ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Кўмирга ўтаётган Ўзбекистон: бу об-ҳаво сифатига қандай таъсир қилади?»
  • 28.02.2023
  • 230

Ўзбекистонликлар 2023 йилни оғир энергетик коллапс билан бошлади. Бу ҳол кейинги йил ҳам такрорланмаслиги учун минглаб мактаб, касалхона ва заводларнинг иситиш тизимини кўмирга ўтказиш режаланяпти. Кўмир яхши ёнади, бироқ ундан чиқадиган заҳар сабаб ўзбекистонликлар ҳозиргидан ҳам ифлосроқ ҳаводан нафас олишга мажбур бўлишмайдими?

 

 

Кўмирга ўтиш ҳаракатлари

2023 йил январ ойида шу вақтгача деярли ҳеч қачон газ ва электр танқислигини бошидан ўтказмаган пойтахтликлар ҳам бир неча кунлаб газ ва электр токисиз қолиб кетишди. Бундай вазиятда давлат нимадир қилишга, кейинги йилги қиш мавсуми учун турли чоралар кўришга шошиляпти. Собиқ энергетика вазири Алишер Султонов 2 йил олдин «газимиз 3та Ўзбекистонни боқишга етади», деб ишонч билан айтганига қарамай, ҳукумат ҳозир газ захираларимиз қолмаганини пеш қиляпти. Ечим сифатида аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш ва айрим ижтимоий объектларни кўмирга ўтказиш таклиф қилиняпти.

Президент қарорида айтилишича, энди Ўзбекистонда газни тежаш мақсадида мактаб, боғча, шифохона ва заводларнинг маълум бир қисмининг истиш тизими кўмирда ишлашга мослаштирилади. Йил охиригача 5407та ижтимоий объект  учун 184,4 минг тонна кўмир етказиб берилиши керак. Фуқароларининг қишда жон сақлашига қайғурилаётгани яхши, бироқ бу экологияга таҳдид эвазига бўлмаслиги керак. Кўмирдан фойдаланиш вақтинча чора бўлса ҳам, етарлича экологик муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бутун дунёда айни дамда кўмирдан фойдаланишни қисқартиришга ўтилиб, давлатлар учун лимитлар белгилаш бошланган.

Глобал исишга таъсири

Кўмир дунёда инсоният фойдаланадиган ёқилғилар ичида табиатни энг кўп ифлословчи ҳисобланади. Статистикага қаралса, 1 даража кўтарилган глобал исишнинг 0,3 даражаси кўмир ҳиссасига тўғри келади. Электр ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган кўмир эса карбонат ангидрид чиқиндиларининг 30 фоизини ташкил қилади. Ёки электр энергиясини кўмир билан ишлаб чиқарганда газга қараганда 72 фоиз кўпроқ CО2 ажралиб чиқади. 2021 йилда дунёдаги CO2ʼнинг 40 фоизига кўмир ёқилиши сабаб бўлган. Кўмирга глобал исишга сабаб бўлаётган энг катта ифлослантирувчи сифатида ҳам қаралади. Кўмирдан тарқаладиган заҳарлар уни қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда атроф-муҳит, ҳаво, тупроқ ва сувни ифлослайди.

COPʼлардаги тақиқлар ҳақида

Ҳар йили бутун дунё давлатлари йиғилиб ўтказадиган UNFCCC’нинг Томонлар конференцияси, яъни COP (Conference of the Parties)да кўмирдан фойдаланишни қисқартириш кун тартибидаги биринчи масала сифатида кўрилади. Кўмирдан йирик миқдорда фойдаланувчи йирик давлатларга бу ёқилғини қисқартириш бўйича талаблар қўйилади. 2021 йилда ўтган COP26ʼда мамлакатлар кўмирдан бутунлай воз кечиш ўрнига босқичма-босқич камайтириш йўлини танлашганди. Кўмир глобал исишнинг 40 фоизини келтириб чиқарса, бунинг катта қисми эса Хитой ва Ҳиндистонга тўғри келади.

2022 йилда кўмир истеъмоли аввалги йилга нисбатан 1,2 фоизга ўсиб, 8,025 млрд тоннани ташкил этган ва бу рекорд кўрсаткич.

Қуйида бир йилда энг кўп миқдорда кўмирдан фойдаланувчи 5 давлатни кўриш мумкин:

  • Хитой – 3, 942 млн тонна;
  • Ҳиндистон – 767 млн тонна;
  • Индонезия – 550 млн тонна;
  • Америка Қўшма Штатлари – 544 млн тонна;
  • Австралия – 544 млн тонна.

COP учрашувларида ҳар йили Ўзбекистондан ҳам вакиллар қатнашиб, турли мажбуриятлар олишади. Аксар вазифалар иссиқхона газлари чиқаришни имкон қадар камайтиришга қаратилган бўлади.

Кўмир газидан заҳарланиш

Кўмирнинг соғлиққа бир неча томонлама таъсири ҳақида гапиришдан олдин унинг ис газига айланиб, инсон ҳаётига хавф туғдиришига тўхталиш керак. Бу қандай бўлади?

Кўмир яхши ёнмай қолганда ундан ис гази — CO ажралиб чиқади. Агар қўлбола печларнинг оғзи яхши маҳкамланмаган ёки дудбуронлар қурумга тўлиб қолган бўлса, ис гази хонанинг ичига тарқаб, ўлимга ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ис газидан заҳарланиш статистикасига кўра, 2020 йилдан бошлаб 2022 йилнинг май ойигача Ўзбекистонда ис газидан 428 заҳарланиш ҳолати қайд этилган, уларнинг 366 нафари вафот этиб, яна 307 киши турли даражада заҳарланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, заҳарланишларга газ, кўмир, ўтин ва бошқа муқобил ёқилғи турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади.

Ҳозирча Ўзбекистонда мактаб, шифохона каби ижтимоий объектларни кўмир билан иситишда қандай усулдан фойлдаланиш бўйича аниқ маълумот берилмади. Агар мактабларда кўмир ёқиладиган печлардан фойдаланилса, бу –болаларнинг ис газидан заҳарланиш эҳтимолини пайдо қилади.

Кўмир ёқилганда чиқадиган заҳарли моддалар

Кўмирда ишлайдиган турли объектлар, фабрика ва корхоналардан турли хилдаги заҳарли моддалар ҳавога чиқиб, ҳам инсон, ҳам ҳайвонот дунёсига таъсир қилади. Хўш, кўмир ёқилганда қандай заҳарли моддалар пайдо бўлади?

Асосий ва энг хавфли моддалар олтингугурт ва азот оксиди ҳисобланади. Кўп миқдорда кўмир ёқилганда олтингугурт, азот оксиди ҳам йирик миқдорда ажралиб ҳавога кўтарилади. Улар ёмғирга қўшилиб сув ҳавзалари ва ўрмонларга ёғади, бу эса биохилмахилликнинг камайишига сабаб бўлади.

Шунингдек, атмосферага сулфат ва нитрат каби ўпкага зарарли бўлган майда заррачалар ҳам чиқади.

Бундан ташқари, кўмир ёқилганда ўзидан симоб ва CО2 ҳам ажрата бошлайди. Умуман юқорида саналган моддаларнинг йирик миқдори инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланади.

Қандай касалликларга сабаб бўлади?

Аввало, олтингугурт диоксиди астма қўзғаш хусусиятига эга, азот оксидлари эса ўпка функциясини ўзгартириб юборади, болаларда нафас йўли касалликларини кўпайтиради. Симоб эса марказий асаб системаси, ошқозоқ-ичак, буйрак фаолиятининг ишлашини бузади.

Шунингдек, ҳомиланинг яхши ривожланишини сустлаштиради. Булардан ташқари ҳам кўмирдан чиқадиган бир қанча зарарли заррачалар борки, уларнинг айримлари иммун тизимини кучсизлантирса, айримлари саратонга сабаб бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида

Ҳозиргача дунёда кўмирдан ажраладиган заҳарни тутиб қоладиган бирор филтр ускунаси ёки бошқа усул ўйлаб топилган эмас. Йил охиригача 5407та ижтимоий объект кўмирда иситишга ўтказилиши шундоқ ҳам ҳавас қиларли тоза ҳавоси бўлмаган ўзбекистонликлар учун яшашни яна ҳам қийинлаштириб қўяди.

Тошкент охирги вақтларда йилига бир неча марта дунёда энг ифлос ҳаволи шаҳарлар рейтингида биринчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ҳавоси ҳақида эса, аниқ таҳлиллар йўқ. Чунки  Тошкентда ўрнатилган ҳаво сифатини юқори аниқликда ўлчайдиган ускуна бошқа ҳудудларга ҳали етиб бормаган.

Яна бир нарсани эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистон 2018 йилда Иқлим бўйича Париж келишувини ратификация қилган. 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 35 фоизга камайтиришга ваъда берганди.

Кўмирга ўтиш эса иссиқхона газларини кўпайишига хизмат қилиши мумкин. Қишда совқотмасликнинг бир чораси сифатида кўмир танланаётгани вақтинча чора бўлган тақдирда ҳам табиат ва аҳоли соғлиғига таъсирини кўрсатмай қолмайди. Бутун дунё муқобил энергия йўлларини излаётган пайтда Ўзбекистоннинг кўмирга қайтиши экология учун орқага юриш бўлади холос.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист 

Манба: https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>