ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
minenergy.uz — “САҒБОН” ПОДСТАНЦИЯСИНИНГ ҚУВВАТИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ВАЗИФАЛАР БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
  • 06.06.2023
  • 202

Бугун ижтимоий тармоқларда bakiroo телеграм канали асосчиси Отабек Бакиров томонидан Тошкент шаҳрида жойлашган 110/35/10 кВ “SAGʼBON” подстанциясида олиб борилаётган янгиланиш ишлари сабабли Тошкент шаҳри ва Тошкент туманида электр энергиясида мунтазам равишда узилишлар бўлаётганлиги ҳақида танқидий хабар эълон қилинди.
 


“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

110/35/10 кВА “Сағбон” подстанцияси 1968 йилда ишга туширилган бўлиб, 38 та фидер орқали 17 та маҳаллага электр энергияси тақсимлайди. Умумий аҳоли истеъмолчилари сони 19 минг 120 тани ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳри истеъмолчиларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2023 йил 11 мартдаги қарори асосида мазкур подстанцияни реконструкция қилиш режалаштирилган.

Қарор доирасида юқори кучланишли “Сағбон” подстанциясидаги ўта зўриқиш билан ишлаб келаётган, қуввати 25000 кВА бўлган куч трансформатори қуввати 40000 кВА бўлган трансформаторга алмаштирилди.

Куч трансформаторини катта қувватлисига алмаштириш жараёнини ўз вақтида хавфсиз олиб бориш мақсадида 40 нафардан ортиқ малакали мутахассислар ва 10 дан зиёд махсус транспорт воситалари жалб этилди ҳамда истеъмолчилар маълум муддат электр энергиясидан ажратилди.

Шу ўринда жорий йилнинг 25 май куни  қарор асосида белгиланган 25000 кВА бўлган куч трансформаторининг иккинчиси катта қувватлисига алмаштирилган бўлса, жорий йилнинг 26 март  куни биринчи куч трансформатори алмаштирилган эди. Таъкидлаш керакки, трансформатор, Отабек Бакиров ёзганидек, бир неча маротаба алмаштирилмаган.

Жорий йилнинг 22 май  куни подстанциянинг кабель тармоғидаги носозлик боис ҳудудларда узилиш юзага келган ва тезкор бригада томонидан тиклаш ишлари олиб борилган.
 


2023 йилнинг 24 март  куни 25000 кВА бўлган куч трансформаторидаги юклама сабаб узилиш юзага келган ва тезкор бригада томонидан 40 дақиқа мобайнида истеъмолчилар тармоққа қайта уланган. Айнан шу жараёндан сўнг мазкур куч трансформаторларини катта қувватлисига алмаштириш ишлари бошланган.

Жорий йилнинг февраль ойи бошида  кузатилган совуқ ҳарорат оқибатида подстанцияга тушган юклама трансформаторларда носозликни юзага келтирган ҳамда  таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш мақсадида истеъмолчилар тармоқдан ажратилган.

Подстанция орқали истеъмолчиларни электр энергия билан барқарор таъминлаш, тармоқларда юз бериши мумкин бўлган авариявий ўчишлар салмоғини кескин қисқартириш ва электр энергияси таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида келгусида ҳам подстанциянинг турли бутловчи қисмларини янгилаш режалаштирилганлигини билдирамиз.
 


Қўшимча ўрнида шуни айтиш керакки, подстанцияда куч трансформатори катта қувватлисига алмаштирилгандан кейин бошқа қурилмалар ҳам синовдан ўтказилиши лозим ва бу жараёнда истеъмолчилар тармоқдан тўлиқ ажратилади.

Бу ишларни олиб боришда аҳоли хонадонларини узоқ муддат электр энергиясидан ажратмаслик мақсадида модернизация ишлари маълум вақт оралиғида бажарилган.

Шунингдек, хабарда келтирилган “Миллиардлаб маблағлар сарфланмоқдами?» деган саволга Отабек Бакировга подстанция харажатларини тўлиқ очиқлашга тайёр эканлигимизни айтиб ўтамиз.

Олиб борилаётган мукаммал таъмирлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ назоратида эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ушбу подстанцияда бўлиб, вужудга келган авариявий ҳодиса сабабларини ўрганган, масъулларга зарур топшириқ ва кўрсатмаларни берган эди.
 


Шуни айтиш керакки, юқори кучланишли подстанцияларда куч трансформаторини алмаштириш мураккаб техник жараён бўлиб, ўз навбатида, маълум вақт ва меҳнат талаб этади. Шуни эътиборга олган ҳолда, электр энергияси истеъмолчиларидан барқарор электр энергияси таъминоти учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга хайрихоҳ бўлишларини сўраймиз.

Ўз навбатида, 110/35/10 кВА “SAGʼBON” подстанциясида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан таништириш мақсадида Отабек Бакировни ушбу подстанцияга таклиф қиламиз.

Етказилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз ҳамда бу каби созлаш-таъмирлаш ишлари давом этишини яна бир карра эслатиб ўтамиз. Мазкур ўзгаришларнинг барчаси истеъмолчиларни келгусида электр энергияси билан барқарор таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
 

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2883

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

t.me/uzmetaxborotxizmati

>