Бу йилги қиш Марказий Осиё мамлакатлари учун сўнгги ўн йилликлардаги энг совуқ қишлардан бирига айланиб, энергетика соҳасида тўпланиб қолган муаммоларни очиб ташлади. Эскирган инфратузилма тизимнинг жар ёқасига келиб қолганидан далолат бермоқда. Туб ислоҳотлар арзонга тушмайди ва экспертлар бу минтақа учун охирги аномал қиш эмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Кескин континентал иқлимга эга Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ҳароратнинг кескин ўзгаришига кўниккан бўлса-да, қишнинг қаттиқ аёзлари уларни ҳам шошириб қўйди. Бунга қишнинг бир неча йиллардан бери қисқароқ ва иссиқроқ ўтгани сабаб бўлди. Шу билан бирга, декабрь ва январь ойларида ҳаво 20-30 даражагача совуб кетди. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ярим аср давомида бундай совуқ об-ҳаво кузатилмаган эди. Туркманистоннинг айрим вилоятларида янги совуқ рекордлари қайд этилди.
Қозоғистонда иссиқлик электр станцияларида рўй берган авариялар туфайли минглаб аҳоли иссиқлик ва электр энергиясиз қолди. Музлама ва носозлиги туфайли ўнлаб автомобил йўллари ёпилди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида қувурлар музлаб, ёрилиб, минглаб одамлар иссиқлик ва сувсиз қолди.
Ишончли марказий иситиш иншооти бўлмаса, одамлар ўз уйларини арзон усуллар билан иситишлари керак. Бу кўпинча кўмир билан, лекин баъзан қуритилган гўнг ёки ҳатто маиший чиқиндилар билан ҳам амалга оширилади. Афсуски, қўлбола печлардан фойдаланиш натижасида из газидан заҳарланиш ҳолатлари кўп учраб туради.
Инфратузилманинг эскириши
Об-ҳаво ноқулайлигидан қатъи назар, Марказий Осиёнинг катта ҳудудидаги энергетика инқирозининг асосий сабаби - энергетика секторига тушаётган катта босимдир.
Минтақа аҳолиси жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда: сўнгги 30 йил ичида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда истиқомат қилувчилар сони 1,5 баравар кўпайиб, жами 77 миллион кишидан ошди. Шу билан бирга, бу мамлакатларнинг энергетика тузилмаси жуда секин ривожланади ёки умуман ривожланишдан тўхтаб қолган.
“Бу барча мамлакатлар учун оғир қиш бўлди, инвестициялар етишмаслиги туфайли юзага келган энергетика муаммоларини энди эътибордан четда қолдириб бўлмайди, оддий сўз билан айтганда, энергетика соҳаси Совет Иттифоқидан мерос қолган аравада шу кунгача зўрға етиб келди. Қозоғистондаги электростанциялар қурилганига 40 йилдан ошган. 30-35 йилда бир капитал реконструкция қилинишини инобатга олсак, яна ўн йилга чидаб бериши мумкин”, дейди Visor Kazakhstan сармоя компанияси ҳамкори, иқтисодчи Алмас Чукин.
Ҳудудлардаги аксарият электр станциялари ва иссиқлик электр станциялари капитал таъмирланмаган. Ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун инфратузилмани ўзгартириш керак. Чукиннинг ҳисоб-китобларига кўра, бу Қозоғистон учун тахминан 24 миллиард долларга тушади, бу эса ҳозирги шароитда мамлакат кўтара олмайдиган харажат ҳисобланади.
Қозоғистонда баҳорда коммунал хизматлар нархини кўтаришни режа қилган. Қирғизистонда эса энг қаттиқ совуқ пайтда расмийлар электр таъминотини ўчиришга мажбур бўлишди ва буни ҳукумат режалаштиргани очиқ-ойдин таъкидланди. Оммавий норозилик намойишлари натижасида ҳокимиятдан маҳрум бўлган президент Қурманбек Бакиев даврида электр энергиясини тез-тез ўчириш - энергияни тежаш чораси эди.
"Қозоғистон ва Қирғизистон расмийлари учун тарифларни ошириш масаласи ҳақиқий бошоғриқ", дейди Карнеги жамғармаси тадқиқотчиси Темур Умаров.
“Қозоғистон ва Қирғизистонда кўплаб сиёсий фаоллар ва фаол фуқаролик жамияти мавжуд, шунинг учун муаммолар норозилик намойишларига айланиб, 2022 йил январида Қозоғистонда бўлгани каби, ҳозирги сиёсий режим барқарорлигига таҳдид солиши мумкин,.
Муқобил манбалар
Қирғизистон ҳукумати ҳозирданоқ мамлакатдаги энг йирик Тўқтагул ГЭСини таъмирламоқда ва яна бир қанча ГЭСларни таъмирлаш ниятида. Таъмир кредитлар ҳисобидан амалга оширилиб, мамлакатнинг шусиз ҳам кўпайиб бораётган ташқи қарзлари ҳажмини янада оширади.
Ўзбекистон фаол равишда қуёш панеллари қуришни режалаштирмоқда ва 2030 йилгача электр энергиясининг 30 фоизини қайта тикланадиган манбалардан олишни режалаштирмоқда, Қозоғистон эса шамол станциялари қурилишига сармоя киритмоқда.
"Барқарор энергия манбаларига ўтиш энергия инқирозини юмшатишнинг ягона йўли", дейди Алмас Чукин. "Чунки шамол генераторларини қуриш ва қуёш панелларини ўрнатиш анъанавий энергетика инфратузилмасини қуришдан кўра тезроқ амалга оширилади. Аммо бундай саъй-ҳаракатларга қарамай, минтақа қаҳратон қишлардан қочиб қутула олмайди, чунки айни кундаги умумий ҳолат талабга жавоб мос келмайди", дея қўшимча қилди эксперт.
Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси билан биргаликда атом электр станцияларини қуриш ҳақида ўйлай бошлади. Аммо, экспертларнинг таъкидлашича, бу сейсмик фаоллиги юқори бўлган минтақа учун қиммат ва хавфли лойиҳалар бўлиб, бундан ташқари, давлатларни санкциялар остида бўлган Россияга қарам қилиб қўйиши мумкин.
Атом электр станцияларига техник хизмат кўрсатиш ҳам катта сув захирасини талаб қилади. Бу эса Марказий Осиёдаги энг қимматли ресурс ҳисобланиб, унинг тақсимланиши минтақада низо ва можароларни келтириб чиқариши мумкин. Энергетика инқирозининг яна бир билвосита сабаби сув захираларининг камайиши ҳисобланади.
Ишламайдиган тизим
Марказий Осиё мамлакатлари икки дарё - Амурдарё ва Сирдарё билан тўйинади. Совет даврида умумий инфратузилма туфайли республикалар бир-бирларини таъминлаганлар: ёзда сув омборларида сув тўплайдиган мамлакатлар (Қирғизистон ва Тожикистон) ГЭСда чиққан сув ва электр энергиясини қолган мамлакатлар (Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон) берадиган нефт ва газга алмаштирган.
Аммо Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин бу ҳам тизим ҳам пароканда бўлди. Ҳозир Тожикистонда ГЭСлар улуши барча ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 88 фоизини, Қирғизистонда эса қарийб 77 фоизини ташкил қилади. Демак, улар энди минтақанинг бошқа мамлакатларини барқарор ва бир хил ҳажмда сув билан таъминлай олмайдилар.
Нефт ва газ захираларига эга давлатлар эса ўз ресурсларини катта ҳажмда сотиб оладиган ва кўпроқ тўлашга тайёр бўлган Хитойга экспорт қилишни маъқул кўради.
Қаттиқ совуқ туфайли ҳар бир давлат ҳатто ўз аҳолисини иситиш учун етарли маблағга эга эмаслиги кўриниб қолди. Натижада Туркманистон январь ойида қўшни Ўзбекистонга газ етказиб беришни бир муддатга тўхтатиб турди, ҳамда ёқилғи экспортини бекор қилиб, барча захираларни ички эҳтиёжга йўналтирди.
Энергия инқирози аҳолини умидсизликка олиб келганига Ўзбекистоннинг Чирчиқ шаҳридан олинган видеоролик мисол бўла олади, унда бир аёл электр тармоқлари ходимининг бўғзига ошхона пичоғини тираб, электрни ёқишни талаб қилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев энергетика вазири ўринбосари ва яна бир қанча мутасаддиларни, шунингдек, аҳолиси ўчоқда овқат пиширишга мажбур бўлган Тошкент шаҳар ҳокимини ишдан бўшатди.
“Ҳокимият биринчи марта бу муаммолар олдида заиф эканини тўлиқ англаб етди”, дейди Карнеги жамғармаси эксперти Темур Умаров.
Энергетик инқирознинг пойтахтга ҳам етиб келгани муҳим рол ўйнайди. Темур Умаровнинг фикрича, "муаммоларни англаб етиш муҳим, чунки пойтахтликлар сиёсий ва бизнес элита билан яқинроқ алоқага ҳамда таъсир ўтказиш кучига эга”.
Манба: https://azon.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати