Бугунги кунда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида трансформация жараёнлари амалга оширилмоқда. Бу эса тизимда замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш, харажатларни қисқартириш, даромад ва инвестицион жозибадорликни ошириб, халқаро бозорларга чиқишда муҳим омил ҳисобланади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Трансформацияни амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси бошлиғи Баҳром Мавлоновнинг қайд этишича, трансформация жараёнлари кам ишчи кучи ва иқтисодий ресурслар билан юқори самарадорликка эришишнинг муҳим омилдир.
–Шу талаблардан келиб чиқиб, акциядорлик жамиятимизни трансформация қилиш ишлари давом эттирилмоқда, – деди Б.Мавлонов. – Бу жараён қандай тартибда амалга оширилади ва қайси йўналишлар учун муҳим? Таъкидлаш керакки, транформация иқтисодий ва инсон ресурсларидан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, тизимга рақамли технологияларни ва дастурий таъминотларни жорий қилишни янада жадаллаштириш, бошқарувда ва технологик жараёнларда инсон омилини қисқартириб, адолатли тизимларни яратиш, коррупцияни олдини олиш, ишлаб чиқаришда таннархни пасайтириш, операцион самарадорликни ошириш, электр энергетика тизимини ишончлилиги ва хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим ижтимоий, иқтисодий ва технологик жараёнларни ўз ичига олади.
Демак, ташкилотимиз фаолияти учун замонавий ва инновацион технологияларни жорий этиш ва қўллаш, жамият харажатларини қисқартириш, даромад ва инвестицион жозибадорликни ошириш, халқаро бозорларга чиқиш, шунингдек, жамиятнинг истиқболдаги ривожи учун соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда трансформация қилиш асосий вазифаси ҳисобланади.
Бугунги кунда “Сифат менежменти тизими” бўйича (ISO 9001), “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизими” бўйича (ISO 37001), атроф-муҳитга етказиладиган зарар миқдорини камайтиришга қаратилган “Экологик бошқарув тизими” бўйича (ISO 14001), меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ва касалликларни камайтиришга қаратилган “Меҳнат хавфсизлиги ва саноат хавфсизлигини бошқариш тизими” бўйича (ISO 45001) ва энергияни тежашга ва атроф-муҳитга бўлган салбий таъсирни юмшатишга қаратилган “Энергия менежменти тизими” бўйича (ISO 50001) халқаро стандартлари жорий этилди. “Ўзстандарт” агентлиги билан ҳамкорликда 529 та Халқаро электротехника комиссиясининг стандартларини қўллаш мумкинлигига эришилди.
Бундан ташқари, халқаро аудит, рейтинг ва консалтинг компаниялари билан ҳамкорликлар йўлга қўйилди. Жумладан, энергокомпанияларда чуқур диагностика ўтказиш, тизимли камчиликларни аниқлаш ва харажатларни қисқартириш бўйича “McKinsey & Company” халқаро консалтинг компанияси жалб этилди. “Grant Thornton” халқаро аудит компанияси жамиятдаги харидлар жараёнини аудитдан ўтказди ва ижобий хулоса олинди. Жаҳондаги йирик тўртта аудитор компаниядан бири ҳисобланган “Ernst & Young” LLC компанияси томонидан жамиятнинг 2019–2021 йиллардаги ҳисоботлари учун ижобий аудиторлик хулосалари олинди. Испаниянинг MRC S.L. компанияси билан ҳамкорликда “Магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш” бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқилди.
Албатта, транформация жараёнларининг жорий этилиши ташкилотимиз ва унинг тизимидаги корхоналар ишини халқаро бозорда намойиш қилиш имконини бермоқда. Шу боис, 2023 йилда бу борада қатор ишларни бажариш режалаштирилган. Жумладан, жамиятнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича инвестицион харажатларини қоплашни назарда тутувчи тариф шакллантиришнинг RAB (Раб) моделига ўтиш чоралари кўрилмоқда. 2023 йил якунига қадар халқаро кредит рейтинги қўлга киритилади.
Акциядорлик жамиятида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. 2022 йил 30 августда “UZASSYSTEM” ҚК томонидан "DigSilend Power Factory" дастурий таъминотида “Ўзбекистон Республикаси энерготизимидаги электр тармоқларининг рақамли модели ва интерактив харитаси” лойиҳаси ишга туширилди. Давлат харидлари тизими рақамли трансформацияси бўйича “Energy consult” МЧЖ билан ҳамкорликда янгича ёндашувлар асосида дастурий таъминот яратилди. Бунинг самарасида харидлар жараёнининг шаффофлиги таъминланди. Барча харидлар коррупциявий рискларни минималлаштириш ва инсон омилини қисқартириш мақсадида (xarid.uzex.uz, xt-xarid.uz, cooperation.uz, etender. uzex.uz) электрон савдо тизимлари орқали амалга оширилмоқда.
Шунингдек, йирик лойиҳалардан ҳисобланадиган Диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш бўйича янги техник-дастурий комплекс (SCADA), электр энергиясини бошқариш тизими (EMS) ҳамда Ресурсларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими (ERP)ни жорий этиш бўйича ҳам ишлар бошланган. Мазкур лойиҳалар 2025 йил якунига қадар тўлиқ жорий этилади.
Мухтасар айтганда, трансформация жараёнлари иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва инвестицион жозибадорликни оширишда муҳим босқич. Шу сабабли, кейинги беш йилликда ушбу йўналишда олиб борилган чора-тадбирлар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти фаолиятини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, халқаро бозорга чиқиш ва қатор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кенг имконият яратди.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
Манба: https://uza.uz/uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати