Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «2019 йилдан буён (ишсизман) электр тармоқлари корхонаси кадрлар бўлимига қатнайман. 2023 йилда 40–50 маротаба бордим. Бўш иш жойи йўқ, дея қайтаради...»
  • 17.02.2023
  • 294

Мурожаат эгаси: Эшанқулов Жавлонбек Абдуллаевич, Самарқанд вилояти.

Электрон почта: javlon.eshankulov.91@mail.ru

Мурожаат мазмуни: Ассалому алайкум! Мен Эшанқулов Жавлонбек, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманиданман. 2013–2017 йилларда Жиззах политехника институтида ўқидим. Мутахассислигим — электр энергетик. 2018 йилда МИБда электр ва газ бўйича инспектор бўлиб ишладим. 2019 йилдан буён ишсизман. Шундан буён “Самарқанд электр тармоқлари корхонаси” АЖ кадрлар бўлимига қатнайман. 2023 йилнинг шу давригача 40–50 маротаба бордим. Бўш иш жойи йўқ, дея қайтаради. Ваҳоланки, “Булунғур туман электр тармоқлари” корхонасида 6–7 ой “стажировка”да юрдим. Бўш иш ўрни бор. Мурожатимни ижобий ҳал қилишингизни сўрайман, илтимос.

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Жавлонбек Абдуллаевич! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган мурожаатингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, сизга шуни маълум қиламизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг  электрон почталари орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти. Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта: kadr_nes@uzbekistonmet.uz;  info@uzbekistonmet.uz.

Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармасидан мурожаат: Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади.

Суҳбат Комиссия томонидан ўтказилади ва унинг очиқлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида суҳбат жараёни фото-видео ёзувга ёзиб олиниб, тафсилотлари расмий медиаресурсларда эълон қилинади. Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

Батафсил маълумотлар қуйидаги эълон таркибида ёзилган:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида мавжуд бўш иш ўринларига ишга кирмоқчи бўлган фуқароларга тавсиялар

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/3441

Ахборот хизматидан тавсия: Ҳурматли фуқаро Адҳамбек Алишер ўғли, мурожаатни тўлиқ ва адабий тил қоидаларига мувофиқ, имло хатоларсиз ёзишингиз — сизнинг қандай билим-салоҳиятга эга мутахассис эканлигининг биринчи омили бўлиб хизмат қилишини унутманг.

Бундан ташқари, мурожаат қилишдан олдин «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари алоҳида  хўжалик юритувчи ташкилотлар экани, “Самарқанд электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамда Булунғур туман электр тармоқлари” корхонаси «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфида эмаслигини эътиборга олиб, мурожаатни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига юборишингиз мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Акциядорлик  жамият uzbekistonmet.uz расмий веб-сайтининг «Бўш иш ўринлари» рукнида барча зарур маълумотлар мавжуд. Ҳар бир бўш иш ўрнига номзодлар суҳбат орқали, номзодларга қўйилган талабларга мос келишига ҳамда Комиссия суҳбатидан мувафаққиятли ўтишига қараб ишга таклиф этилади.

Унутманг, ишга киришни истаган ҳар бир номзоднинг билим-савияси ўрганилади ва бу — ходимнинг салоҳияти (кўрсаткичлари) меҳнат самарадорлигини белгиловчи биринчи омил сифатида эътироф этилади.

Қўшимча маълумот: Акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти, бош саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>