Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлиги рейтинг баҳолашдан ўтказилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарорига кўра, баҳолаш 29 та махсус индикаторлар асосида “E-Anticor.uz” электрон платформаси орқали амалга оширилади.
Рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилди.
Баҳолаш натижаларига кўра, 62 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 12 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 30 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 20 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.
Таҳлил натижалари давлат ташкилотлари фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.
Раҳбарнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича шахсий ташаббуси етарли эмаслиги, жавобгарлик механизмининг белгиланмаганлиги ҳамда самарали коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этиш бўйича эътибор қаратилмаганлиги ташкилотлар фаолияти қониқарсиз баҳоланишига сабаб бўлган.
Жумладан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги (11 балл), Сув хўжалиги вазирлиги (13 балл), Андижон вилоят ҳокимлиги (18 балл) ва Энергетика вазирлигида (21 балл) коррупцияга қарши ички назорат тизими самарали жорий этилмаган.
Баҳолаш натижаларига кўра, «қониқарли» деб топилган давлат ташкилотлари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар амалга оширилган бўлса-да, айрим масалаларга эътиборсизлик билан қараш, шу жумладан, белгиланган тадбирлар ижросини назорат қилиш соҳасида камчиликлар мавжудлиги кузатилди.
Шу билан бирга, ушбу идораларда коррупцияга қарши белгиланган талабларнинг доимий равишда бажарилишини назорат қилиш бўйича самарали тизим яратилмаган.
12 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги “яхши” деб баҳоланди. Мазкур ташкилотлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган.
Хусусан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни минималлаштириш бўйича аниқ ва манзилли чоралар кўрилган ҳамда коррупцияга қарши курашишда ташкилот раҳбарлари шахсий намуна сифатида ўрнак бўлган.
Масалан, Божхона қўмитасида (87 балл) “Коррупциявий хавфларни бошқариш” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилган бўлиб, барча ходимларнинг фаолиятини сунъий интелект ёрдамида баҳолаш ҳамда хавфи юқори бўлган ходимнинг шахси ҳақида “ахборот портрети”ни онлайн шакллантириш тизими йўлга қўйилган.
Шунингдек, Солиқ қўмитасининг барча таркибий ҳудудларида ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, яхши натижа қайд этган тижорат банкларида эса коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва камайтиришнинг самарали механизми жорий этилган ҳамда ходимлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари тизимли йўлга қўйилган.
Рейтинг баҳолаш тизими коррупцияга қарши курашиш соҳасида белгиланган вазифаларни самарали мониторинг қилиш билан бирга, соҳада соғлом рақобат муҳитини кучайтириш ҳамда ташкилот раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш имконини берди.
Баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади.
“Қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритилади.
“Қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижроси таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.
Рейтинг баҳолаш натижалари Миллий кенгашга юборилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
Манба: https://anticorruption.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати