26 январ куни Оҳангарон ва Паркент туманларидаги маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги маълум қилди,
Чиқинди газини қайта ишлаш орқали 16 МВт.гача электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа қиймати 55 млн доллар бўлиб, у Кореянинг Sejin G&E компанияси тўғридан тўғри инвестиция маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Фото: Табиат ресурслари вазирлиги
Бу – йирик маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқарадиган Марказий Осиё минтақасидаги ягона станция бўлади.
Kun.uz 2023 йилнинг январида тамал доши қўйилган мажмуани қуриш бўйича келишувга 2018 йилда эришилганига эътибор қаратди. Маълум бўлишича, бу лойиҳа ҳукуматнинг 2018 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган.
2018 йил 14 сентябрда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва “Sejin G&E Co., Ltd” компанияси ўртасида тузилган инвестиция шартномасига кўра, инвестор томонидан Тошкент вилоятида хорижий корхона ташкил этилиши, 2018–2020 йиллар мобайнида 55 млн доллар миқдорида тўғридан тўғри инвестиция жалб этилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида Оҳангарон туманидаги “Оҳангарон” ва Паркент туманидаги “Майдонтол” маиший чиқиндилар полигонида ҳосил бўладиган чиқинди газидан (метандан) электр энергияси ишлаб чиқариш учун 12 та янги замонавий генератор ва ёрдамчи ускуналар ўрнатилиши белгиланганди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, хорижий корхона юридик шахсларнинг фойдасидан олинадиган солиқ, мулк солиғи, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва ободонлаштириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ягона солиқ тўлашдан, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиниши белгиланган.
2018 йилда бошланган ҳаракатлар нима учун 4 йилдан кўпроққа чўзилгани маълум эмас. Изланишларимиз лойиҳа бўйича музокаралар 2020, 2021 ҳамда 2022 йилларда ҳам давом этганини кўрсатди.
Маълум бўлишича, 2021 йилдаги учрашувда Корея Экологик саноат ва технологиялар институти томонидан Жиззах вилоятида иккита халқаро санитар нормаларга жавоб берадиган чиқинди полигонини қуриш, чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича истиқболли лойиҳалар тўғрисида фикр алмашилган. Бу лойиҳа қайси босқичда экани ҳақида очиқ манбаларда маълумот йўқ.
Манба: https://kun.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati