Жорий йилнинг, 17 апрель куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Такаши Хатори ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Япония ўртасида энергетика соҳасидаги стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил декабрь ойида Японияга амалга оширган расмий ташрифи натижалари икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун зарур механизмларни яратиш имконини бергани мамнуният билан қайд этилди. Ташриф чоғида эришилган барча келишувларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича чоралар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Томонлар янги ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватларини кафолатли электр таъминоти билан таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янгилашнинг замонавий ва самарали технологияларини босқичма-босқич жорий этиш, истеъмолчиларнинг электр ва иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш юзасидан бир нечта лойиҳаларни кўздан кечиришди. Жумладан:
Навоий иссиқлик электр станциясида 650 МВт қувватли учинчи буғ-газ қурилмасини қуриш (Навоий-3) инвестиция лойиҳаси доирасида бош пудратчи “Mitsubishi Corporation Mitsubishi Power Ltd.” Консорциуми ўз таклифларини тақдим этганлиги айтиб ўтилди.
Жаноб Такаши Хатори энергетика соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиб, “Sumitomo”, “Isuzu”, “Mitsui” ва бошқа йирик компанияларнинг мамлакатимизда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни жадаллаштиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Учрашувда Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов Ўзбекистон ва Япония ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://minenergy.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати