ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Президент қарори ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш кафолати (+видео)
  • 17.02.2023
  • 314

Бугунги кунда табиий газ ва электр энергиясига бўлган талаб кундан кунга ошиб бормоқда. Энергоресурсларга талабнинг ошиб бориши мавжуд муаммоларни тезкор ечиш масаласини ҳам кун тартибига долзарб вазифа сифатида қўймоқда. Энергия таъминотининг барқарор фаолияти, унда тегишли тартибда назорат юритиш, албатта, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалалари билан чамбарчас боғлиқ ва мавжуд муаммолар ечимидаги муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Ушбу мавзуга оид саволлар билан биз “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Уруновга юзландик.

– Ушбу ташкилотнинг матбуот котиби сифатида туркум мақолаларингиз билан оммавий ахборот воситаларида фаол қатнашасиз. Ҳам ижодкор, ҳам журналист сифатида энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалаларида ўз фикрларингизни баён қилиб келасиз. Бугунги кунда энергия самарадорлиги ва тежамкорлигининг муҳим омиллари нималарга боғлиқ?

– Дарҳақиқат, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги, юқорида таъкидланганидек, энергия ресурслар таъминотининг барқарор фаолияти, унда тегишли тартибда назорат юритишда муҳим аҳамиятга эга масалалардан бири. Айниқса, 2022/2023 йил куз-қуш мавсумидаги электр таъминотидаги узилишлар, тизим барқарорлигини сақлаш учун зарур чора сифатида чекловлар киритилиши, генерация жараёнида ёқилғи танқислиги, газ қувурларида босимнинг кескин тушиб кетиши ва бошқа юзлаб таъсир омиллари натижасида юзага келган носозликлар бу мавзунинг долзарблигини янада оширди.

Дейлик, энергия ресурслари таъминоти катта соҳа бўлса, бу масалани унинг кичик тармоғи, аммо муҳим омили сифатида кўришимиз керак. Шу сабабли, халқимизнинг истеъмол маданиятини оширишда энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масаласига кўпроқ тўхталиб, жамоатчилик эътиборини тортишимиз – ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 февраль куни қабул қилинган “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугуннинг янада долзарб масаласига эътибор қаратди. Шу ўринда мазкур қарор мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифалар нималардан иборат?

– Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори айни пайтда жуда долзарб бўлган масалаларни қамраб олган. Қарор мазмунида юзага келган муаммоларнинг ечими сифатида муҳим топшириқлар берилган. Соҳада давлат назорати самарадорлигини ошириш ҳам бевосита энергия тежамкорлиги масалаларини ўз ичига қамраб олади.

Шу пайтга қадар Энергетика вазирлиги тизимида икки йўналишда инспекция, аниқроғи “Ўзэнергоинспекция” ҳамда “Ўзнефтгазинспекция” назорат ташкилотлари фаолият юритар эди. Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги фармони билан бу икки инспекция бирлаштирилиб, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Ўзэнергоинспекция”) ташкил этилди. Янги ташкил этилган назорат инспекциясининг давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгиланди.

“Ўзэнергоинспекция”га қандай устувор вазифалар белгиланган, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, бу ташкилот юридик ва жисмоний шахслар томонидан ёқилғи-энергия ресурсларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, узатиш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширади. Шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ёқилғи-энергия ресурсларини талон-тарож қилиш ва ноқонуний истеъмол қилишнинг бошқа ҳолатларини, шунингдек, уларни содир этишга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашни бартараф этади ва олдини олади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ҳамда энергия самарадор ва энергия тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, энергия ресурсларини истеъмол қилиш самарадорлигининг мониторингини олиб боради. Ўз навбатида, ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергия самарадорлигини баҳолаш каби бир қатор вазифалар ҳам ушбу ташкилот зиммасига юклатилди.

“Ўзэнергоинспекция” Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари ўрнатилишини назорат қилади ва белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

Мазкур қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими жорий этилди. Бош прокурор ўринбосари “Ўзэнергоинспекция” зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажаришга амалий ёрдам кўрсатади. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолиятини мувофиқлаштиради.

Том маънода айтиш мумкинки, ушбу қарор ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини оширишда янада жиддий қадам бўлди, деб ўйлайман.

– Маълумки, энергетика соҳада ўсиб бораётган эҳтиёжни қоплаш мақсадида “яшил энергетика”ни ривожлантиришга ҳам катта қадамлар қўйилди. Хусусан, йирик қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу каби лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш самарадорликка эришишда қандай аҳамият касб этади?

– Жуда ўринли савол. “Яшил энергия” манбалари салмоғини оширишга доир йирик лойиҳаларнинг тамал тоши 2016-2017 йиллар қўйилган. Халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда ўнлаб лойиҳалар бўйича хориж компаниялари ва халқаро молия институтлари билан ўзаро келишув битимлари имзоланган. Сўнгги йиллар кесимида амалга ошириш бўйича инвестицион дастурлар ишлаб чиқилган. Жумладан, Тараққиёт стратегияси, яъни давлат дастурларида ҳам бу лойиҳалар иқтисодиётнинг муҳим омили сифатида акс эттирилганини кўришимиз мумкин. Аниқ фактларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги тўрт йилда умумий қуввати 2897 мегаваттга эга бўлган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича халқаро компаниялар билан ҳамкорликда 10 та битим имзоланган. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун давлатимиз раҳбарининг 10 та қарори имзоланиб, ижрога йўналтирилган. Бу лойиҳалар умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларни ташкил этиб, уларнинг барчаси хорижий компаниялар томонидан тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига амалга оширилади.

Мисол учун, 2021 йилда Навоий вилоятининг Кармана тумани ва Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди. Ҳозир улар ўз фаолиятини олиб бориб, электр энергияси умум тизимига ўз маҳсулотини сотиб, “яшил энергия” манбасидан истеъмолчилар фойдаланиб келишмоқда.

Худди шундай лойиҳалар 2023-2024 йилларга мўлжалланган бўлиб, умумий қуввати 1197 мегаваттга эга бўлган 5 лойиҳа икки йил давомида амалга оширилади. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Навоий вилоятининг Нурота туманида қуёш ва шамол электр станциялари фойдаланишга топширилади.

2024-2025 йиларда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманлари ҳамда Навоий вилоятининг Томди туманида ҳар бирининг қуввати 500 мегаватт бўлган 3 йирик шамол электр станцияси қурилади ва фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 2026 ва 2030 йилга мўлжалланган йирик лойиҳалар ҳам бор. Улар бевосита “яшил энергетика” салмоғини оширишга хизмат қилади.

 

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, айни пайтда Ўзбекистон Республикасида анъанавий ва муқобил турдаги электр энергиясини ишлаб чиқариш нисбатида – қайта тикланувчи энергия манбаларининг салмоғи нисбатан жуда кам. Илгари 10-12 фоиз бўлган гидроиншоотлар салмоғи охирги 5-10 йилда минтақада кузатилган сув танқислиги туфайли 7-8 фоизга тушиб қолган эди. 2023 йилда гидроиншоотлар салмоғи кескин ошиши кутилади, ҳам сув ресурслари кўпайгани, ҳам янги лойиҳалар ишга тушиши ҳисобига. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик асосида 2-3 та лойиҳалар амалга оширилган. Асосан табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларини ёқиш эвазига электр энергияси ишлаб чиқарилади. Юқорида санаб ўтилган “яшил энергия” манбалари фойдаланишга топширилиши билан 2026 йилгача уларнинг умумий салмоғи 30 фоизгача кўтарилиши назарда тутилган. 2030 йилгача қарийб қайта тикланувчи энергия манбаларининг салмоғини 50 фоизга етказиш бўйича Президентимиз томонидан тегишли топшириқлар берилган. Бу борада катта кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Президентимиз ташаббуслари билан кичик фотоэлектр станциялари ва шамол генераторларини қўйиш бўйича юридик ва жисмоний шахсларга тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Давлат ташкилотлари, корхоналар ва хусусий компаниялари ўзининг биноси томида 5-10 киловатт қувватли фотоэлектр станцияларини ўрнатиб бормоқда.

Жумладан, мен фаолият олиб бораётган “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 28 объектга 500 киловаттли фотоэлектр станцияларни қуриш бўйича тегишли ташкилотлар билан шартномалар имзоланган. Ҳозиргача 7 та бинога айнан шундай қуёш қурилмалари ўрнатилди ва бу жараёнлар давом эттирилмоқда. Бу эса, бизга хўжалик ишлари учун сарфланадиган электр энергиясининг қарийб 30-40 фоизини “яшил манба”лардан фойдаланиш имконини яратади. Айтиш мумкинки, бу ишлар табиий газни иқтисод қилиш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга кенг йўл очади.

– Одатда, истеъмолчи энергоресурслар учун пулини олдиндан тўлаб қўяди ва ундан бемалол фойдаланади.  Бу унинг ҳуқуқи. Айни пайтда истеъмолчилар бундай ҳуқуқдан тўла-тўкис фойдаланишмоқда, дея айтолмаймиз. Айтинг-чи, истеъмолчиларнинг ҳуқуқидан ташқари яна қандай мажбуриятлари бор? Бу мажбуриятлар бажарилиши унинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига боғлиқми?

– Жуда тўғри ва ўринли савол. Саволингиз таркибида мантиқли жавоби ҳам бор. Истеъмолчининг қатор ҳуқуқларидан ташқари ўзига яраша мажбуриятлари ҳам бор, мажбуриятлари – қайсики, унинг ҳуқуқлари поймол бўлмаслиги учун хизмат қиладиган. Албатта, электр энергияси учун олдиндан пул тўлаб қўйиш – уни самарасиз, нокерак ҳолатларда ҳам ишлатиш мумкин, дегани эмас.

Айнан ноқонуний уланмаларга йўл қўймаслик, ҳисоблагичларга ташқи таъсир кўрсатмаслик ҳам уларнинг мажбуриятларидан бири. Шунинг учун юридик ва жисмоний шахслар билан таъминотчи корхоналар (“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудгазтаъминот”АЖ) ўртасида имзоланган шартномаларда истеъмолчиларнинг бир қатор ҳуқуқлари санаб ўтилиши баробарида унга маълум мажбуриятлар ҳам юклатилган бўлади. Шулардан бири энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига риоя қилиш мажбуриятидир. Бу мажбурият, ўз ўрнида, бошқа истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш учун хизмат қилади. Давлат субсидияси эвазига нархи ривожланаётган иқтисодиётга мўлжаллаб мўътадиллаштирилган энергоресурслардан истеъмолчи оқилона фойдаланиши шарт. Энергия самарадорлиги паст ва жуда катта миқдордаги қувват талаб этувчи электр қурилмаларидан фойдаланмаслиги керак. Худди шундай табиий газ таъминотида ҳам самарадор газ ускуна ва жиҳозларидан фойдаланиб, истеъмолчилар халқнинг умум мулки ҳисобланган энергоресурсларни тежашга масъулдир. Аммо тежаш – асло фойдаланилаётган энергоресурсни тармоқдан узиш эмас, фойдаланилмай турган пайтда тармоқдан узиш ва ундан оқилона фойдаланишдир.

Биз яқинда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги журналистлари билан тонгги ўрганишларни олиб бордик. Мен илгари ёзган “Тонгни ёритган чироқлар” туркум ўрганишларининг давоми сифатида. Энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масаласи оғриқ нуқталаримиздан бири. Чунки бундай ҳолатларни Марказий Осиё давлатларида, айниқса, собиқ иттифоқ республикаларида нисбатан кўпроқ кузатиш мумкин. Ривожланган хорижий давлатларда бу масалага жуда қаттиқ эътибор берилади ва истеъмолчи маданиятининг юксак кўриниши намоён бўлган. Уларда энергоресурслар ҳеч қачон беҳуда ишлатилмайди. Бу электр энергияси, иссиқлик ёки ичимлик суви манбаи бўлсин, улардан оқилона фойдаланиш яхши одатга айланган ва бу жамият ойнаси, оиладаги тарбиянинг бир бўлагига айланиб улгурган.

 

Самарадорликнинг ечими сифатида тонгги ўрганишларда савдо дўконларига бориб, ҳаракатни ва ёруғликни илғовчи чироқларни ишлатиш ва уларнинг унчалик қиммат эмаслиги ҳақида истеъмолчиларга маълумот беришни мақсад қилган эдик. Ҳатто савдо дўконларига кириб, кичик тадбиркорлардан бу чироқлар энергия тежамкорлигига эришишда энг зарур восита эканини билдик. Улар юридик ва жисмоний шахслар учун ҳам бирдай қулайлигига амин бўлдик. Яъни, давлат ташкилотлари ва идораларга ушбу ҳаракат ва ёруғликни сезувчи чироқларни ўрнатиб чиқилса, жуда катта энергия самарадорлиги ва тежамкорлигига эришилиб, таъминотда носозликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Худди шундай сув насосларини замонавий кам қувват талаб қиладиганлари билан эски, советлар даврида ишлаб чиқарилганлари билан қиёсладик. Фарқ  – осмон ва ер қадар. Самара ва тежаш масаласи ҳам.

Бир мисол келтирай, офисларда тушлик пайтида ёки бирон иш билан кўчага чиқилганда ҳам компьютер ёки электр қурилмаларини ўчиришга одатланмаганмиз. Манбадан бесамар фойдаланиб, электр энергиясини, бошқа энергоресурсларни ҳам беҳуда ишлатамиз. Албатта, бу барчамизнинг катта қусуримиз. Истеъмолчининг ўзи эмас, ишхонанинг умумий ҳисобидан тўланганидан кейин, албатта, энергия тежамкорлигига бефарқ бўлишади. Идоралар, ташкилотлар ва саноат корхоналарида ҳам ҳаракатни илғовчи мосламалар ўрнатилса, энергия самарадорлигига ҳам, тежамкорликка ҳам эришилган бўлар эди.

Мухтасар айтганда, куни кеча қабул қилинган Президентимизнинг “Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ушбу манбалардан оқилона фойдаланиш ва унинг назоратини янада кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгиланар экан, демак, ҳар бир шу юрт фуқароси ушбу миллий манбани самарали ва тежаб ишлатиш масъулиятини ҳис қилиш зарур, деб ҳисоблайман.

ЎзА мухбири 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди

Дониёр Ёқубов видеоси

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>