Давактив агентлиги ҳузуридаги "UzAssets инвестиция компанияси" АЖнинг (кейинги ўринларда – "UzAssets" АЖ) 2021 йил 19 ноябрдаги "Электрқишлоққурилиш" АЖ акциялар пакетини сотиш тўғрисидаги эълонига мувофиқ қуйидагилар маълум қилинади.
Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, "UzAssets" АЖнинг “Электрқишлоққурилиш” АЖ (кейинги ўринларда – Корхона) устав капиталидаги 58,41 фоиз акциялар пакетини 93,2 млрд.сўмга “Уралская энергетическая строительная компания” АЖ (Россия) (кейинги ўринларда – Харидор)га сотиш бўйича келишувга эришилганлигини маълум қилади.
Корхона акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган халқаро жараён натижалари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг тегишли қарори билан маъқулланган.
Бунда, “UzAssets” АЖ томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида Grant Thornton халқаро консалтинг компанияси (кейинги ўринларда – Консултант) хусусийлаштириш бўйича консултант сифатида жалб этилган ва Dentons халқаро юридик компанияси ҳуқуқий масалаларда кўмаклашган.
Консултант ва UzAssets томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилган, жумладан, инвестиция тизерлари консултантнинг халқаро тармоғи орқали турли хорижий инвесторларга (investor sounding) юборилган.
Натижада инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисидаги 7 та талабгордан аризалар (Express of Interest) келиб тушди.
Талабгорлар хусусийлаштириш жараёнида иштирок этишини таъқиқлаши мумкин бўлган маъмурий, ҳакамлик ёки бошқа суд жараёнларининг йўқлиги ҳамда Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг санкциялари рўйхатига киритилмаганлиги юзасидан ўрганилган.
Бундан ташқари, Мажбуриятга эга бўлган таклифлар (BO)ни тайёрлаш доирасида, санкциялар рўйхатига киритилмаганлиги юзасидан танлаб олинган инвесторларга Корхонани ўзлари томонидан комплекс таҳлил (due diligence) ўтказиш, шунингдек Консултант томонидан тайёрланган ҳамда виртуал маълумотлар хонаси (VDR)га жойланган Корхонанинг молиявий, ҳуқуқий ва солиққа оид таҳлилий ҳисоботлар билан танишиш имконияти берилди.
Энг яхши мажбуриятга эга бўлган таклиф “Уралская энергетическая строительная компания” (Россия) АЖ томонидан тақдим этилган ва унинг нарх таклифи Консултант томонидан ҳисобланган Корхонанинг индикатив нархлар параметрлари оралиғида жойлашган ҳамда Корхонанинг баҳоланган қийматидан юқори. Шу билан бирга, “UzAssets” АЖ ишонадики, Харидор келажакда бозордаги рақобат кучайган шароитда “Электрқишлоққурилиш” АЖ фаолиятини сақлаган ҳолда барқарор ривожланишини таъминлай оладиган ҳамда турли кучланишга эга электр тармоқлари объектларини қуриш бўйича Ўзбекистон Республикасининг йирик саноат корхоналаридан бири бўлиб шаклланади.
Манба: https://uz-assets.uz/oz/
“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Ахборот хизмати