “Керки” гидропостидан охирги 20 йилда оқиб ўтган ўртача кўп йиллик сув миқдори 39,7 миллиард метр куб бўлиб, сув оқими миқдори охирги 10 йилда 5 фоизга камайган. Айниқса, ўртача 20 йиллик кўрсаткичга нисбатан сув танқислиги кузатилган 2018 йилда 22 фоизга, 2020 йилда 15 фоизга ва 2021 йилда 10 фоизга камайган. Сўнгги уч йилдаги қурғоқчиликнинг таъсири Амударёнинг қуйи ҳавзасидаги ҳудудларда яққол сезилмоқда.
Таъкидланишича, Туямўйин сув омборига охирги 35 йилликда ўртача 30,4 миллиард метр куб сув келган бўлса, бу кўрсаткич охирги 10 йилликда 22,5 фоизга камайган.
Туямўйин сув омборининг ўтган йиллардаги сув ҳажмларини солиштирадиган бўлсак, сув кам бўлган ҳолатлар ҳар 4-5 йилда кузатилиб келинмоқда. Масалан, сув омборидаги сув ҳажми 2001 йилнинг май ойи бошида – 1830 млн м3, 2008 йил – 2215 млн м3, 2014 йилда – 2433 млн м3, 2018 йилда – 2285 млн м3, 2021 йилда – 2414 млн м3 ҳамда 2022 йилда – 2246 млн м3 ни ташкил этган. Шунга қарамасдан, сув энг тақчил йилларда ҳам Амударёнинг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Дошовуз вилояти иқтисодиёт тармоқларига Туямўйиндан сув етказиб берилган ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Амударё қор ва музликлар орқали тўйиниши сабабли дарёнинг гидрологиясига ва кўп йиллик кузатувларга кўра дарёга сувнинг келиши асосан июнь—август ойларига тўғри келади.
Сув ресурслари келгуси ўн йилликда минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масала бўлиб қолиши – ҳақиқат. Қўшни давлатлар томонидан Амударё ўзанида янги канал қурилиши оқибатида дарёдан мамлакатимизга келадиган сув ҳажми 15 фоиз камайиши билан боғлиқ хавф мавжуд.
Бугунги кунда республика бўйича суғориладиган ер майдонларининг 70 фоизи эски (анъанавий) усулда суғорилиши ҳамда каналларнинг 60 фоизи тупроқ ўзанли эканлиги сабабли каналларда шимилишга сув йўқотилмоқда. 2030 йилга қадар экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Маълумот учун, “Толибон” Амударёнинг Балх қисмида Қўштепа каналини қурмоқда, канал сувининг Афғонистон шимолидаги ҳудудларга йўналтирилиши Туркманистон ва Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида сув тақчиллигига олиб келиши мумкин.
The Economist прогнозига кўра, агар канал қуриб битказилса, минтақавий можаронинг кучайишига олиб келиши мумкин. Канал Амударё сувини Ўзбекистон билан чегарага йўналтиради. Афғонистон электр энергиясининг катта қисмини Ўзбекистондан импорт қилиши ҳисобга олинса, “Толибон” қўшни республикага қарши чиқолмайди.
“Иқлим ўзгариши Ўзбекистонни 15 фоиз сув йўқотишига сабаб бўлмоқда, агар канал қурилиши ортидан яна 10 фоиз йўқотилса, Ўзбекистон 25 фоиз сув йўқотиши мумкин”, — дейилади яна бир прогнозда.
Афғонистон ҳукуматининг бош вазири Абдул-Ғани Бародар март ойида Қўштепа канали қўшни давлатларнинг сувдан фойдаланиш ҳуқуқларини бузмаслигини таъкидлади. У Амударё сувидан фойдаланиш нуқтаи назаридан Афғонистон шимолий қўшниларга йўналтирилган сув ҳажмларига даъво қилмасдан, ўз ҳуқуқлари доирасида қолишини айтди.
Манба: https://daryo.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati