ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Фарғонада газ ва “свет”дан ноқонуний фойдаланиш ҳолати бўйича 9 та жиноят иши қўзғатилди»
  • 20.02.2023
  • 198

Фото: "Дарё" / Мадина Нурман

Фарғона вилоятида табиий газ ва электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолати бўйича 9 та жиноят иши қўзғатилди.

Хабарга кўра, вилоятда ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Маълумотларга қараганда, шаҳар ва туманларда 95 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг таркибига “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятидан масъул шахслар ҳам бириктирилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан табиий газ ва электр энергияси тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, бир кунда 106 та объектларда текширишлар ўтказилиб, 23 тасида ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Улар томонидан 746 миллион 518 минг 943 сўм моддий зарар етказилган.

 

Шунингдек, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш ҳолати юзасидан 3 та жиноят иши қўзғатилди. Жумладан, фуқаролар Ҳ.А., Ҳ.Б. ҳамда М.Х.лар Қўқон шаҳри “Қудуқлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги нотурар жойда оҳак ишлаб чиқарувчи цех ташкил этиб, ноқонуний табиий газдан фойдаланиб келиши сабабли 672,7 миллион сўм зарар етказишган. Мазкур шахсларга нисбатан Департаментнинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.

Бундан ташқари, Риштон тумани электр таъминоти корхонаси томонидан 2021-2022 йиллар давомида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергиясидан умумий қиймати 14,6 миллиард сўмлик нореал қарздорлик юзага келганлиги ҳамда дебиторлик қарздорлиги кескин ошганлиги сабабли корхонанинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали Марғилон шаҳар бўлими томонидан 2022 йил давомида 164 та улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газ истеъмолидан 1,6 миллиард сўм қарздорлиги бўла туриб, уларни тармоқдан узиш ёки қарздорликларини ундириш чоралари кўрилмаган. Бунинг оқибати 11,7 миллиард сўмлик табиий газ етказиб беришга йўл қўйилиб, дебиторлик қарздорлиги 13,3 миллиард сўмга ошган. Ҳозирда Марғилон шаҳар бўлими мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланиш бўйича 28 та маъмурий ишлар қўзғатилган бўлиб, тегишли чоралар кўрилмоқда. Рейд тадбирлари давомида ҳозирга қадар вилоятда 707 та объектлар текширилиб, шулардан 220 тасида ноқонуний ҳолатлар аниқланган. Улар томонидан 3 миллиард 586 миллион моддий зарар етказилган. Шунингдек, 9 та жиноят иши ҳамда 84 та маъмурий ишлар қўзғатилди.

Манба: https://daryo.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>